
Кўпчиликни тасвирий санъат асарларининг нархи нега ўта юқори бўлади, деган савол ўйлантиради. Баъзи одамлар суратларнинг нархи қиммат бўлишини муаллифи билан боғласа, бошқалар уларда тасвирланган воқелик, ҳолат, ғоясининг оригиналлиги даражаси билан изоҳлайди. Албатта, бу фикрларда ҳам жон бор, аммо, асарларнинг қиймати ошиб бораётганига айнан битта омилни сабаб деб олиб бўлмайди. Қуйида бунинг бир нечта факторларини келтириб ўтамиз:
Ижтимоий мавқе белгиси. Ўрта асрлардан бери рассомларнинг асарлари оқсуяклар, черков ва қироллик сулолаларига яқин бўлганлар томонидан зодагонлик мақомини тасдиқлаш учун сотиб олинган ва улар картина эгасининг молиявий аҳволи ҳақида дарак берадиган объектларга айланган. Бу анъана ҳозирги ҳаётимизда ҳам ўзгаргани йўқ. Санъат ҳамон ҳамма ҳам қабул қилолмайдиган, етиша олмайдиган ҳашамат белгиси ҳисобланади. Бугун санъат асари дунё миллиардерларининг обрўсини, нуфузини оширувчи восита ҳисобланади. Коллекциянгизда Жексон Паллок ёки Марк Ротконинг асари туриши сизнинг ижтимоий ўрнингиз, масс-медиадаги обрў ва нуфузингизни белгилаб беради.
Сиёсий-мафкуравий фактор. ХХ аср бошларида ташкил этилган санъат галереяларида энг қиммат асарлар уйғониш даврининг классик асарлари эди. Лекин авангард йўналишлар, «изм»лар пайдо бўлгач, либерал-демократлар олдинги консерватив-тарихий руҳда ишланган асарларга қарши чиққан ҳолда, тафаккурларига яқин бўлган замонавий асарларни сотиб олиб, рассомларни қўллаб-қувватлай бошлади. Шу боисдан ҳам айнан ХХ аср бошларидан тасвирий санъатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги тутган ўрни, санъат асарларининг қиймати ошиб боради.
Келажакда дивиденд(фойда) олиш имконияти. Санъат асарларининг нархи (агар асарга жиддий зарар етмаган бўлса) ҳеч қачон пасаймайди, аксинча йиллар ўтган сари ўсишда давом этади. Мисол учун, дунё санъат бозорларида машҳур рассомларнинг асари сотиб олинса, кейинги йил унинг баҳосига 20 фоиз нарх қўшилиши мумкин. Бу эса ҳар нарсадан фойда кўзловчи тадбиркорларни ўзига жалб қилмай қолмайди. Шунинг учун ҳам 1950 йиллардан бошлаб, санъат асарларига қизиқувчи ва уларни сотиб олувчи асосий харидорлар рўйхатида халқаро банклар, корпорациялар, бизнесменлар биринчи ўринда тура бошлади. Шу даврдан бошлаб, санъат асарлари фойда олиб келадиган инвестицияга ҳам айланди.
Суратнинг уникаллиги. Акционерлар, коллекционерлар муаллифнинг асарини эмас, балки у орқали ифода этилган ғояни сотиб олишади, одатда. Асар қанчалик янги, қизиқарли ва ғайриоддий бўлса, шунчалик қимматроқ бўлиши мумкин. Мисол учун, Казимир Малевич биринчи бўлиб «Қора квадрат» ни тасвирлаган, Марк Ротконинг бир нечта «Номсиз» расмларида эса фақат турли хил рангдаги квадратлар мавжуд эди. Ва уларнинг нархи бугунги кунга келиб, рассомларнинг ўзлари ҳам тасаввур қилмаган даражада юқори баҳоланади. Чунки, бахтни қарангки, музейлар ва коллекционерлар эндиликда илгари ҳеч ким қилмаган, ноёб нарсалар учун миллионлаб доллар тўлашга тайёр.
Маркетинг ва жамоавийлик. Агар рассом аллақачон дунёга машҳур бўлса, унинг расмлари кимошди савдоларида катта пулга сотилади. Аммо бизнинг давримизда шон-шуҳрат топиш ва пул ишлаш учун яхши маркетологлар билан бир жамоада ишлаш керак, ҳатто сураткашлар ҳам. Натижа ҳам ўзини кўп куттирмайди. Мисол учун, британиялик концептуалист рассом Дамиен Хирст бир вақтнинг ўзида бир нечта мутахассис билан бирга қатор лойиҳаларини амалга оширади. У «Тириклар онгида ўлимнинг жисмоний имконсизлиги» инсталяциясини формалин билан тўлдирилган аквариумдаги акуланинг бир қисми билан ифодалайди. Машҳур аукционер ва коллекционер Чарлз Саатчи эса ажойиб маркетинг кампанияси орқали Хирстнинг ушбу асарини Трейдер Коэнга 12 миллион долларга сотади. «Асар»нинг ушбу нархи нафақат, ишнинг ўзига хослиги, балки нуфузли номлар ва яхши маркетинг кампаниясининг натижаси эди.
Шунингдек, жаҳон музейлари саҳнасида эндигина саёҳатни бошлаётган янги галереялар, музейлар ҳам мавқейини ошириш учун, албатта, замонавий санъат асарларини сотиб олишади. Бу жараёнда улар янги, аммо машҳур бўлишга улгурган суратлар учун қанча бўлмасин тўлашга мажбур бўлишади.
Тасвирий санъат асарларининг қиймати баланд бўлиши яхши, албатта. Аммо саналган ва бошқа шунга ўхшаш табиий ва шиширилган сунъий факторлар санъатшуносликда санъат асарларини баҳолаш тизимини ҳам издан чиқаради. Одамларни кўпроқ шов-шувга сабаб бўлган санъат асарлари қизиқтира бошлайди. Ва натижада буни ҳам нарх юқорилаб боришига асосий сабаб деб келтиришимиз мумкин.
Шу ўринда бизда нега бундай асарлар йўқ, деган савол пайдо бўлиши табиий. Чунки бизда ички бозорда талаб йўқ, бойларимизни чайқовчилик ва судхўрлик орқали бойиш қизиқтирса, одамларимизни биринчи навбатда озиқ-овқат, маиший буюмлар ўзига тортади, дея тахминимни билдиришим мумкин эди. Аммо бу оғриқли саволнинг жавобини сизга қолдираман. Хулоса сифатида санъат асарлари қийматини доим ҳам уларнинг нархи белгиламаслигини айтишим мумкин.
Самандар Эгамбердиев,
санъатшунос
Қуйида нархи 100 миллион доллардан баланд бўлган бир нечта суратларни кўришингиз мумкин:
Леонардо да Винчи. «Олам ҳалоскори» (1499 йил) – 450 миллион доллар
Веллиам де Кунинг.(1955) «Биржа» – 300 миллион доллар
Пол Сезанн. "Карта ўйновчилар" (1893) – 250 миллион доллар
Марк Ротко. «Сиёҳранг, яшил ва қизил» (1951) – 186 миллион доллар
Рой Линхинштейн. «Шедевр» (1962) –165 миллион доллар
Пабло Пикассо. "Туш" (1932) –155 миллион доллар
Густав Климт, «Адели Блох Бауер портрети» — 135 миллион доллар
Эдвард Мунк, «Қичқириқ» – 119,992 миллион доллар
Жаспер Жонс, «Байроқ» – 110 миллион доллар
Поль Сезан, "Шато-Нуардан Сент-Виктуар тоғининг кўриниши" – 100 миллион доллар
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ