
Бу актёрни дабдаба-ю асъасага тўла давраларда деярли учратмайсиз. Турли телеканалларнинг томоқйиртар шоулари-ку табиатига мутлақо ёт... Ҳашамдор қизил йўлакларда қуруқ савлат тўкиб хиром этгандан кўра кинодаги роли билан томошабин кўнглидан жой топишни истайди. Ҳамиша оломон шовқинидан узоқ, хос одамлар даврасига интилиб яшамоқда...
Марказий Осиёнинг 2019 йилги энг яхши актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев билан суҳбатни бошладик:
– Карим ака, талайгина актёрлар ўзини бозорга солиб, популизмга берилиб кетаётган бугунги кунда нега камнамосиз? Баъзан журналистларнинг микрофонидан ҳам қочасиз...
– Ҳуда-беҳуда шовқин кўтаришнинг нима кераги бор? Шу шартмикан, керакмикан? Қизиққан киши интернетни очса, таржимаи ҳолимни билиб олаверади. Қаерда туғилганман, нечта фарзандим бор, қайси ролларни ўйнаганман – ҳаммаси маълум... Актёрнинг кучи – унинг сирида, афсуски, кўпчиликда сир қолмади ҳисоб...
– Тўғрику-я, аммо актёр жараёнга ўз муносабатини билдириб, лозим жойда ўз қарашларини англатиб туриши керак эмасми? Ахир санъаткорнинг вазифаси ҳам бор-ку...
– Машҳур актёр Евгений Евстигнеевнинг бир гапи бор: «Биз саҳна ё экранда туриб ижро этаётган ролимиз билан томошабинга фикр айтишимиз лозим...». Дарҳақиқат, санъаткор учун кўп гап ортиқча юк. Аввал ўз ролини қойил қилсин. Аслида томошабин мана шунга баҳо беради...
– Яқинда машҳур актёр Сергей Безруковнинг маҳорат дарсида қатнашгандим, талабалардан бири савол берди: «Актёр сифатида қандай туйғуни ёки ҳолатни ижро этишга қийналгансиз?!». У шундай жавоб берди: «Мен ҳаётим давомида турли роллар ўйнадим, лекин ҳамиша муҳаббатни ижро этишга қийналганман». Шундан келиб чиқиб сўрамоқчи эдим: сиз учун қайси ҳолатни ёки кечинмани ижро этиш қийин бўлган?
– Айтмайман. Бу сир (кулади). Аслида мен учун ҳаммаси мураккаб. Осони йўқ. Ҳозир қойиллатаман дея саҳнага чиқасиз-у, лекин қўлингиздан ҳеч нарса келмай, шалвираб қолаверасиз. Ҳар бир рол мен учун шафқатсиз имтиҳон... Сохта ижро сезилиб қолади барибир...
– Сизни яхши билганлар кўп китоб ўқийдиган актёр дея таърифлайди. Узоқ сафарга борганда ҳам ёнингизда китоб олиб юрар экансиз. Интеллект актёрга қачон ёрдам беради? Шукур Бурҳонов ҳатто олий таълимни ҳам кўрмаган деймиз. Лекин у ўз даврининг энг зўр актёри эди. Умуман, китоб ўқийдиган актёр билан, ўқимайдиган актёрнинг ижросида фарқ сезиладими?
– Аслида буларнинг ўртасида кўп ҳам фарқ йўқ. Таълим ёки бадиий мутолаа туртки. Санъаткор ботинидаги кучни қўзғатиб юборадиган туртки. Шукур Бурҳонов эса санъатдаги ноёб ҳодиса... Ҳамма ҳам ундай бўлолмайди. Ўйлашимча, ҳамма гап ролга қандай муносабатда бўлишга боғлиқ. Масалан, сиз кўп китоб ўқисангиз-у, ролни қўл учида ижро этсангиз, барибир сохталик сезилиб қолади. Ёки бирор ёш актёр жон-жаҳди билан борлиғини бериб ролини ижро этса, бу ҳам гоҳида ёрдам бериши мумкин. Ҳаммаси иқтидорнинг даражасига боғлиқ. Мен китоб ўқисам, ўзим учун ўқийман... Балки қаердадир ёрдам ҳам берар...
Биз институтни тугатиб келганимизда ёш, келажаги порлоқ йигит дея таъриф беришган. Мен ҳозир ҳам янги ролга тасдиқланганимда ўша ёш, келажаги порлоқ йигит ҳолига тушаман. Саҳна бу мардлар майдони. Ҳар сафар биринчи марта имтиҳон топшираётгандек ўзингизни исботлашингиз керак. Мен машҳур актёрман, ҳозир қойил қиламан деб ролга кирдимми, ҳаммаси тамом...
– Кейинги савол шуки...
– Йўқ, кейинги саволга ўтмай туринг, бир шеър ёдимга тушиб қолди:
«Борлиғин топширса тўлқинга
Севаман, мен шундай одамни...».
Албатта, бу ижод денгизида сузиш... Актёрлик ҳам аслида ўзини тўлалигича ижод тўлқинига отишдир.
– Бир суҳбатингизда Наполеон Бонапарт ролини ижро этаётган актёр ҳақида айтгандингиз... Дунёни титратган саркардага жангда мағлубият хабарини етказишганида у қай аҳволга тушган экан... Мана шу ҳолатни экранда ижро этиш учун актёр қайноқ сув келтиришларини буюрган. Оёқ кийимини ечиб тоғорадаги қайноқ сувга тушган. Ўша пайтда унинг юз ифодасини кўрганингизда эди. Мана актёр, мана ижро дея эслагандингиз. Сиз ҳам азбаройи образ учун шундай тажрибалар қилганмисиз?
– Тасвирга олиш майдонида актёр ҳар кўйга тушиши мумкин... Мен ҳам бирор-бир тажриба қўллашим мумкин, шунга яраша арзийдиган сценарий, арзийдиган рол бормикан?
Бир пайтлар театрда «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» спектакли намойиш қилинарди. Мурод Ражабов бош қаҳрамон Маҳмудхонни ижро этарди. Ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди... Боягина ҳазиллашиб турган Мурод ака қандай услуб ёки метод қўлладики, бирданига фожиавий қиёфада пайдо бўлди. У саҳнага секин-аста чиқиб келар экан, қўлида шам... томошабин ҳам борлиғи билан уни кузатмоқда. Мурод ака секин-аста юриб келиб, «Марям, Марям» деб шивирлайди, чидолмайсиз, дод дейсиз. Бу қандай ижро? Бу қандай санъат? Актёрнинг ўша ҳолатини охиригача тасвирлаб беролмайман сизга, тушунтириш ҳам хато бўлади. Фақат буни кўриш керак...
– Кўп йиллар бурун театрдан кетишингизга сабаб нима эди? Ўша пайтда Афзал Рафиқов, Мурод Ражабов, Элёр Носиров каби истеъдодли актёрлар, катта санъаткорлар билан ёнма-ён ишлагансиз... Балки уларнинг ёнида ўзингизга ишончсизлик ҳисси туғилгандир...
– Ҳа, ҳозир чиройли гаплар топиб, йўқ, унақамас деб турли важлар келтиришим мумкин. Лекин бу ёлғон бўлиб чиқади. Сиз айтган сабаб ҳам бор, албатта. Саҳнамизда Афзал акадек, Мурод акадек катта актёрлар бор эди. Уларнинг ёнида менинг бор-йўқлигим сезилмасди ҳам... Яна эринчоқлик, қўрқув ҳам бўлган. Лекин булар асосий сабаб эмас деб ўйлайман. Биласизми, нега театрдан кетдим? Чунки ўша пайтларда театр давлат буюртмаларини бажарадиган фабрикага айланиб қолганди. Чинакам актёрнинг кимлигини кўрсатадиган бадиий асарлар бир четда қолиб кетар эди. Актёрда эркинлик қолмаганди. Маиший асарлар, жўн спектакллар орасида қандай ижод бўлиши мумкин? Бу актёрга халақит беради. Балки кетиб нотўғри қилгандирман...
Бир куни телевидениега чақиришди. Борсам, «Оёғингизни чалиштириб ўтирманг, галстук тақмагансиз, юзингизни ерга эгаверманг...» дейди. «Хўп, яна нима қилай?» дедим. «Фақат тўғрига қараб гапиринг» деганди, «Нима, мен сизга роботманми?» деб шартта чиқиб жўнавордим. Ана шундан бери телевидениега кам бораман. Театрда ҳам биз роботга айланиб қолгандик... Тушунтира олдимми?
– Албатта, яъни, ҳаммани бир хил қолипга солавермасдан, шахснинг ўзига хослигини сақлаб қолиш керак демоқчимисиз?
– Жуда тўғри, бирхилликдан асрасин... Чўлпон айтган эди адашмасам: «Бир хил, бир хил, бир хил...» деб.
– Сценарийни-ку чертиб-чертиб танлайсиз, буни биламиз... Нега ҳамма режиссёр билан ҳам ишлаб кетолмайсиз? Балки ўзи нима хоҳлаётганини билмайдиган, ролнинг аниқ моҳиятини тушунтириб беролмайдиган режиссёр билан ишлашга қийналарсиз?
– ...Буям бор...
– Бизнинг авлод сизни «Чархпалак», «Шайтанат» каби сериаллардан бошлаб таниган. Лекин яқинда кўрганим Жаҳонгир Қосимовнинг «Чангак» бадиий фильмида бош ролни ижро этган экансиз. Бу фильм ҳам ўз вақтида шов-шув бўлган. Илк бора мана шу фильмдан кейин Карим Мирҳодиев бўлиб танилгансиз-а?
– Ҳа, Хайриддин Султонов асари асосидаги «Чангак» фильми менга машҳурлик олиб келган. Фильмнинг муваффақияти нафақат муаллиф ёки режиссёрнинг маҳорати, балки Ҳожиакбар Нурматов, Диас Раҳматов, Тўти Юсупова, Сайёра Юнусова, Лола Бадалова, Иноғом Одилов каби санъаткорларнинг борлигида эди. Уларнинг тажрибаси менга кўп ёрдам берган.
Бир нарсага кўз юмиб бўлмайди. Кимгадир тақлид қилиб эмас, мана шу ролга шахс сифатида сенинг муносабатинг қандай, шуни кўрсатиб беришинг керак.
– Келинг, энди бироз ортга назар ташласак, ёнингизда ишлаган устоз санъаткорлар ёки дўстларингиз бўлган кўпгина актёрлар негадир ўз вақтида қадрланмаган, истеъдодига яраша рол берилмаганини биламиз. Бу ўша даврнинг фожиасидир балки. Шу актёрлар ижоди ҳақида тўхталсангиз...
– Булар жуда нозик гаплар. Номма-ном санасак рўйхат узун. Лекин тақдир имкон берган даражада ўз ролларини ижро этишди барибир. Республикада қирққа яқин театр бўлса, ҳар бирининг ўз Ҳамлети, ўз Ревизори ёки Дездемонаси бор. Мана шуларни излаб топиш керак...
Лекин мен бошқа нарсани айтмоқчи эдим. Бир актёр бор экан: театрда дам олиб, қаҳва ичиб ўтирадиган жой бўлади, биласиз, ўша ерда ўтирса, кўзи илиниб кетибди. Бир пайт спектакл бошланган, театр қўнғироғи жаранглаган, «диққат-диққат», вадаванг овозлар, аллақачон навбатдаги саҳна бошланиб бўлган. Бир пайт чўчиб уйғониб кетган актёр айтармиш: «Э, нима бўлаяпти бу ерда, спектакл бошланганга ўхшайди-ку, овозимни тезда қария овозига ўзгартириб саҳнага чиқишим керак» дермиш... Афсуски, актёрлар орасида мана шундай сохталиклар, ясамаликлар ҳам бор...
– Яна бир суҳбатингизда «Биз тарихий шахслар ҳақида фильмлар ишлашда озгина кечикаяпмиз» дегансиз...
– Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Бир-икки йил аввал элчихона ходимлари билан суҳбатлашиб қолдик. Улар айтишдики, эронликлар Беруний ва Ибн Сино ҳақида фильмлар ишлаб бўлишибди. Шу маънода озгина кеч қолмаяпмизмикан деб ўйлаб қолдим. Лекин фильм ишлаш керак экан деб борини ҳам савиясизлик, дидсизлик билан юмалоқ-ёстиқ қилиш керак эмас... Бир нечта тарихий фильм ишланди. Офарин, лекин экранда тирик шахс йўқ... Тирик қаҳрамон йўқ. Фариштасифат, ухласа ҳам салласини ечмайдиган, ҳеч хато қилмайдиган, силлиқ гапирадиган, жаҳли чиқмайдиган бир хил персонажлар бор. Нима, у одаммасми? Экранда бирорта тирик одам йўқ... Томошабин экранда ўзига яқин қаҳрамонларни кўрмаса, уларга қандай эргашсин?
Яна бир қусуримиз бор, доимо режиссёрни мақтаймиз. Гўё у бекаму кўст филм ишлагандек... Яқинда премерада бўлган бир воқеани айтиб берай. Ростгўй актёримиз бор экан, намойишдан чиқибди. Ишқилиб режиссёр кўриб қолмасин-да, йўқса бу пачоқ фильмини мақташим керак деб кетаётган экан, аксига олиб ўша саёз фильм режиссёри йўлда турганмиш, ҳамма уни янги фильмига ёлғон мақтовлар ёғдираётганмиш... Айланиб ўтиб кетай деса, ўзбекчиликка тўғри келмайди. Ўйлаб-ўйлаб бир ҳийла топибди. Тўғри режиссёрнинг ёнига бориб, икки қўлини маҳкам қисиб, «Табриклайман, бундай фильм ишлаш менинг қўлимдан келмасди» дермиш... (кулади). Устамонлигини қаранг...
Мана шундай кўзбўямачилик, таниш-билишчилик кинони ўлдириб қўяди... Ҳар бир актёрнинг дарди шуки, яхши фильмлар кўпайсин...
– Раҳмат суҳбат учун, ўша яхши фильмлар учун ўзингизни эҳтиёт қилинг. Соғ бўлинг...
Шоҳсанам ХИДИРОВА
суҳбатлашди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 4-сон.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ