Ижтимоий тармоқларда картиналари “фотоаппаратда олинган” дейилаётган, қишлоғини Тошкентга кўчириб келган ва хорижга чиқишга шошилмаётган ижодкор ҳақиқатлари


Сақлаш
16:46 / 14.02.2023 1182 0

Санъатнинг бошқа турлари каби тасвирий санъат ҳам замонавий дунё тенденсиялари, муаммолари билан бир йўлда ўз қиёфасини ўзгартириб бормоқда. Кун сайин ундаги йўналишлар кўпайиб, санъатнинг бошқа жанрлари билан ўзаро мутация жараёнига киришаётгани кўзга ташланмоқда. Бу ўринда фотографияни тасвирий санъатга кўчирган жанр – гиперреализмни мисол келтириш мумкин. Унда реалликни гиперравишда тасвирлаш биринчи планга кўтарилади, яъни бу услуб бўйича янгилик. Ушбу жараён ва санъатга доир бошқа масалалар ҳақида картиналари гиперреализм йўналишига мос келувчи, ижтимоий тармоқларда “фотоаппаратда олинган” дея шубҳа ҳам қилинаётган маҳоратли мусаввир, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Умиджон Алимов билан суҳбатлашдик.

 

Сизни кўпчилик “Қишлоғини Тошкентга кўчириб келтирган рассом” сифатида эътироф этади. Қишлоқ сизни нимаси билан ўзига тортади, ундаги нималарни асраб қолиш, нималарни йўқотиш керак деб ўйлайсиз?

 

Ижодкор ижод қилиши учун, етарлича бахтсиз бўлиш керак, деган фикрни кўп эшитганман. Мен Андижон вилояти, Избоскан тумани Ботиробод қишлоғида туғилиб, ўша ерда катта бўлдим. Тупроқ кўчаларини чангитиб, ялангоёқ юрганларим, лойқа сувларда чўмилганларим кечагидек эсимда. Отамнинг радиосидан қишлоқ меҳнаткашлари учун бериб бориладиган қўшиқларни, эшиттиришларни тинглаганман. Бувим нон ёпиши учун тандирга ўт ёққанман. Хирмонда оппоқ пахта устига думалаб, кеч бўлганда онамнинг кетмонини кўтариб, у билан орзуларим ҳақида гаплашиб, уйга қайтганман. Бугун эса Тошкентда яшайман. Санъат мени пойтахтга етаклаб кетди. Аммо қишлоғимни, отамни, юрган кўчаларимни жуда соғинаман. Мени бугун бахтга етаклаётган бахтсизлик шу бўлса керак. Шунгами, доим гуваладан кўтарилган синчли уйларни, пахса деворларни кўриб қолсам, тўхтаб томоша қиламан, дам оламан. Мен учун дунёдаги энг чиройли манзара шу!

 

Хоҳлаймизми-йўқми, цивилизация жараёни қишлоқларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Бугун қишлоқларда ҳам одамлар деворларини пахсадан эмас, бетондан қилишяпти. Уйларини пишган ғиштлардан кўтаришяпти. Ариқлар кичрайиб боряпти, уларнинг устига ҳам қурилишлар қилиняпти, ҳатто. Шундай ҳолатларни кўрсам, кўнглим хира тортади. Қишлоқларимиздаги табиийликни асраб қолгим келади. Йўқотилиши керак бўлганлари эса... Бу вақт масаласи...

  

 

Тошкент бианнеллесидаги “Қуш тили” инсталяциянгиз ҳам кўпчилик эътирофига сазовор бўлди. Унинг ғояси, яратилиш тарихи ва томошабинларни мафтун этган қисмлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

 

Ўтган йили баҳор ойларида ўзбек тасвирий санъатининг дарғаларидан бўлган Алишер Мирзаевнинг устахоналарига кафедрамиз билан бирга ташриф буюрдик. Устознинг асарлари билан танишиш жараёнида, Камола опа менга ошхона қандилига узун қилиб илиб қўйилган қовоқчадан ясалган қушчани кўрсатаркан, “Умид, биз ҳам шунақа қуш ясайлик”, дедилар ҳайратини яшира олмай. Орадан вақт ўтгани сари бу борадаги фикрлар, ғояларимиз сайқалланиб борди. Бу вақт ичида қушчаларнинг бир қанчасини ясаб, уларга турли рассомларнинг асарларини чиздик. Ва бу композицияни IX Тошкент 2022 Халқаро замонавий санъат Бианнеллесига олиб чиқдик. Инсталяцияда ўзбек тасвирий санъатининг ривожланиш босқичларини авлодлар кесимида кўрсатишга ҳаракат қилганмиз. Кўргазмага келган томошабинларнинг ҳаяжонли эътирофларидан меҳнатларимиз зое кетмаганига амин бўлдим. Шунингдек, мутахассислар, устозлар ва санъатшунослардан жуда илиқ фикрлар эшитдик. Баъзан меҳнатларинг содда, самимий, кўнгилни кўтарувчи сўзлар билан эътироф этилиши ҳам инсонга катта куч бераркан. Ўйлайманки, бу каби ишларни яна давом эттирамиз, албатта.

 

 

Асарларингизни эътироф этишларига қанчалик боғланиб қолгансиз? Ишларингизни чет элга сотиш, умуман, хорижга чиқиш масаласида муаммоларга дуч келмайсизми?

 

Меҳнатининг эътироф этилиши ижодкорга куч-қувват, илҳом беради, қанот бағишлайди. Балки шунинг учун бугун ижтимоий тармоқлар ижод намуналарини тақдим этиш учун энг яхши майдонга айланди. Шоирлар, рассомлар, режиссёрлар, ҳунармандлар, журналистлар ва уларнинг мухлислари тўпланган бу аура ҳамда ундаги муносабатлар кўпчиликни қаноатлантиряпти, десам янглишмаган бўламан.

 

Масалан, Facebookдаги шахсий саҳифамда мутахассисларнинг, мухлисларнинг берадиган эътибори ижод қилишим учун мотивация бўлади кўпинча. Баъзида янги ишлар қилмаяпсиз, биз кутяпмиз, деган талаблар ҳам бўлади. Шундай пайтлар қувониб кетаман. Ижодкорни қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, унга яхши сўз айтинг. Чунки ҳамма нарса бозор иқтисодиётига, моддий манфаатларга бориб тақалиб турган бир пайтда, кўнгил иши билан, ижод билан шуғулланаётган одамга ҳайкал қўйсангиз арзийди.

 

Баъзида чет элда яшаётган мухлислар “Ишларингизни харид қилсам бўладими?” деб сўрашади. Баъзилари бирор хорижий давлатда “Кўргазмангизни ўтказиб бераман, келасизми?” дейишади. Аммо ҳозирча уларни бирортасини амалга оширмадик, шунинг учун бу билан боғлиқ муаммолар ҳақида нимадир дея олмайман. Аммо, ишонаманки, бугун бирор ижодкорнинг асарини хорижликларга сотиши ёки чет элда тақдимот қилиши муаммога сабаб бўлмайди. Чунки ўзбек ижодкорининг хорижда эътироф этилиши бу мамлакатда санъат яшаётганидан дарак беради.

 

Ижодкорнинг жамиятдаги вазифаси нималардан иборат аслида? Бугун ўзбек жамиятида рассомнинг ўрни қандай?

 

Ижодкор ҳақиқатни, борлиқни англаш учун табиат ва жамиятга диққат қилади, кейин ўзи топган, тадқиқ қилганларини яна инсонларнинг ўзига қайтаради. Айни дамда у кечинмалари, изтироб ва хурсандчилигидан яралган асарлари билан кишиларни таъсирлантира оладиган одам ҳам. Ижодкорнинг жамиятдаги вазифаси шундай асарлар билан инсонларни яхшиликка, тўғриликка, ҳалол ва покликка ундаш, назаримда.

 

Шу ўринда рассом танишим билан юз берган воқеа эсимга тушди. Бир киши ундан фарзандларига расм чизишни ўргатишини илтимос қилади. Танишим келишув асосида унинг уйига бориб дарс берар экан, бир аёлнинг ҳам хонадонга келиб, болаларга мусиқадан сабоқ ўтаётганига гувоҳ бўлади. “Кунларнинг бирида ўқувчиларимнинг отасидан болаларни рассомчиликнинг қайси йўналишида тайёрлай, шунга қараб дастур ишлаб чиқардим, дедим”, дейди у. Шунда ҳалиги ота, “Дастур шарт эмас, фарзандларим нимани хоҳлашса, шуни чизаверишсин. Улар барибир рассом ёки мусиқачи бўлмайди. Келажакда ўзимга ўхшаб бизнес йўналишида кетишади”, дебди. Унда нима учун расм чизишни, пианино чалишни ўргатяпсиз, деган саволимга, “Тасвирий санъатни, мусиқани тушунган одамнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати бошқача бўлади. Шунга яраша бизнеси ҳам” деб жавоб берди деди у. Бу воқеани эшитгач, ўйланиб қолдим: Бугун бизнинг жамиятга ижодкорнинг ўрни нақадар муҳим эканини англаб етган оталар керак экан!

 

 

Тасвирий санъатда жанрлар муаммоси, гиперреализм нимаси билан оддий одамларга яқинроқ деб ўйлайсиз? Одамларни нимага ишонтириш осонроқ: ғояга ёки реалликка?

 

Гипперреализм яқиндан буён оммалашиб бормоқда, бунга техника тараққиёти сабаб, менимча. Интернет тармоқларида чет эллик рассомларнинг шу йўналишда ишлаган асарларини кўриб, кўп ҳолларда ўзим ҳам қойил қоламан. Портретларда, айниқса, тери фактураси, соч толасигача тиниқ ишланиши, албатта, томошабинни ҳайратлантиради. Аммо ҳар хил мухлислар бор. Кўп китоб ўқиган, интеллектуал даражаси юқори бўлган кишига кўпроқ ғоявий композиция асарлари маъқул келади, улар рассом нима демоқчи бўлганини синчиклаб таҳлил қилади. Бошқалар эса реалликни хуш кўради ва шундай асарлар қаршисида узоқ туриб ҳайратланадилар. Нима бўлганда ҳам рассом ҳақиқатдан, ич-ичидан берилиб ижод қиларкан, унинг суратлари ҳар доим ўз томошабинини топа олади.

 

 

Санъат ижтимоийлашса-чи, санъатлигини йўқотадими, сизнингча?

 

Ижтимоий ҳаётда санъат турларидан кўп фойдаланилади, баъзан ижодкорнинг ўзи ҳам бунга эҳтиёж сезади. Санъат ижтимоийлашганда санъатлигини йўқотмаслиги мумкин, аммо у умрбоқий бўлолмайди. Санъат асарлари бугун ҳам, эртага ҳам, ундан кейин ҳам яшаши муҳим. Ўзим ҳам шунга амал қилишга ҳаракат қиламан. Асарларимнинг умри узоқ бўлишини истайман, улар вақт, давр танламасин, қадрини йўқотмасин. Энг муҳими, санъатнинг талаблари олдида боши эгилмасин, қарздор бўлиб қолмасин.

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//