
Янги йил байрами арафасида киши ўзини ҳеч нимага улгурмагандек ҳис қилади. Кейин бу ўйлар ўрнини фалсафий хаёллар эгаллай бошлайди. Бу дунё қонун-қоидалари охир-оқибат одамзодни чалғитишга қаратилган, деган фикрга бориб қоласиз беихтиёр.
Қуйида сиз учун беш фильм тавсияси: уларнинг барчаси сизни сайёра ва ундаги "система" билан таништиришга уринади ва қай маънодадир бунинг устидан чиқади.
Маслаҳатимиз, фильмлар нима демоқчилигини англаш учун эффект ва ҳаракатларга кўп ҳам аҳамият берманг.
1. Вачовскилар, "Матрица" (1999/2003/2003)
Трилогия жаҳон экранларида ёйилганидан сўнг кишилар дунёни иллюзор кўрмоқдамиз, деган ғояга маҳкум бўлдилар. Улар шунчаки роботлар дунёси таназзулга учрамаслиги учун ўз қобиғида батарейка мисоли сақланаётган уйқудаги одамлар плантацияси эдилар... Хўш, системани йўқ қилиши керак бўлган қаҳрамон – "танланган одам" ким? Ва уни аслида системанинг ўзи танламаганмикин?
2. Галдер Гастелу-Уррития, "Платформа" (2019)
Чекишдан қутулиш ва Сервантеснинг бахтиқаро, хаёлпараст рицари ҳақидаги китобини ўқиш учун ўз истаги билан вертикал қамоқхонага тушган йигит ноз-неъмат бутун қамоқ аҳлига етиши мумкинлигини англаб қолади. Бу ҳақда юқоридагиларга фақат биргина болакай орқали хабар юбориш мумкин. Яъни, бир одамни қутқарган, бутун оламни қутқаради.
3. Питер Уир, "Труман шоуси" (1998)
Тасаввур қилинг, ажиб кунларнинг бирида сиз атрофингиздаги барча нарса декорация, одамлар эса сохтакор актёрлардан иборатлигини сезиб қолдингиз. Чор тараф яширин камералар билан тўлган, бутун дунё сизнинг дарду изтиробингизни томоша қилади ва қарсак чалади, сиз эса нақ ўттиздан ошиб бу ҳақда хабар топдингиз. Хўш, бу ясама шаҳардан қочишга уринасизми?
4. Йоргос Лантимос, "Лобстер" (2015)
Яқин келажакда жуфтсиз яшаш тақиқланади. Жуфти йўқ ҳар қандай одам қўлга олиниб, меҳмонхонага жўнатилади ва 45 кун мобайнида ўзига жуфт топишига муддат берилади. Муддати ўтиб кетганлар эса ҳайвонга айлантирилиб ўрмонга қўйиб юборилади.
5. Люк Бессон, "Люси" (2014)
Ўтган аср олимлари одам ўз миясининг нари борса 3 фоизини ишлатади, деган назарияни келтирадилар. Уларнинг фикрича, даҳолар ҳам бу кўрсаткични 10 фоиздан юқорига кўтара олмайдилар. Хўш, агар ҳолатга кимёвий аралашув билан ёндашилса нима бўлади. Яъни, одамзод ўз миясидан 100 фоиз фойдалана олса?..
Алишер тайёрлади.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ