Ватанпарварлик, ҳарбийлик ҳақиқати ва зиддиятлари ҳақида кўриш керак бўлган беш фильм


Сақлаш
00:49 / 14.01.2023 788 0

Бугун Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилар куни кенг миқёсида нишонланади. Ҳарбийлар мукофотланади, табрикланади, байрамлар уюштирилади уларнинг шарафига. Аслида улар бундан ҳам кўпроғига лойиқ. Чунки ватан ҳимоячиси бўлиш бу ҳаловатингдан, истакларингдан, кези келса ўзингдан ва ҳатто жонингдан кечиш дегани. Ҳарбий бўлиш бу – севимли ҳаётингни севимлиларинг учун фидо қила олиш дегани балки. Шу маънода бугун Ватан ҳимоячиларининг, барча ҳарбийларнинг мудом яшириниб тургувчи ички ҳислари, жасорати ва матонати ёрқин кадрлар, рангларда очиб берилган беш фильмни тавсия қиламиз. Асли ватан ҳимоячиси бўлиш бу шунчаки танлов эмас, балки жасоратлиларгина танлай олувчи тақдир эканини англаймиз уларда.

Оддий аскар Раянни қутқариш (Save Private Ryan) 1998 йил

 

 

Иккинчи жаҳон урушида жанг қилаётган тўрт ака-уканинг учтаси деярли бир вақтда ҳалок бўлади. Капитан Жон Миллерга оиладан биргина ўзи омон қолган Раянни уйига қайтариш ҳақида буйруқ берилади. Ва у саккиз кишилик отряд билан оддий аскар Жеймс Раянни қидириш учун душман томонга йўл олади. Аммо бу осон бўлмаслиги аниқ, аскарни топиб, қутқариш ва уйга қайтариш уни жаҳаннам оғзидан суғуриб олишдек гап эди. Бир қанча йўқотишлар эвазига капитан оддий аскарни топади, аммо аскар ўз сафдошларини тарк этишдан бош тортади. Қийин вазиятда қолган капитан ҳарбийларга хос бўлган энг тўғри қарорни қабул қилади… Картина томошабинга жасорат ва ватанга садоқат ҳақидаги туйғуларни ич-ичидан ҳис қилишига имкон бериши билан қимматли.

 

Ливан (Lebanon) 2009 йил

 

 

1982 йил июнь, Биринчи Ливан уруши. Исроил танк командирига Ливан чегарасини кесиб ўтиш ва Исроил самолётлари томонидан вайрон қилинган чегара қишлоғини эгаллаш буйруғи берилган. Ушбу оддий вазифа тўсатдан экипаж учун ҳақиқий даҳшатли тушга айланади. Урушнинг бемаъни мантиғига ўралашиб қолган йигирма ёшли тўрт нафар йигит ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун кураша бошлайди ва шу билан бирга инсонийликни сақлаб қолишади... Фильм 1982 йил Ливан уруши пайтидаги Исроил танки экипажи ҳақида ҳикоя қилади. Бутун фильм фақат танкда ёки унинг кўриш мосламаси орқали суратга олинган. Танк ичига тўртта экипаж аъзосидан ташқари, баъзан отряд командири ҳам киради, шунингдек, суриялик ҳарбий асир ва жангарилар, вафот этган исроиллик аскарнинг жасади ҳам пайдо бўлади. Фильм урушда ҳам инсонийликни сақлаб қола олган жасоратли инсонлар ҳақида ҳикоя қилади.

 

Ғазаб (Fury) 2004 йил

 

 

1945 йил апрель ойи, немислар устидан ғалаба қозониш онлари яқин. Аммо бу унгача аскарлар ўлмайди, дегани эмас. Шунинг учун ҳам Африка ва Европада фашист қўшинларига қарши жанг қилган, тумшуғига «Ғазаб» сўзи ёзилган танк экипажининг мақсади битта – урушда қандай қилиб бўлмасин омон қолиш. Шундай кунларнинг бирида экипажнинг пулемёт ўқ отувчиси ҳалок бўлади. Унинг ўрнига келган аскар эса инсонларни ўлдиришни истамайди… Ҳаммаси шундан сўнг бошланади.

 

Аскарнинг отаси (Отец солдата) 1964 йил

 

 

Грузиялик кекса деҳқон Георгий Махарашвили танкчи ўғлининг яраланиб, касалхонага ётқизилганидан хабар топади. У ярадор ўғлини кўриш учун йўлга тушади. Аммо фарзандини касалхонадан тополмагач, уни фронт бўйлаб излашга тушади. Қидираркан, ҳар сония урушнинг раҳмсиз ҳолатларига дуч келаверган ота аскарлар сафида жанг қила бошлайди. Ва оқибат шундай жангларнинг бирида ота ўғли билан учрашади. Аммо узоқ кутилган учрашув фожиали якун топади – оғир яраланган аскар ўз отаси қўлида жон беради. Инсонийликнинг барча қирралари маҳорат билан тасвирланган ушбу фильм сизни бефарқ қолдирмайди, бизнингча.

 

Виждон амри (Hacksaw Ridge) 2016 йил

 

 

Виждон амри – режиссёр Мел Гибсон томонидан яратилган ҳарбий драматик фильм. Фильм реал воқеаларга асосланган бўлиб, ҳарбий хизматдан виждонан воз кечган биринчи америкалик, олий ҳарбий мукофот – «Шон-шараф» медалини олган Десмонд Доснинг «Окинава жанги»даги иштироки ҳақида ҳикоя қилади. 1920 йилларда Виржиния қишлоғида ёш Десмонд Досс уйдаги жанжал пайтида укаси Хелни ўлдиришга сал қолди. Бу воқеа ва христиан мактабида тарбияланиш Десмонднинг «Ўлдирма» деган диний амрга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Шу сабаб кейинчалик тақдир тақозоси билан ҳарбийга айланган Досс жисмонан бақувват, лекин диний сабабларга кўра, милтиқ олиш ва машғулот ўтказишдан бош тортгани учун ўз сафдошлари орасида ҳайратланарли одамга айланади. Картинани кўриш давомида аскарнинг ўз эътиқодида қолиши осон бўлмагани ва қандай қилиб, у қуролсиз ҳолда 75 аскарни қутқаргани ва миллат қаҳрамонига ҳақида билиб олишингиз мумкин.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//