Миниатюра санъатида либослар


Сақлаш
23:52 / 25.09.2021 1725 0

Ўрта асрлар миниатюра санъати ва ёзма адабиёти ўша давр анъанавий либослари ҳақида маълумот берувчи муҳим манбалардир. Академик Г.Пугаченкова миниатюра асарларида тасвирланган либосларнинг ривожланиш тарихини ўрганиш асносида либосга қараб миниатюралар қайси давр ва қайси мактабга мансублигини аниқлашга муваффақ бўлган. Шарқ миниатюра санъати тарихи тўрт асосий даврга бўлиб ўрганилади: 1) темурийлар даври – Хуросон ва Мовароуннаҳр (Ҳирот, Самарқанд, Табриз, Шероз мактаблари); 2) сафавийлар даври – Эрон (Шероз, Табриз, Машҳад, Исфаҳон мактаблари); 3) шайбонийлар даври – Ўрта Осиё (Бухоро, Самарқанд мактаблари); 4) бобурийлар даври – Ҳиндистон (Агра, Деҳли мактаблари).

Ҳирот, Бухоро, Самарқанд, Шероз ва Табриз мактаблари анъаналарини ижодий ўзлаштирган бобурийлар даври санъаткорлари Ҳиндистонга хос бўлган қаҳрамонларни яратган. “Бобурнома” миниатюраларида тасвирланган қаҳрамонларнинг юз тузилишидан тортиб, либос, ҳатто салласи ҳиндчадир. Улар темурий ва сафавийлар миниатюралари қаҳрамонларидан буткул фарқ қилади.

Сафавийлар замонида Табриз китобат ва миниатюра мактаби шаклланди, гуллаб яшнади. Озарбойжон китобат аҳли ва мусаввирларининг бу янги ижодий услуби жозибадорлиги, декоратив нақшлар ва образлар силсиласи, бой ва ёрқин ранглар жилоси, чизиқларнинг нозиклиги, гўзал ва бетакрор тарҳлари, шаклларнинг ўзига хос шартлилиги билан ажралиб туради. Бу услубнинг муҳим хусусиятларидан бири шуки, уларда бадиий-эстетик талабларга риоя қилинган ҳолда барча давр қаҳрамонларига ўз замонаси руҳи сингдирилган. Бу давр расмларининг алоҳида ажралиб турувчи хусусиятларидан яна бири, уларда анъанавий қизилбошлар бош кийими – узун қизил кулоҳли оқ салла тасвирланганидир.

Исломда инсон тасвирини чизиш тақиқланганига қарамай, миниатюра санъатида нафақат инсон, балки унинг ички кечинмалари, ҳис-туйғулари, турмуш тарзи, ҳаттоки илоҳий персонажлар тасвирланган. Миниатюра сарой санъати ҳисобланса-да, тасвирларда нафақат юқори табақа вакиллари, оддий халқ, хизматкорларнинг ҳам либослари тўлақонли ифода топган.

Ўрта асрларда либос кишининг этник ва ижтимоий аҳволини кўрсатувчи асосий белги бўлгани боис, миниатюрачи мусаввирлар либослардаги ҳар бир детални аниқ тасвирлаш орқали персонажнинг жамиятдаги мавқеини ҳам кўрсатишга интилган. Зеро, юқори табақа вакиллари учун либоснинг башанглиги катта аҳамиятга эга бўлган. Персонажнинг ёши устма-уст кийилган либослар, бош кийим ва соч турмаги ёрдамида кўрсатиб берилган. Кийим ҳамда асосий мато ранги ва безаги, кашта орнаментлари ёрқин намоён бўлган. Либос бичими, чоклари, кийимнинг мутаносиблиги, бош кийим шакли ва бошқалар аниқ тасвирланган.

Ўрта Осиёда либослар табиий иқлим, диний дунёқараш ва бошқа халқлар билан ўзаро муносабатлар таъсирида асрлар мобайнида тадрижий шаклланган. Эркаклар ва аёллар либоси матоси, бош кийим ва безаклари билангина фарқланган. Ҳар бир ҳудуд ўзига хос маҳаллий хусусиятга эга бўлса-да, уларда қулай бичимдаги кенг кўйлаклар, узун шалварлар ва устки тўнлар русум бўлган. Баъзи олимларимиз кийим номларини белгилашда тарихий қўлёзмалар ва Навоий асарларида келтирилган атамалардан фойдаланган (Мукминова Р. Костюм народов Средней Азии по письменным источникам XVI в. Костюм народов Средней Азии. Москва, 1979. Стр. 70-77). Ўрта Осиёда кенг тарқалган устки кийим “жома”, “чакмон”, “тўн”, олд томони бир-бирига ўтиб, устма-уст тушадиган тўн эса “фаражия” ва яна бири “қабо” деб номланган. Қишда кийиладиган тўнлар қўй терисидан тикилган, юқори табақа вакиллари киядиганлари эса астарли қимматбаҳо мўйнадан бўлиб, устидан шойи билан безатилган. Чакмон – чўпонларнинг қишки уст кийими бўлиб, мовутдан тикилган, гоҳида кашта билан безатилган. Ички кийимлар, яъни эркаклар кўйлаги – “курта”, аёллар кўйлаги – “пирохан”, иштонлар – “лозим”, “эзар” дейилган (Рахимова З. К истории костюма народов Узбекистана. Костюм Бухары и Самарканда XVI-XVII веков (по данным средневековой миниатюрной живописи). Ташкент, изд-во журнала “San’at”, 2005. Стр. 5).

Мовароуннаҳр миниатюраларида аёллар оқ матодан тикилган узун енгли, тўғри тўртбурчак бичимли кўйлак – куртада тасвирланган, унинг устидан енглари узун, бўйин ўйими кўкрак чизиғигача учбурчак шаклда – пирохан кўйлак, олди очиқ ёки ўнгдан чапга устма-уст ёпилувчи қабо кийилган. Қабонинг енглари тирсаккача, баъзилари бармоқларни ёпиб турувчи узунликда бўлган. Аёллару эркаклар иссиқ ва совуқ кунларда ҳимоя вазифасини ўтовчи тўн – жома кийган. Байрамларда зодагонлар шойи ва парчадан тикилган, енглари либоснинг этагигача узун фаражия кийган.

Юқори табақага мансуб аёллар ва эркаклар либослари сонининг кўплиги билан ажралиб турган. Масалан, миниатюраларда зодагон аёллар кўйлак, қаболарни уч-тўрт, сарой хизматкорлари ва шаҳарликлар икки-уч, оддий халқ бир-икки қаватдан кийган, қариялар эса битта кўйлак устидан тўн ташлаган ҳолатда тасвирланган.

Миниатюралардаги аёллар либоси эркакларникидан бош кийими, тақинчоқларнинг кўплиги ва либоснинг танага бирмунча ёпишган ҳолатда тасвирлангани билан ажралиб туради. Аёлларга хос бўлган яна бир устки кийим – “мунисак” (“мурсак”) бўлиб, у Ўрта Осиёда XIX аср ўрталаригача кийилган.

Бош кийимлар эркакларда турлича бўлган: кундалик ҳаётда кийиладигани – фўта, байрамларда кийиладигани – дастор; ҳар хил мато ва кигиздан тикилган, турли шаклдаги мўйнали қалпоқлар – тақя, кулоҳ, дўппи. Миниатюраларда аёллар турли-туман бош кийимда тасвирланган, уларда нафақат инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши, балки ёши ҳам аниқ ифодаланган. Хон оиласига мансуб аёллар шарқ анъаналарига биноан тож кийган. Бошқа табақа аёллари орасида кашталанган оқ рўмол ва дўппи кенг тарқалган. Рўмол дўппи устидан ёки сочқоп деб номланган дўпписимон қалпоқ устидан боғланган.

Эркаклар аксар қўнжи баланд этик, гоҳида паст пошнали ёки пошнасиз, юмшоқ маҳси билан кийиладиган учли ковуш, аёллар ковуш, шунингдек, теридан ишланган пойафзал кийган.

Шариат талабларига кўра, аёллар либоси кенг, қулай, қоматга ёпишиб турмайдиган бўлиши шарт эди.

Бугун халқона йўналишлар кўпгина модельерларимиз ишларининг ажралмас қисмига айланган. Модельерлар замонавий либосларни яратишда миллий матолардан фойдаланган ҳолда уларнинг янги қирраларини кашф этиш, янгича дизайн усулларни топиш устида иш олиб бормоқда. С.Амир, С.Муродхўжаева, А.Маншаев, Д.Қосимова, Н.Шерхўжаева, Н.Арапова, Т.Чурсина, З.Султонова, Д.Томилин ва бошқа модельерлар коллекциялари сўзимиз тасдиғидир. Халқ декоратив каштачилиги, ранг-баранг миллий колорит ва бой орнамент мотивларидан унумли фойдаланиб, қадимий нақшлар символикасидан руҳланган ҳолда миллий дизайн мактаби яратилмоқда.

Хусусан, дизайнер Саодат Муродхўжаева Ўрта аср Шарқ миниатюра санъатининг нодир асарларини замонавий либосда моҳирона қўллаб, ёшларнинг кундалик либосларини яратмоқда. “Шоҳнома” коллекцияси эркакларга мўлжалланган бўлиб, у асл итальян чармидан тикилиб, қўлда кашталанган миниатюра асарлари билан тўлдирилган. Композицион ечим динамик ҳолатда бўлиб, қаҳрамонлар образи ҳам ҳаётий чиққан.

Ислом давридаги анъанавий либоснинг турлича талқинини замонавий дизайнерлар ижодида кўплаб учратиш мумкин. Улар бугунги замон руҳияти билан суғорилган ҳолда янги кўринишда намоён бўлмоқда.

 

Эътибор Мирзаназарова,

Камолиддин Беҳзод номидаги МРДИ

 катта илмий ходим-изланувчиси

 

“Тафаккур” журнали 2016 йил 2-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 24
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//