Ижтимоий эврилишлар омили


Сақлаш
15:09 / 23.09.2021 1168 0

 

Трансформация (эврилиш) жамиятнинг бозор иқтисодиётига асосланган тараққиёт босқичига ўтишини англатади. Бироқ бунинг учун жамият аъзоларининг сиёсий онгида туб ўзгариш бўлиши лозим, бу ўзгариш эса, энг аввало, миллий ўзликни англашда намоён бўлади.

Сиёсий онг, ижтимоий-фалсафий моҳиятига кўра, назарий-концептуал ва амалий-стратегик хусусиятга эга тушунчадир. У жамият, давлат ва ижтимоий бошқарувнинг бош йўналишини ифода этади, кишилар ҳаётининг фундаментал аҳамиятга молик жиҳатларини қай томон йўналтириш мумкинлигини кўрсатади. Сиёсий онг ижтимоий онгнинг ўзаги сифатида жамият, давлат, институтлар ва индивидлар ҳаёти, турмуши, дунёқарашига таъсир этади. Бугун ижтимоий ҳаётни сиёсий воқелик, сиёсий онгга тааллуқли омилларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Сиёсий онг жамият янгиланишига беқиёс таъсир этгани боис, миллий ўзликни англаш билан чамбарчас боғланади. Ижтимоий ҳаёт ўз­ўзидан трансформацияга учрамайди, ҳатто сиёсий онг ҳам мазкур жараёнга бефарқ қолиши мумкин. Аммо у ижтимоий онг ва ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга назарий – концептуал ва амалий-стратегик йўналиш беришда давом этади.

Фикримизча, сиёсий онг стратегик мақсадни белгилаб бериш, социал бошқарувни йўлга қўйиш орқали ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсир этади. Лекин инсон фақат моддий ҳаётини яхшилаш, фаровонликка эришиш билангина қаноатланиб қолмайди, уни ён-атрофида бўлаётган сиёсий воқеалар, давлат ва жамият ишлари, инсониятнинг тараққиёт йўллари, моделлари, бу борадаги турли ёндашувлар ҳам қизиқтиради. Демак, сиёсий онг давлат ва жамият ҳаёти тараққиётидаги назарий-концептуал ва амалий-стратегик мақсадларни белгилаб бериш орқали барча соҳаларни ўзида мужассамлаштиради. Шу маънода, у ижтимоий онгнинг ўзагидир.

“Сиёсий муносабатлар жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг таркибий қисми ҳисобланади ва ушбу муносабатларни бошқарувчи, йўлга қўювчи, характерини белгилаб берувчи ўзак сифатида келади. Сиёсатнинг интеграл характери сиёсий муносабатларнинг барча соҳаларида иштирок этишни, уларнинг ўзаги эканини билдиради. Шунинг учун сиёсий воқеликни ўрганганда унинг интеграл характеридан келиб чиқиш талаб этилади, чунки интеграл концепцияси йўқ тадқиқот сиёсий воқеликни фрагментар, дескриптив таҳлил қилишга ва дедуктив, метафизик мушоҳадаларга олиб боради” (Қўчқоров В. Миллий ўзликни англаш ва ижтимоий-сиёсий жараёнлар. Тошкент, “Akademiya”, 2007. 65-бет).

Сиёсий онг ва миллий ўзликни англашнинг трансформация жараёнларидаги ўзаро боғлиқлиги, уларнинг диалектик ўрнини аниқлаш муҳим илмий аҳамиятга эгадир. Фикримизча, ушбу вазифанинг ижтимоий-фалсафий моҳиятини қуйидаги масалаларни муҳокама қилиш, тадқиқ этиш орқали очиб бериш мумкин.

1. Сиёсий онг ва миллий ўзликни англаш ўртасида этимологик, аксиологик фарқлар бўлса-да, уларга яхлит, стратегик мақсадга йўналтирилган, моҳиятан уйғун воқелик сифатида қараш ўринлидир. Ўтган асрнинг бошларида миллат келажаги, тақдири, истиқлоли учун курашган буюк мутафаккир жадидлар фаолиятини, курашларини эслайлик. Уларнинг саъй­ҳаракатлари, тилак ва орзулари миллат интилишларига мувофиқ эди; улар тузган ижтимоий-сиёсий партиялар, мактаб ва нашриётлар миллий ҳаётни янги босқичга кўтаришга қаратилган эди. Лекин мазкур интилишлар орзулигича қолаверади. Айб фақат чор ҳукуматидами? Ижтимоий онг янги ғояларни, истиқлол тўғрисидаги фикрларни, миллий ўзликни англашга қаратилган даъватларни эшитишга тайёрмиди? Сиёсий онг жадидлар фаолиятида устуворлик қилган; улар миллий ўзликни англаш, истиқлолга эришиш йўлларини дадил очиб берган, лекин ижтимоий онг, омма миллий ўзлигини намоён қилиш, истиқлол учун курашишга ҳали тайёр эмас эди. Демак, жамиятда трансформацион ўзгаришлар содир бўлишининг муҳим омили – сиёсий онг ва миллий ўзликни англаш, уни қатъий ҳимоя қилиш феноменларининг уйғунлигидадир.

2. Сиёсий онгнинг ижтимоий-тарихий тараққиётнинг объектив қонунларини тўғри англаши мавжуд вазиятдан ҳаққоний хулоса чиқариш, масъулиятни зиммага олиб, ижодий, социокреатив кучларга таяна билиш, халқни муайян идеал, ғоя, мафкура теварагида бирлаштириш билан боғлиқдир. Тарихда тараққиёт ҳақида бетакрор концепциялар, таълимотлар яратган диний ва дунёвий арбоблар кўп бўлган, аммо уларнинг утопик-футурологик ғоялари орзулигича қолаверган (Мангейм К. Идеология и утопия // Утопия и утопичес­кое мышление. Москва, “Прогресс”, 1991. Стр.113-169). Демак, трансформациянинг “долзарб реаллик” сифатида келиши, минглаб, миллионлаб кишиларни ҳаракатга сола олиши учун тарихий тараққиётнинг объектив қонунларини тўғри англамоқ зарур.

3. Моноэтник давлатлар ва жамиятларда трансформация тез ва самарали амалга ошади. Полиэтник давлатлар ва жамиятларда эса трансформация турли тўсиқлар, мураккабликларни келтириб чиқаради. Мазкур ҳолни бартараф этиш кўпинча этносиёсий омиллар билан боғлиқ. Ўзбекистонда амалга оширилаётган этносиёсат юртимизда ҳаёт кечираётган турли халқ, миллатлар вакиллари иттифоқини мустаҳкамлаш, этномаданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилгани ижобий натижа бермоқда.

4. Мустақиллик миллий ўзликни англаш феномени билан боғлиқ. Бу ўринда сиёсий онг миллий ўзликни англаш тарзида, миллий ўзликни англаш эса сиёсий онг кўринишида бўй кўрсатади. Мазкур боғлиқлик трансформацион ўзгаришларнинг назарий-концептуал асоси ва ижтимоий-амалий дастури сифатида намоён бўлади.

Сиёсий онг ва миллий ўзликни англашнинг ижтимоий ҳаётга таъсири жамиятни модернизациялашда ёрқин намоён бўлади. Мазкур муаммони профессорлар З.Исломов ва А.Қодиров махсус тадқиқ қилган. З.Исломов ижтимоий-ҳуқуқий жараённи такомиллаштириш, замонавийлаштиришнинг юридик муаммоларига эътибор қаратади. Олимнинг таъкидлашича, “Фуқаролик жамиятидаги ўзгаришлар албатта юридик шаклда бўлиши даркор. Қабул қилинаётган қонунлар жамият ривожланиши даражасига мос тушиши ва жамият демократик ривожланишининг узоқ муддатли истиқболлари учун, фуқаролик жамиятининг тикланиши ва ўз-ўзини тартибга солиш жараёнларини жадаллаштириш учун, шахс ҳамда жамиятнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит яратган ҳолда, ундан бир оз олдинда бормоғи ҳам шарт”.

Аксар ўзбекистонлик тадқиқотчилар сиёсий ҳаётга, жамиятни модернизациялашга “тизимли трансформация” хос деб билади. Уларнинг фикрига кўра, мазкур тизимли трансформация: 1) бозор иқтисодиётига ўтиш; 2) хусусийлаштириш; 3) иқтисодни барқарорлаштириш; 4) демократиянинг институтционаллашуви; 5) кўппартиявийликка ўтиш; 6) фуқаролик жамиятини шакллантиришдан иборатдир. Ўзбекистонда шарқона демократия принциплари асосида қурилаётган фуқаролик жамияти барча ислоҳотлар миллий тараққиётга йўналтирилгани билан ажралиб туради.

 

Суҳроб НОРҚУЛОВ,

Тошкент Тиббиёт академияси доценти,

фалсафа фанлари номзоди

 

“Тафаккур” журнали, 2016 йил 3-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси