
Марғилонда аския мактаби очилади, деган хушхабар санъатсеварлар орасида тез тарқалди. Воқеа бундай бўлган эди: пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида нишонланган Наврўз тантаналарида Президент Шавкат Мирзиёев вилоятлар ва миллий маданият марказларининг кўргазмалари билан танишув чоғида фарғоналиклар билан ҳам суҳбатлашди. Санъаткорлар давлат раҳбарига вилоятда мақом мактаби ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Марғилонда аския мактабини очиш таклифини ўртага ташладилар. Ташаббус олий даражада қўллаб-қувватланди.
Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Хоразм лазгиси” Инсоният номоддий манадий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинаси, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисолдир.
Хусусан, 2014 йил 27 ноябрь куни ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилган Номоддий маданий мерос қўмитасининг 9-сессиясида халқимизнинг аския санъати ҳам репрезентатив рўйхатга киритилгани тарихий воқеа бўлди.
“Аския” асли арабча бўлиб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ёзилганидек, “зийрак, ақлли, зеҳнли, қобилиятли” маъноларини ифодаловчи закий («زڪ») сўзининг кўплик шакли азкиё («ازڪڍا»)дан келиб чиққан. Даврлар ўтиши билан фонетик жиҳатдан ўзгариб, ҳозирги кўринишга кирган. Асл маъносини (зийраклар, закийлар) мумтоз адабиётимизда сақлаган ҳолда, бугунги ўзбек тилида халқ оғзаки ижоди жанри номи сифатида қўлланмоқда.
Аския жуда катта ҳаётий тажриба, билим ва ижодкорликни, фаросат, алқ-идрок, зийраклик билан фаҳмлаш, саволларга ўринли, муносиб жавоб беришни талаб қиладиган сўзамоллик беллашувидир. Аскиячилик санъатида сўзга чечан, ҳозиржавоб, ҳазил-мутойибага мойил, заковатли, топқир, бадиҳагўй кишилар бир-бирига «рақиб» сифатида қарама-қарши туриб сўз ўйини қиладилар.
Кундалик ҳаётда, ўтиришларда, тўй-томошаларда, турли сайл ва байрамларда асрлар давомида ижро этиб келинаётган аския сўз санъати ўзбек халқининг миллий жиҳатларини, хусусан, ўзбек тилининг ўзига хослигини намоён этади. Одамларимиз азалдан закий, нозикфаҳм ва ҳозиржавоб бўлгани боис аския бизда алоҳида жанр сифатида равожланиб, санъат даражасига кўтарилган. Кулги қўзғатувчи сўз ва қочиримлар, ҳозиржавоблик ва закийликни намоён этувчи сўз ўйинлари, ҳазил-мутойибалар, аския ва пайровлар юз йиллар мобайнида ҳаётий тажрибалар негизида яратилган.
Аския ва пайровлар инсон тафаккурининг ҳозиржавоблиги, зеҳни ўткирлиги, ақл-идрок ва донолигини билдиради, унинг негизида сўз ўйинлари, қочириқлар, чандишлар, киноялар, муболағалар ётади. Аския фикрлаш мусобақасидан иборат сўз санъати ҳамдир. Шу маънода ёшларимизни сўзга чечан, закий ва нозикфаҳм қилиб тарбиялашда катта рол ўйнайди.
Сўзамоллик ва қочириқларга мойиллик ўзбек халқига хосдир. Бу ҳақда Л.Бать “Унутилмас учрашувлар” китобида шундай ёзади: “Ўзбек поэзияси ҳикматли маъноларга бойлиги, яширин фикр сеҳри билан ажралиб туради. Сўзамоллик ўзбекларга хос хусусиятлардан биридир”. Турли халқ вакиллари ўзбек аскиябозларининг санъатига, бу жанрнинг бетакрор ифода шакли, экспромт, ижрочилик хусусияти ва бошқа антиқа жиҳатларига лол қолганликлари ҳақида маълумотлар мавжуд.
Ўрта Осиё халқлари ҳаётининг тадқиқотчиси Н.С.Ликошин “Туркистонда ярим умр” (“Пол жизни в Туркистане”) китобида: “Ўзбек халқ санъати ва ўйинлари орасида аския энг фикрга бой, кишилар ҳиссиётига ва онгига таъсир этувчи энг таъсирчан восита, кишини ҳайратда қолдирадиган оригинал баҳс (диспут)дир”, деб баҳолайди. Ўзбек санъати тадқиқотчиларидан бири, йирик олим А.Л.Троицкая аския бўлаётган вақтда тингловчиларнинг йиқилгунга қадар кулишганини кузатиб, бу санъатнинг таъсир кучига лол қолгани ҳақида ёзади.
Ҳар бир халқда ҳазил-мутойиба, айтишув, аския мавжудлигини инкор этмаслигимиз лозим. Масалан, қозоқ ва қирғиз халқларида “айтис” жанри, Европа халқларидаги интермедиялар ҳозиржавоблик билан ижро этилади. Баъзан латифаларда аскияга ўхшаш вазиятлар ҳам учрайди. Аммо аския бошқа халқларда муайян хусусиятларга эга алоҳида жанр сифатида йўқ. В.Г.Белинский тўғри таъкидлаганидек: “Халқнинг фикрлаш ва ҳис этиш тарзида ҳам миллий хусусият намоён бўлиши керак”. Ўзбек аскияси бошқа халқларнинг оддий ҳазил-мутойибасидан фарқ қиладиган муҳим жиҳати шундаки, миллий жанр сифатида санъат даражасига кўтарилган ҳамда халқаро миқёсда тан олинган.
Аския алоҳида жанр сифатида XV асрдан шаклланган. Тарихчи олим Б.Аҳмедовнинг айтишича, аския Амир Темур даврида анча ривожланган. Соҳибқироннинг ўзи ҳам яхшигина аскиячи бўлгани ҳақида маълумотлар бор. “Балиқ ови”дан аския қилишни яхши кўраркан. Боязид ҳам чиройли киноя қилган экан: «Дунё бир кўр билан бир чўлоққа қолганини қара», деб.
Алишер Навоий яшаган даврда адабиёт ва санъат ниҳоятда ривожланди. Шоир Зайниддин Маҳмуд Восифий ёзишича, Ҳиротда бадиий сўз усталари – Ҳофизи Босир, Ҳофизи Мир, Ҳофизи Ҳасан Али, Ҳофизи Султон Маҳмуд биши, Шод Муҳаммад каби ажойиб кишилар яшаган. Ҳиротнинг машҳур аскиячиларидан Мирсарбар Рахно, Бурҳони гунг, Ҳасан Воиз, Сайид Ғиёсиддин Шарфи, Халил Саҳҳоб, Муҳаммад Бадахшилар ўткир сўз санъаткорлари бўлиб танилган. Навоий замондоши Муҳаммад Бадахшини “аскиянинг пири” деб атаган.
“Аския” атамаси тахминан XVII асрдан бошлаб истеъмолга кирган. Ундан олдин “айтиш” ва “зарофат” атамалари қўлланган. Зарафшон, Қашқадарё ва Сурхон водийсида суханпардозларнинг тортишувлари ҳам “аксия” деб юритилади.
XVIII–XIX асрларда аскиячилик, айниқса, Фарғона водийси (айниқса, Қўқон ва Марғилон) ва Тошкентда ривожланган. Бачқир қишлоғи (Фарғона водийси)да деҳқон юзбоши Шерназаров (1860–1942) ва Зангиота қишлоғи (Тошкент)да Саидаҳмад аскиячи (1880–1940) каби машҳурлар ўтган. Уларнинг аньаналарини XX асрнинг 40-йилларидан кейин Эрка қори Каримов, Мамаюсуф Тиллабоев, Юсуфжон Қизиқ Шакаржонов, Расул қори Мамадалиев, Ака Буҳор Зокиров ва бошқалар давом эттирдилар. 1950-йиллардан аския кoнцерт дастурларига ҳам киритилди. Лутфихоним Саримсоқова, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Ғанижон Тошматов, Гавҳар Раҳимова, Сойиб Хўжаев каби санъаткорлар аскияни театр саҳнасига олиб чиқиб, томошобинларга манзур қилганлар.
Сўз усталари Ҳожи Сиддиқ Исломов, Турсун бува Аминов (Ижроқўм бува), Сулаймон қори, Охунжон Қизиқ, Усмон қори, Жўрахон Султонов, Ғанижон Тошматов, ака-ука Мадаминжон ва Зайнобиддин Юсуповлар, Мамарозиқ Исҳоқов, Раҳматқул ва Абдуллажон Яшаровлар, Абдулҳай Махсум Қозоқов, Мамажон Мадаминов, Ғуломжон Рўзибоев, Абулқосим Тўйчиев, Ҳасанбой Султонов, Жўрахон Пўлатов, Неъматжон Тошматов, Мамасидиқ Шераев, Ҳотамжон Тешабоев, Эркинжон Саидаҳмедов, Абдусамад Юсупов, Мансуржон Охунов, Баҳодиржон Шокиров, Олимжон Усмонов, Қаҳрамон Абдувалиев, Абдураҳмон Қулматов, Жумабой Ҳуралиев, Ғофиржон Мирзаев, Ҳотамжон Ҳакимжонов, Мамасидиқ Алихонов, Қаҳрамон Абдувоҳидов, Тошкентда ака-ука Шожалиловлар аския ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Аския санъатини ўрганишга қизиқиш 1960-йилдан эътиборан бошланди. Шунгача Шариф Ризонинг 1940 йили “Гулистон” журналининг 4-сонида босилган “Халқ санъаткорлари” мақоласи билан А.Л.Троискаянинг “Ўзбекистон халқ театри” қўлёзмасида аскияга бағишланган бир бўлимча ҳамда ўзбек сатираси муаммоларига бағишланган айрим мақолалар бор эди, холос.
1962–1965 йиллари Фарғона водийси анъанавий театрини ўрганиш бўйича уюштирилган экспедициялар даврида олимлар қаторида Ўзбекистонда хизмат кўсатган фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори Муҳсин Қодиров ҳам аскияни тадқиқ этиш ва ёзиб олишга эътибор берди. Мавзуни биринчи бўлиб атрофлича ўрганган олим эса Расул Муҳаммадиев ҳисобланади. Домла ўзи ҳам яхшигина аскиячи бўлган. Унинг сайъ-ҳаракати билан Тошкент давлат университети уч бор аския экспедициясини ташкил этади, кўп марта аскиячилар бир жойга йиғилади, янгидан-янги пайровлар ёзиб олинади, суҳбатлар ўтказилади. Изланишлар натижаси Р.Муҳаммадиевнинг 1962 йили босилган “Аския” номли илмий ишида ва 1970 йили чоп этилган “Аския” тўпламида умумлаштирилади. Булардан ташқари ‘‘Аския’’ ҳужжатли фильми (реж.: М.Қаюмов) ҳам яратилди.
Бугунги кунда Марғилонда Мамасидиқ Шераев етакчилигида, Қўқонда Акромжон Анваров бошчилигида, Хонободда Муҳиддин Султонов, Норинда Ғофуржон Мирзаев раҳбарлигида аскиячилик мактаблари фаолият юритмоқда. Шулардан Неъматжон Тошматов “Шуҳрат” медали, Абдулҳай Махсум Қозоқов, Ғуломжон Рўзибоев, Ҳотамжон Ҳакимжоновлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ҳасанбой Султонов, Рустам Ҳамроқулов, Жўрахон Пўлатов, Мамасидиқ Шераевлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.
Аскияни ўрганишга қизиқиш натижаси ўлароқ Р.Муҳаммадиевнинг “Аския” тўплами (1970), М.Қодировнинг “Ўзбек халқ томоша санъати” (1981), “Томоша санъати ўтмишидан лавҳалар” (1993), “Ўзбек анъанавий театри” (2010) китоблари, “Кулги усталари” ўқув қўлланмаси (2008), Ҳасанбой Султоновнинг “Аския” (1998), Саид Анварнинг “Абдулла қизиқ нима дейди?” (2006), Убайдулла Абдулла ва Искандар Раҳмоннинг “Кулганлар дармонда, кулмаганлар армонда” (2007), мазкур мақола муаллифининг “Аския матнининг лингвостилистикаси” монографияси (2015), “Аския – сўз ўйинлари санъати” (2021), С.Манноповнинг “Аския ва қизиқчилик санъати” (2020) сингари китоблари нашрдан чиқди. Аския сўз санъатини илмий жаҳатдан ўрганишга қаратилган махсус тадқиқотлар амалга оширилди. Камина томонидан номзодлик ва докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди.
Фарғона санъат мактаби аскиячилик йўналишида ўқувчилар ушбу жанр сир-асрорларини ўрганмоқда. Республикамиздаги олий ўқув юртлари филология йўналиши талабалари томонидан махсус диалектологик амалиёт олиб борилмоқда. “Рухсор” телевидениеси орқали “Устозлар бисотидан”, “Кулги” каби бир неча рукнлар остида аския лавҳалари мунтазам равишда эфирга узатилмоқда. Айниқса, ҳар йили мунтазам равишда Аскиячи ва қизиқчилар республика танлови ўтказилаётгани, боғларда Аския сайллари ташкил қилинаётгани, миллий байрамларимизда аскиячилар чиқишларига кенг ўрин берилаётгани минглаб тингловчиларга яхши кайфият бағишлаб келмоқда.
Аския санъатини янада оммалаштириш бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида ташаббус кўрсатгани, Марғилонда аския мактаби бунёд этиш бўйича топшириқ бергани муҳим воқеа бўлди. Бу каби сайъ-ҳаракатлар ўзбек аскиячилик санъатининг халқаро миқёсда янада ёйилишига, ёшларни нозикфаҳм, сўзга чечан ва закий этиб камол топтиришга хизмат қилади.
Ҳикматулло ДЎСМАТОВ,
Фарғона давлат университети доценти,
филология фанлари доктори
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ