
Уруш инсоният бошига доимо кулфат-балолар келтирган. Шаҳарларни вайрон қилган, одамлар қалбига қайғу солган. Ва ушбу даҳшатлар санъат, адабиёт аҳли ижодида ўз аксини кўрсатган. Шундай шох асарлардан бири испан рассоми Пабло Пикассонинг “Герника” асари ҳисобланади. Картина 1937 йили яратилган.
Машҳур “Герника” нинг яралишига Герника шаҳрининг бомбардимон қилиниши сабаб бўлди. Фуқаролар уруши даврида, 1937 йилнинг 26 апрел куни шаҳарга бир неча минг бомба ташланди. Натижада шаҳар буткул вайрон бўлди, 2000 га яқин киши вайроналар ичида қолди. Босқиндан сўнг шаҳар яна уч кун ёнди.
Уруш дахшатларини ҳис қилган Пабло Пикассо ўз кечинмаларини бир катта картина орқали тасвирлади. Асар маҳобатли бўлишишига қарамай унинг яратилишига атиги бир ой вақт кетди. «Герника» қора ва оқ рангли мойбўёқда ишланган. Унда ўлим, зўравонлик, ваҳшийлик, азоб ва ночорлик саҳналари, шаҳардаги қуролли босқин ва тартибсизликдан азоб чекаётган одамлар, ҳайвонлар, бинолар тасвирланади.
Асарнинг оқ-қора рангда чизилиши бир томондан ўша давр газета суратларига хронологик яқинлигини билдирса, бошқа томондан урушнинг жонсиз табиатини акс эттиради. Уруш дахшатлари, фожеаси, инсоният бошига солган кулфати рамзлар билан ифодалаган.
Картинанинг чап қисмида қўлидаги боласининг ўлими учун мотам тутаётган аёл, унинг тепасида кўзларини катта очган ҳолатда ўкираётган буқанинг расми тасвирланган. Марказда эса худди найзадан зарба олгандек йиқилиб тушаётган от тасвирланган. Отнинг бурни ва юқори тишлари одам калла суягига ўхшаш қилиб тасвирланган. Бу ҳам Пикассонинг рамзлардан маҳорат билан фойдаланганини билдиради.
От остида эса бўлакларга бўлинган аскар мурдаси турибди. Унинг кесилган қўли гул ўсиб чиққан қилични маҳкам тутган. Кўз шаклидаги лампочка азоб чекаётган отнинг боши устида ёниқ. Ўнг томонда тасвирланган аёлнинг ҳайратланган нигоҳи лампочкага қаратилган.
Пикассо ушбу асарини фашизмни қоралаш, унинг асил қиёфасини фош этиш ва миллионлаб инсонларнинг фашизмга нисбатан нафратини ошириш мақсадида ишлаган. Дастлаб кўргазмада намойиш этилганида бундай ғалати асарни кўрган томошабин ҳайратини яшира олмади. Оддий шакллар орқали урушнинг бутун бошли даҳшатлари шу қадар маҳорат билан очиб берилгандики, қаҳрамонларнинг қайғусини ҳис қилмай илож йўқ. Ҳасратга ботган, қайғули инсон қўллари, оғриқ билан кишнаётган от, ўкираётган буқа, фарзанди дардида фарёд ураётган она образи қалбни титратади.
Асар воқеалари ҳудди бир кичик хона ичида тасвирлангандек туюлади. Бунда ҳам ўзига хос маъно мужассам. Герника шаҳри ҳам Европанинг кичик бир бўлаги эди. Рассом дунё аҳлига урушга теранроқ нигоҳ, фикр, норозилик билан қараш лозимлигини уқтирмоқчи. Чунки асардаги Герника шаҳрида содир бўлган фожеа “фашизм”нинг куртак очаётганини, дунёга чанг солаётганининг акси эди. Дархақиқат, 1939 йили фашистик ғоя дунё бўйлаб кенг қулоч очади ва машъум II жаҳон урушига сабаб бўлди.
“Герника” нинг юқори чап бурчагида тасвирланган буқа боши кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. У жуда даҳшатли бўлса-да, нигоҳидаги бефарқлик ғалати таассурот уйғотади. Баъзи санъатшунослар бу образдаги нигоҳ фашизм ва ёвузлик, жоҳилликнинг тимсоли деб ҳисоблашади. Асар “кубизм” рангтасвирда алоҳида ўринга эга эканлигини билдиради.
Пабло Пикассо асарни Париждаги Бутунжаҳон кўргазмасида оммага намойиш этади. Урушнинг даҳшатлари ноананавий равишда ифодаланган картинани идрок қилишга меҳмонлар ҳали тайёр эмас эдилар. Бироқ асар уруш ҳақидаги энг буюк асарлардан бири, дея тан олинди. Ҳозир у Мадриддаги Реина Софиа музейида сақланмоқда.
Шаҳзод ШОМАНСУРОВ,
санъатшунос
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ