“Гуруҳбозлик наинки кичик бир жамоани, балки давлатлару тузумларни пароканда этишга қодир” – Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова


Сақлаш
05:16 / 09.02.2023 1018 0

Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова – фикр ошиғи. Фикр – ўзингиздан-да ўзишга ундайдиган, мудом ҳаракатдаги қудратли куч. Айни шу хусусият актрисани, таъбир жоиз бўлса, шахсга, мутафаккирга айлантирди. Неча йилдирки, у кишининг дунёсига ошноман. Кўп бора шоҳид бўлганман: икки санъаткор – Дилором Каримова билан Римма Аҳмедованинг “хонаки ғийбат” оҳангида бошланган суҳбатлари умуминсоний мавзуларга юксалар эди. Раҳматли Римма опа ҳассослик, маҳзун некбинлик билан фикрга йўл очса, Дилором опа ўзига хос туғён ила тафаккур ортидан қувларди.

 

Нақшбанд ҳазратларининг ўгитини эсланг-а: “Дил ба ёру – даст ба кор”. Актриса қандай юмуш билан банд бўлмасин, турмуш иплари оёқ-қўлини чирмовуқдек ўраган паллаларда ҳам одамзоднинг қисмати ҳақида ўйлайди. Ҳатто шимга дазмол босатуриб, дунёнинг нораволиклари ҳақида мушоҳадага толади. Доди фалакка етмаётганидан куюнади, гоҳида аччиқ-аччиқ йиғлаб олади.

 

Дилором Каримова – кули кўкка совурилаётган дунёдан мазлум учун шафқат тилаб ўтаётган бедор йўловчи! Юпанчни эса китобдан, мусиқадан, кино-театрдан излагани излаган. У киши санъатга муҳаббатини “Андуҳга айланган севгим” деб атаган эди. Юқорида муштарийлар ҳукмига санъаткорнинг истиғфору изтиробга йўғрилган битиклари ҳавола этилмоқда.

 

Иқбол ҚЎШШАЕВА

 

Нега одам китоблардаги насиҳату ўгитларга риоя қилмайди? Нега? Ахир, уларга қулоқ тутса, ҳаёт енгилроқ кечади-ку!.. Йўқ, ҳақиқатларни сиз фақат қалб азоби билан, хатолар орқали англаб етаркансиз.

 

***

Санъат яхшини ёмон, ёмонни яхши қилолмас экан. У фақат эзгуликка мойил, яхшиликка ишонувчан, нозик қалбларга далда бўла олиши мумкин. Боланинг кўзларига қаранг, қандай маъсум! Одамзод бу ҳаётга “бахтли бўламан, севаман-севиламан” деган хуш ниятлар билан келади. Лекин бора-бора ўша маъсумлик сўнади, хунуклашади, муҳаббат тўла нигоҳлар аламнок қарашга дўнади... Санъат эзгуликка бўлган ишончимизни, қалбимизни, ҳечқурса, хаёлларимизни асраб қолишимиз учун ҳам керак бизга.

 

***

Ҳаётнинг дастлабки бекатларида жонкуяр бир устоз даркор. Устоз кўрмай вояга етган одам боғбон қайчиси тегмай ўсган дарахтга ўхшайди. Бошвоқсиз ўсган оғоч охири болта зарбидан эгри-бугри шохларидан айрилиб яланғоч қолса, инсон ҳам устоз ўгитисиз билиб-билмай кўп хатоларга йўл қўяди. “Пири йўқнинг пири – шайтондир” деб бежиз айтилмаган.

 

***

Ҳаётда ёлғончи, фитнакор зимдан иш олиб бориши айни ҳақиқат. Уни пайқаш учун улкан фаросат керак бўлар экан. Мен эса атрофимда кезиб юрган, менга гоҳ хўмрайиб, гоҳ иршайиб қараган ёлғонни кеч пайқардим ё умуман кўрмасдим. Негаки, мен бошқа оламда – санъат яратган руҳий-хаёлий маъвода яшардим. Бу ломаконда юрган одамнинг нигоҳи осмонга қадалган, шу боис у оёқ остидаги қурт-қумурсқаларни кўрмайди. Саҳнада ёлғон, фитна кўз ўнгингизда ҳаракат қилади, ҳаётда эса... Ёмонлик кўпинча ўзи тўқиган макр тўрлари орасидан чиройли кўриниши кимнинг хаёлига келибди дейсиз!

 

***

Театр – азал-азалдан ўзидан кечган шахслар даргоҳи. Қадимги япон, ҳинд театри тарихига назар солсак, шахсий ҳаёт лаззатларини саҳна санъатига қурбон қилган танҳоларни кўрамиз. Бизгача етиб келган маълумотларга қараганда, сайёҳ гуруҳлар замонавий театрнинг “аждод”и бўлган. Сайёр санъаткорлар халқ ичидан чиққан, халқнинг мудроқ орзу-истакларигача яхши англаган ва халққа хизмат қилган чинакам артистлар эди. Улар қиёфасида иссиқ-совуқ, қор-ёмғирларга қарамай оч-наҳор, юпун ҳолда дунё кезган жаҳонгашталарни кўрамиз. Бу тахлит ҳаёт тарзини танлашга уларни ким мажбур қилган? Бу – фақат ижодкор юракнинг даъвати маҳсулидир.

 

***

Театр – актёрлар билан, актёр эса роллар билан тирик. Актёр баъзан орзусидаги ё кўнгилга ёққан биргина роль илинжида саҳнавий тақдирларини яратувчи ҳукмфармо хўжайинларга ёқмоқ, улар эътиборини қозонмоққа уринади, кўнгилга ўтирмаса-да, ҳар тур кураш усулларидан фойдаланади. У асар қаҳрамонини саҳнада қайта жонлантиришдек оғир вазифани бўйнига олар экан, ютилган заҳар-заққум эвазига, олқишлар, даста-даста гуллар учун энг қадрли инсоний хислатларини-да қаттоллар қўлига топширишга рози бўлади. Вақти келса, саҳна юлдузига айлантирган раҳнамоси раъйига юрмай қўйгани сабаб унга гўр қазишдан ҳам тап тортмайдилар. Театрда дўстлик, опа-сингилчилик ё ака-укачилик йўқ. Илло, рақобат, оёқдан чалиш, ғараз ва фитна бор. Ана шундай қурбонталаб дардхонадир театр!

 

***

Театрга келиб, ижодий жамоага қўшила борганим сари кўплаб актёр ва актрисалар, айниқса, бош ролларга номзодлар Шукур Бурҳонов, Сора Эшонтўраева, Яйра Абдуллаеваларнинг ижро услубига тақлид қилишлари, уларга хос оҳангда гапиришга уринишларини сезиб қолдим. Очиғи, бу ҳол менинг ғашимга тега бошлади. Уларга ўхшашни хоҳламасдим. Саҳнада жимжимадор гапириш, фақат яланғоч ҳис-туйғуга берилиб образ яратиш кечаги кунга айланганини яхши билардим. Мен саҳнада фикр яратиш тарафдори эдим! Алҳол, энди мени “Ҳамза” театри актёрлари илгаригидек мафтун қилолмаётган, ҳатто улуғ актёрнинг шоҳ Эдипи ҳаяжонга сола билмаётган эди. Аммо академик театр қўзғатиб бўлмас метин қўрғон эди. Мен эса мисоли бир чивин, ожизона ғинғиллайман, холос. Хос ижро услубини яратишга на куч, на иқтидор ва на ирода бор. Ўзимни нотавон, ҳеч нарсага арзимас актриса сифатида кўрсатиб қўйишдан қўрқиб, анъанавий йўлдан юришга мажбур бўламан, лекин буни ҳам тузукроқ эплолмайман. Ўз даврида атоқли актёр Михаил Чехов менда топилмаган иродаси ва фавқулодда истеъдоди туфайли умумий жараённи ўз “мен”ига бўйсундирган эди.

 

***

Кўплар қатори мен учун ҳам Баҳодир Йўлдошев орзудаги режиссёр эди. Мен кўз олдимга келтирган, лекин амалда кўрсатиб бера олмаётган ижро йўлларини ўзим шахсан тан берадиган режиссёр билан рўёбга чиқаришни истардим. Афсус, бунинг имкони бўлмади. Чунки актёр ижроси муаммолари Баҳодир Йўлдошевни у қадар ташвишлантирмас эди. Қизиқки, ўзбек режиссурасида инқилоб қилган, янги шакл, янги унсурларни кашф этган режиссёр актёрларнинг сунъий оҳангда гапиришлари, қолипдаги ижроларига жиддий эътироз билдирмас эди. Режиссёр, модомики, актёрларига фикрлаш имкониятини чеклар экан, натижа ҳам шунга яраша бўларди.

 

***

Нега вақт ўтган сари спектаклларда актёрлар ижроси сустлашиб, таъсир кучи камайиб бораверади? Негаки, ижрочиларнинг ички кечинма, руҳий ҳолатларига озиқ бериб турадиган ҳаётий-мантиқий қувват етишмайди. Қувват эса актёрнинг ҳам режиссёр каби фикрлай олиш кўникмасидан туғилади. Саҳнада фикрлай билиш туйғуларнинг ҳар гал қайтадан дунёга келиши ва умрзоқлигини таъминлайди.

 

***

Актёр қалбини очиб нигоҳ солиш имкони бўлса эди, ҳар бирида битмаган, мудом лўқиллаб оғриб, азоб бериб турадиган жароҳатларни кўрар эдик...

 

***

Театр – минбар! У минбарда туриб улуғвор, сарбаланд фикрлар айтилади; инжа, соҳир туйғулар авж пардада тараннум этилади. Театр томошабиннинг ақлию қалбини забт этиб, уни кўзёш тўкишга ё букилиб қолгунча кулишга мажбур қилади.

 

***

Театр – жамоа ижоди. У инсон вужудига ўхшайди. Бирон бир аъзога хасталик етса, инсон ҳаловатини йўқотади, бармоғига тикан кирса, бутун вужуди зирқирайди. Худди шундай, ижодий жамоадан кимдир – ё актёр, ё режиссёр, ё раҳбар бўлсин – либосни фақат ўзига қараб бичишга тушса, шахсий манфаатини жамоа манфаатидан устун қўйса, театр тузалмас касалликка йўлиқади. Бош кўтарган илоннинг боши ўз вақтида янчилмаса, гуруҳбозлик томир отади. Гуруҳбозлик наинки кичик бир жамоани, балки давлатлару тузумларни пароканда этишга қодир.

 

***

Ҳукуматнинг катта-кичик арбоблари билан учрашувлар ё театрда бўлиб ўтган мажлис-йиғинларни эсласам, ғазабдан қийшайган юзлар, олайган кўзлар, қулоқни қоматга келтирган бақириқлар, раҳбару раҳбарчаларнинг нима дейиш, нима қилишни билмай саросимада туришларию аланг-жаланг нигоҳлари кўз олдимда гавдаланади. Уларнинг қўлидан фақат қўрқитиш, насиҳат қилиш ёки партиянинг навбатдаги съезди ва пленумидан цитата олиб, бизга тегишли деб ҳисобланган жумлаларга катта маъно юклаб ўқиб бериш келар эди, холос. Ўз тилларида баён этишолмас, дастурлардан ҳижжалаб ўқиб беришар эди. Нақадар аянчли ҳол...

 

***

Мен биринчи марта давлат раҳбарлари, партия раҳнамолари хизмат қиладиган даргоҳга кирганимда, иродани икки елкасидан босиб-букадиган кўзга кўринмас кучни ҳис қилдим. Бирдан ўзимни ёмон кўриб кетдим. Қилаётган ишларим, айтаётган гапларим бу улуғ даргоҳга нисбатан туҳматдек туюлди. Ҳаммаёқ равшан, тоза, ёруғ, кенг. Энг асосийси, тинч ва улуғвор. Бу ерда фақат адолатдан баҳс этилади. Мен нега бузғунчилик қилиб юрибман?! Шу каби ўй-ҳислар жангари руҳимни зумда чўктириб юборди. Бўйним қисилиб, бўйим пасайиб қолгандек туюлди. Лекин мени йўқлаган одамнинг чеҳрасини кўриб, гап-сўзини эшитганимдан сўнг дарҳол ўзимга келдим. Мен ўзимда рўй берган руҳий ўзгаришларни кейинроқ тафтиш қилиб тагига етдим.

 

Қадимда фиръавнлар ўз ҳузурига кирадиган инсон руҳини буткул янчиб ташлаш мақсадида тошсаройларини атай улкан, маҳобатли этиб қурдирган экан. Мен ҳам улуғвор бино тимсолида ғояни кўриб довдираб қолган эдим. Алалхусус, ғоя моҳиятан буюк, мақсад эзгу. Лекин тасаввуримдаги ғоя билан бу ердаги ғоя орасидаги фарқни илғагач, қўрқув-иккиланишдан асар ҳам қолмади.

 

***

Театр – содир бўлаётган ҳодисаларни равшан акс эттирувчи ойна, ижтимоий ва маънавий онгнинг шаклланишига замин бўлгувчи ижодхонадир. Жамиятда соғлом кайфият, сиёсатда адолат устуворлиги одамларда эртанги кунга ишонч туйғусини уйғотса, театр саҳнасида ҳам ақл ва юракни забт этувчи асарлар дунёга келади. Аксинча, жамиятда маҳдудлик, маддоҳлик, ёлғон, ўғрилигу адолатсизлик илдиз отса, театрда ҳам шу хил иллатлар япроқ ёзади. Қисқаси, жамият гуллаб-яшнаса, театр ҳам гуллаб-яшнайди; жамият оғриса, театр ҳам оғрийди.

 

***

Ижодкор аҳвол-руҳиясидаги турғунлик ижодида ҳам зуҳур этади. У анча аввал кашф қилган рамзий топилма ва шаклий унсурларни такрорлай бошлайди. Албатта, ҳар бир санъаткор янги марраларни забт этиш олдидан бекатларда тўхтаб, тин олади. Бу тўхташ ижод халтасидан эскириб қолган анжомларни улоқтириб, уни оҳорли топилмалар билан тўлдириш, янги кашфиётлар сари тайёргарлик учун зарур.

 

***

Инсоният тарихида тартиб-қонунлар яратилибдики, қафасларга сиғмас муҳаббат доим тазйиққа, жазога мустаҳиқ этилган. Муҳаббат инсон мушоҳада ва туйғуларининг олий маҳсули бўлиб, санъатнинг барча турларида тараннум этиб келинган бўлса-да, оломон томонидан қораланган, гуноҳ саналган, тошбўрон қилинган. Алалхусус, севги буйруқ ва истак билан дунёга келмайди, у бизга илоҳий оламдан берилган синов – ҳам бахт, ҳам офатдир.

 

***

Михаил Булгаков “Театральный роман” асарида бундай ёзади: “Артистлик психологияси театр кишисини иззат-нафси ниҳоятда нозик, ҳам бешафқат, ҳам жафокаш ва шу билан бирга ҳокими мутлақдек қаттол қилиб қўяди. Мақсадга етиш йўлидаги барча чигалликлар, макр-ҳийлалар биргина эҳтирос – роль ўйнашга бўлган ташналикни қондиришга хизмат қилади. Чироқлар билан ёритилган маконда роль ўйнаш асносида жасорат, хоинлик ва яширин фитна бир-бирига шу қадар моҳирона чатишадики, улуғворлик билан пасткашликни ажратолмай қоласиз...”

 

Мана сизга даҳшатли ҳақиқат! Мен бўлса дўстлик, олижаноблик ҳақида фалсафа сўқиб юрибман!..

 

***

Мен шундай режиссёрларни ҳам кўрдим, уларнинг мақсади – аввало актёр “мен”ини йўқ қилиш. “Менга фикрлайдиган актёрлар керак” деса ҳам, уларни фикрлаш, гапириш ҳуқуқидан батамом маҳрум этиб, тўлалигича ўз иродасига бўйсундиришга уринади. Мақсадга эса актёрни камситиш, шахсиятини топташ йўли билан эришади.

 

***

Хаёлимни кўп вақт бир фикр банд қилиб келган: ботинан қул бўлган актёр ҳур, озод инсоннинг руҳини ярата оладими? Йўқ! Актёрни қулликдан халос этиш, уни фикрлашга ўргатиш керак. Актёр режиссёр, муаллиф билан бир қаторда саҳна асарини яратишда тенг ҳуқуқли ижодкорга айланиши керак. Георгий Товстоноговнинг ҳар бир спектаклида актёр – етакчи бўларди. Шу сабаб унинг театрида жаҳоншумул буюк актёрлар етишиб чиқди. Муаллиф, режиссёр ва актёр – кашфиётлар яратишга қодир буюк учлик!

 

***

Пролетар инқилоби саҳнасида содир этилаётган барча хунрезликлар, адолатсизликлар халқ номидан қилинаётган эди. Бахтли келажак учун халқнинг ўзи қурбонликка келтирилаётган эди. Мантиқ деган тушунча буткул йўқолган шундай қалтис даврда кўпчиликда виждон ўрнини ўз-ўзини асраб қолиш туйғуси эгаллади. Ўз ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида одамлар худди қўрқинчли эртаклардагидек жонини олмоқчи бўлиб келган ялмоғизга “Мен ориқман, мана бу семиз”, деб ёнидагини кўрсата бошлади. Одамларнинг ақлу шуурини ўлим ваҳми чулғаб олди. У шу қадар оммавий ва маҳобатли эдики, кишиларнинг қон-қонига сингиб, жуда узоқ йиллар вужудларда кемирувчи тирик мавжудотдек яшаб келди. Минг афсуски, бу қўрқув авлоддан авлодга ўтиб, томирларимизда ҳамон яшамоқда.

 

***

Эзгулик ва ёвузлик ўртасида азал-абад кураш кечади. Лекин бугунга келиб бу иккисини бир-биридан фарқлаш қийин бўлиб қолди. Минг таажжубки, қотиллик, жаҳолат, разолат каби иллатлар адолат, раҳм-шафқат, яхшилик ниқобига ўранди. Шунинг учун бугун яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратиб олиш қанчалар муҳим!..

 

Дилором КАРИМОВА

 

“Тафаккур” журнали, 2022 йил 3-сон.

“Ибратхонами ё ҳасратхона?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17391
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//