Жаҳон киносанъатида ҳануз дастхати йўқ, хато, хулоса ва сабоқ орасидаги ўзбек киноси ҳақида мутахассис таҳлили


Сақлаш
22:38 / 21.12.2022 1577 0

«Муаллифлик филми» атамасининг илдизи йигирманчи асрнинг эллигинчи йилларига бориб тақалса-да, бу тушунча ўзбек киносига анча кеч кириб келди. Чунки бизда кино асосан ҳукмрон мафкуранинг тарғибот-ташвиқот қуроли, яккафикрликка кўникилган ижтимоий муҳитнинг  солномаси вазифасини ўтаган. Ўтган аср бошларида яратилган «Ажал минораси», «Рамазон» ва «Қасам» каби филмларга қўйилган талаб бугун ҳам  давом этяпти. Шаклу ифода ҳар хил, бироқ ундан кутилаётган мақсад битта. Ўзбек киноси тарихи илмий-бадиий тадқиқотдан кўра кўпроқ социологик таснифга мос келишининг сабаби ҳам шунда. Чунки биз улар орқали бош сиёсий мафкуранинг қайси йилларда қандай эврилиб турланганига амин бўламиз. Эҳтимол, ҳануз жаҳон киносанъатида ўзбек киносининг ўзига хос йирик дастхати йўқлигига сабаблардан бири ҳам шудир. Яъни ёндашув, кинога қўйилаётган талаблар нотўғри бўлиб келган.

 

Ижтимоий буюртма филмлар билан муаллифлик филмига даъвогар хос санъат асарларининг фарқи нималарда кўринади? Санъатнинг марказида инсоннинг индивидуал дунёси туради. Муаллифлик филми ижодкорларини мана шу ўзига хос дунё қизиқтиради. Ирланд ёзувчиси Жеймс Жойс «Навқирон санъаткорнинг сийрати» романида «Сохта, ҳақиқий бўлмаган санъат пайдо қиладиган туйғулар — бу майл, интилиш ва нафратланиш, ҳазар қилиш. Майл-рағбат бизни яқинлашишга, қўлга киритишга чорлайди. Нафрат-ҳазар туйғуси тарк этиш, инкор қилишга ундайди. Бундай туйғуларни уйғотадиган санъат — порнография ва дидактика — ҳақиқий бўлмаган, сохта санъатлар. Шу боис, бу ҳолатда эстетик туйғу ҳаракатсиз, турғун ҳолатда бўлади. Фикр тўхтаб қолади ва майл ҳамда нафрат теварагида айланади, холос » деб ёзган эди. Шунингдек, сохта тарғибот ҳам нотабиий овозда ниманидир инкор қилиб, нимагадир даъват қилади.  Пропаганда  аралашган нуқтада ҳам санъат маҳв этилади. Ёт ғояни маданий-маънавий зуғум билан одамлар онгига сингдиришга уриниш — интеллектуал ҳаллолликни сиёсий матлаб йўлида қурбон қилиб юборишдир.  

 

Ёзувчи сўз орқали тафаккур қилса, кинорежиссёр – экран мутафаккири кадрлару рангтасвир орқали, актёрлар ижроси билан ўз фикрини ифодалайди. Ўтган асрда Шуҳрат Аббосов, Учқун Назаров, Али Ҳамроев, Элёр Эшмуҳаммедов, Қамара Камолова каби кинорежиссёрлар давлат киноси учун белгилаб берилган ижтимоий ҳудудни қисман кенгайтириб берди. Улар камера нигоҳини муваққат ғоядан қиялатиб инсон кўнглига яқинлаштиришди. Бу режиссёрларнинг кино санъатига муносабати жаҳон муаллифлик филмларидан улгу  олганини эслатади.  Олтмишинчи-етмишинчи йилларда воқеа бўлган, бугун олтин фонддан жой олган Али Ҳамроев,  Элёр Эшмуҳаммедов ва Қамара Камолованинг асарлари гўё маданийлашаётган, бироқ илдизларидан узоқлашган ўзбекларнинг оламидан ҳикоя қилади. Хўш, замонавий ўзбек киносининг бу борадаги изланишлари қандай кечаяпти? 

 

2017–2019-йилларда яратилган тарихий ва муаллифлик бадиий филмлари киноижодкорларга изланиш, хато қилиш ва ундан хулоса чиқариш имконини берди. Албатта, ҳар бир мактаб хатолардан чиқарилган сабоқлар орқали яралади. 

 

Али Ҳамроев ва Учқун Назаровнинг филмларидан биламизки, аёллар ҳуқуқи муаммоси илгаридан киноижодкорларни бефарқ қолдирмаган. Замонавий ўзбек филмлари устаси Ёлқин Тўйчиев «Маъсума» филмида ҳуқуқлари поймол этилган заҳматкаш аёл образига ҳамдардлик билан турли ракурсдан қарайди. Актриса Шаҳзода Матчонова ижросидаги Насиба сиймосида синган, паришон, маъюс ва дилбар ўзбек аёли гавдаланади. 

 

Филм қаҳрамони Насибанинг қисматида бир неча аёл тақдири мужассам. У бир вақтнинг ўзида эридан мужда кутаётган рафиқа, ўсмир ёшдаги ўт-олов болаларни улғайтираётган ёлғиз она, инжиқ-дардманд қайнонанинг мушфиқ келини, оний туйғуларни лаҳзада яшаган, севилиш эпкини лип этиб тегиб ўтган маҳбуба ва рақиба қаҳрига йўлиққан боши эгик аёл. Аслида бу залворли юкларнинг биттаси ҳам одам зотига оғирлик қилади, қаддини букади. Насиба Албер Камю эссесининг қаҳрамони каби «ўз қисматининг қаршисига, тўғрироғи, устига тушиб борарди» . Тақдирини издан чиқаришга қодир қай бир имтиҳонга йўлиқмасин, у барибир маъсумалигича қолаверади. «Сабр тимсоли» таърифини ишлатишни хуш кўрамиз. Лекин ҳар қандай сабрнинг ҳам чеки бор. Филм ижодкорлари «Ҳей, эр йигит! Бас, аёл аёл бўлиб қолсин! Унга севилиш саодатини туҳфа эт. Ўзингнинг оғир юкингни маъсум хилқат елкасига ортма» деган адолатли фикрни томошабинга уқтиради. Таъсирланиш ҳодисаси Ёлқин Тўйчиев ижодига хос муҳим хусусиятлардан биридир. Кўҳна Бухоронинг тор кўчаларидан маҳзун алпозда кетаётган маъюсдан-маъюс, камситилган Насиба доира-ю карнай-сурнайлар садосини қаршилашга, тўй кайфиятидаги омма оқими аро юриб боришга мажбур бўлади. Айнан шу манзара «кўнгилга қил сиғмаслик» кайфияти қандай бўлишини яққол ифодалайди. Бироқ бу кадр фавқулодда топилма эмаслиги синчиларга ҳам яхши маълум. Мазкур эпизод европалик яна бир машҳур образ – Желсоминани, яъни Феллинининг «Йўл» филми қаҳрамонини эслатиб юборади. Ўзининг кераксизлигини англаган, Зампанонинг ҳаётида тариқчалик ҳам ўрни йўқлигини тушунган аёлни саксофону флейта куйи катта томошага – маросимга етаклайди, у издиҳомга эргашади. Худди шундай воз кечилганлик изтироби Элёр Эшмуҳаммедовнинг «Нафосат» филми финалидаги карнавал фонида ҳам акс этган.   Дунё тўла шодлиг-у, фақат  унга етмаётган   “йиғлаётган қиз” кадрини “Нафосат” фильмидан тўққиз йил олдин ишланган “Кабириянинг тунлари” (реж. Ф. Феллини) фильмида ҳам кўрамиз.  

 

Ҳаёт ва ўлим мавзуси муҳаббат каби санъатнинг мангу мавзуларидан. Саноқли кунлари қолганини билган банда ўлимни қандай қарши олиши мумкин? Кинорежиссёр Рашид Маликов 2017 йилда суратга олган «Сабот» бадиий филмида ҳаёт билан мардонавор хайрлашаётган кишининг сўнгги кунларидан ҳикоя қилмоқчи бўлади. Унда инсон  ўзи билан курашади, инсон инсон билан курашади ва инсон жамият билан курашади. Филм воқеалари йигирманчи асрнинг саксонинчи йиллари сўнгида, Қорақалпоқ диёрида кечади. Бош қаҳрамон Сайдуллани хотиралар таъқиб этади. Уруш кўрган одам эмасми, жамиятдаги ноҳақликларга тик қараб, муаммони сабот билан ечишга ҳаракат қилади. У мактаб болалари учун сув келтиришга, ота бир, она бошқа  невараларини таништириб, қондошлик ришталарини боғлаб кетишга ва афғон урушида ҳалок бўлган сафдошининг оиласидан хабар олиб, бўйнидаги қиёмат қарзни узиб кетишга улгуриши шарт. У улгуради ҳам...   Лекин нега шу пайтгача уза олмади? Савол очиқ қолган.

 

Филм қаҳрамонлари томошабинни ўзининг дардига, ҳаётига шерик қила олишга ожиз. Кинорежиссёр Рашид Маликовнинг бу филмини инсон ҳақидаги тасаввурнинг тасвири дейиш мумкин. «Инсон тақдири»  каби санъат асарларининг томошабини бу ерда матонат ва саботнинг ўзини эмас,  у ҳақдаги хомаки чизгиларни кўради. Кинокартинадан сизиб чиқаётган совуқ кайфият қаҳрамонлардаги бегоналикни янада бўрттириб кўрсатади. Томошабин бир қанча саволларга юзма-юз келади. Филмнинг бир эпизодида ҳарбий хизматдаги Сайдулла (Карим Мирҳодиев) дўстига (Сейдулла Молдахонов) «хотинингга юбкадан кўра жинси шим ярашади» дея қўл ҳаракатлари билан Салтанатнинг белидан пастки қисмини ҳавода «чизиб» кўрсатиб беради. Ва бу ножўя ҳолат жўрачилик ҳазили ўрнида ўтади-кетади. Оқшом Сайдулланинг уйига мактаб директори (Нигора Каримбоева) овқат кўтариб кириб келади. Майли, бу марҳаматни инсонийлик юзасидан деб тушундик. Бироқ директор хоним тўсатдан Сайдулла унинг уйига кўчиб ўтишини, эридан ажрашгани ва болалари йўқлигини ҳисобот оҳангида айтиб қолади. Бу ўринда аёл ҳасбу ҳолини кўп йиллик «кару кўр» ҳамкасби, ҳаммаслагига эмас, томошабинга айтаётганини илғаб олиш қийин эмас. Оддий инсоний низомларга зид бу каби ноҳаётий лавҳалар филм муаллифи халқ характерини теран тушунмаслигини, миллий руҳиятни яхши билмаслигини фош этиб қўяди. Картинада мактаб ҳаёти кўрсатилаётган айрим кадрлар ҳувиллаб ётибди. Яъни мактабга хос қайноқ-жўшқин муҳит йўқ. Филм бошида уч-тўрт боланинг ҳовлида копток ўйнаётганини кўрамиз, холос. Қолаверса, саратон касалига йўлиққан беморга дўхтирнинг энсақотар, ҳиссиз муомаласи кишини янада таажжубга солади. Гўё мижоз хунук юқумли касалликка чалингандек таассурот уйғотади. Зулхумор Мўминова талқинидаги бева аёлнинг Сайдуллага таънали нигоҳи, ўтказиб қўйгандек иддаоли овози ҳам изоҳталабдир. Ўтмишда эрининг ўртоғи билан қандайдир хос муносабат бўлганмикан деган номаъқул хаёлларга етаклайди. Эҳтимол, «эрим ўлиб, сен тирик қолдингми?» демоқчидир, бироқ орадан ҳар қандай дардга таскин берувчи вақт ўтган. Ва бу асоссиз таънани биргина нигоҳ билан ҳам чиқариш мумкин аслида. Бедаво саратоннинг оғир босқичи билан курашаётган хаста Сайдулла тик оёқда бемалол юра туриб, гўё кучли юрак хуружи тутган ёки қон босими кўтарилиб, бош миясига қон қуйилган бемор мисол тўсатдан йўл ярмида жон беради... Киносценарий ясаш техникасини ўзлаштириш, кўп йиллик тажриба бошқа масала, бироқ ҳаётнинг қоқ бағрида қовжираётган инсон қиёфасини экранда яратиб, одамларни унинг оламига олиб кириш санъаткордан юксак инсоний-ижодий эътиқодни талаб қилади. 

 

Кинодаги қадамини қисқа метражли филмдан бошлаган Умид Ҳамдамовнинг илк катта режиссёрлик иши «Иссиқ нон» бадиий филми 2018 йилда суратга олиниб, 2019 йилнинг воқелигига айланди. Филмдаги воқеа-ҳодисалар сўлим бир қишлоқда кечади. Бир қараганда мол-ҳол деб куймаланаётган ўзбекнинг кундалик турмуш тарзи намоён бўлади. Лекин шу туссиз, ивир-сивир ҳаёт шоирона кайфият билан экранга кўчган. Овози синиқ, сиртдан нимжон, заиф кўринган янга (Феруза Саидова) қисматнинг бор залворини нозик елкасида кўтаришга маҳкум. Филмда «гапирадиган» рамзий топилмалар бисёр. Ва ҳар бири ўринли, табиий. Атай ишлатилмайди. Рамз рамзлигича қолиб кетмайди, улар ҳаракатда бўлади ва яшайди. Рамзу тимсоллар ўзини «мен ўзига хос топилдиқман» деб таъкидламагани учун ҳам кайфият ярата олган, томошабинда туйғу уйғотади. Масалан, Ёлқин Тўйчиевнинг филмларида рамзлар гоҳида бошқотирмага айланиб кетади. У бошқотирмани ечиш жараёнида эмоционал кайфият томошабинни тарк этиб улгуради. Натижада ҳиссий таъсир йўқолиб қолади.

 

Ёлқин Тўйчиевнинг шафқатсиз тафаккури тимсоллардан ҳаёт яратса, Умид Ҳамдамовнинг  ҳақиқати тимсолларни товони ерга тегиб турган инсоннинг ўзидан, ҳаётнинг қоқ бағридан олади. «Иссиқ нон» филмида мажоз ҳаёт моҳиятини, инсон изтиробини ҳақиқатнинг қаъридан олиб чиқувчи кино тилига айланган. Биргина мисол: том сувоғи кадри. Уй томини бутлаш – турмушнинг мушти ҳали ўсмирлик остонасига етмаган болаларнинг елкасига тушган.Айни дамда лойсувоқ қилинаётган томга ёнма-ён тепаликда қўшни болаларнинг шўх-шодон қийқириқлари эшитилади. Мазкур лавҳа қачонлардир муаллим бўлган, миллат болаларини маърифатга етаклаган, бугун ҳам сўзини бермайдиган Лайло буви хонадонидаги ички вазият таранглигидан дарак беради. «Филм уч аёл тақдири ҳақида рамзлар тили билан ҳикоя сўзлайди. Лекин ҳамма томошабин ҳам илғамайдиган бир жиҳат бор. Рўзғор, оила, қишлоқ ва, умуман айтганда, ватан юкини елкага оладиган марди майдонлар қаерда?» . Воқеалар асносида бор-йўғи биргина эркакни кўрамиз. У ҳам телба, соғ эмас. Аёл олдидаги масъулият нима, қиз бола шаъни нима – бу тушунчалардан мутлақ мосуво дарди бедаво кас. Аёлнинг шаънини аёл (янга) қўриқлайди. Филм қаҳрамони Зулфия ота тарбиясини кўрмай, эркак маҳобатини туймай ўсаётган, аёллик инжалигини аёл бўлмасданоқ бой бера бошлаган асов қиз. Унга ҳадику ҳайиқишлар бегона. Нозик хилқатлик ним афсона. Ҳаётни тушунгани сари уни болалиги ҳам тарк эта бошлайди. Фарзанднинг йиртиғига ямоқ бўлиб яшаш – оналик қисмати. Бувининг бўйнидаги калит онанинг кўксига қулфланган оиланинг кўп йиллик сиридир. Онахоннинг руҳий аҳволини мақолларда момоларимиз ифодалаб кетган: «Ўйнайману куламан, ўйнаш болам ичимда». Яъни ўйнаса ҳам, кулса ҳам мусибати қиёмат қадар уни тарк этмайди, лекин бу сирни ошкор этиш асло мумкин эмас! Тадқиқотчи Дилрабо Мингбоева «Тимсоллар тилсими» китобида калитни донишмандлик ва васваса, сир ва унинг фош этилиши ҳамда ҳокимият тимсоли деб шарҳлайди. Қолаверса, сўфийлар калитни мушкул синовлар рамзи деб ҳам талқин этар экан. Шу маънода «ҳокимият тимсоли»– калитни нега келин қабул қилмаганини тушуниш мумкин. Чунки қайнона – оиланинг ҳақиқий бекаси ҳали ҳаёт! Бироқ учинчи авлоднинг исёни калитни «азиз тахти»дан – Лайло буви бўйнидан мосуво этади.

 

Филм бошида Зулфия чиққан автобус қоронғи туннелга кириб кетади, филм сўнгида эса ўша автобус зулматдан чиқади. Энди эшик қолиб, деразадан кириб-чиқишга одатланган, нуқул янги сўқмоқлардан юрадиган Зулфия ҳам янгаси каби ҳаёт хамирини қоришга киришиб кетади, ниҳоят аёлликни, ҳамма бўйин эгган қисматни бўйнига олишга киришади. Филм финалида Зулфия соҳилга югуриб келарди. Тўлқинлар мавжланаётган кўлга – сув бағрига тушади, лекин бошидаёқ тўхтайди, қаршисида қиз ҳали етиб бора олмаган яна қанча тўлқинлар мавж урарди... Актриса Феруза Саидова ижросидаги янга гўё эрини наҳанг балиқ еганига ишонадигандек тутади ўзини. Аслида ҳам унинг эрини наҳангмисол нафс  ютиб юборган эди. Янга гиёҳ теради, кулчадек қишлоқдан кенг шаҳарга гиёҳ ташийди. У Зулфиянинг ярасига ҳам малҳам суртмоққа шайланади. Аёл жамиятнинг жароҳатларига даво истаяпти. «Дардинг ошса дарё ёқала, шодлик ошса мозор орала» дейишади.  Нега янга каби Зулфия ҳам мудом кўлга – сувга интилади? Сув ҳаракатдаги жараён, тирикликнинг бош унсури. Икки аёл ҳам бир-бирини сув бўйида англайди, руҳий бир бутунликка айланади. Филмнинг хулосаси ҳам Зулфияни тўлқинлар томон етаклайди. Адабиётларда ер сингари сув ҳам аёл унсурига қиёс қилинади. Фолклоршунос олим Шомирза Турдимов «Халқ қўшиқларида рамз» китобида ёзади: «Коинотда дастлаб сув бўлган деган ибтидоий тасаввурлар сувни яратувчи култ – осмон ғояси билан боғлайди. Сувнинг аёл тимсолида англаниши, аёлнинг ҳосилдорлик, оналик ва болалик топинчларига боғлаб талқин этилиши, қўшиқларда аёл севгиси, оила, фарзанд кечинмаларини ифодалашнинг ибтидоси ҳам ушбу ишончларга уланади». Агар шу нуқтаи назардан қарасак, Зулфия асл ўзлиги томон талпинаяпти. Жамият нозик елкасига эркак миссиясини минг ортмасин, улар илоҳий фитратидан кеча олмайди. На ўспирин қиз бўлсин у ва на ёш жувон. Иккиси ҳам айнан кўл бўйида инжалашади, аёллашади, увол қолган ҳаққининг хаёлларини суради. Бироқ тун – ғор турмуш бунга узоқ имкон бермайди. Нон Ер каби айлана шаклида, тасвирчи нигоҳи билан қарасангиз, қишлоқ ҳам тепадан шу кўринишда намоён бўлади, демак, қаҳрамонларнинг дарди туганмас дард, авлоддан-авлодга айланиб келаверади. 

 

Филмни кўриш давомида фақат бир савол одамни ўйлантиради: тупроқли кўчадан, сочлари тўзиб ролик учиб келган Зулфияга бувиси хамир қоришни буюради. «Сочингни йиғ» ёки «қўлингни юв» каби даккилар йўқ. Ҳолбуки, қишлоқларда аёллар қўлини супрага узатишдан аввал албатта чайиб олади. Эҳтимол, бу арзимас детал бўлиб туюлар. Лекин мана шу «арзимаслар» тарихий филмларда ҳам учрайди. Масалан, Йўлдош Аъзамовнинг «Ўтган кунлар» филмида Отабек қўлини ювганидан сўнг силкийди, яъни сув томчилари атрофга сачрайди. Ҳолбуки, исломий маданияти кучли Юсуфбек ҳожининг ўғли учун бу қўпол хато ҳисобланади. Масалан, эрон режиссёри Мажид Мажидийнинг «Жаннат ранги» филмидаги кампирнинг қаварган қўллари ва тирноғининг ич-ичига ботиб кетган кир кекса онанинг куни томорқада ўтишини, унинг келини йўқлиги боис рўзғорнинг бутун ташвиши заҳматкаш буви елкасига тушганини кўрсатиб туради. Ва қаршингизда актриса эмас, ҳақиқий қишлоқ аёли, она табиатнинг муштипар бир бўлаги турганига ишонч уйғотади. Бу тахлит ўта ҳаётийлик, синчилик режиссёр яратган муҳитга томошабинни тез олиб киради, ўз-ўзидан қаҳрамонларга ҳамдард бўла бошлайсиз.

 

«Иссиқ нон» филми эр йигитга эҳтиёжманд муҳитдаги аёлларнинг ўрни ҳақида, ўчоғи вайрон – боши йўқ уйнинг аҳволи хусусида ҳикоя қилади. Онаизор – ўғилнинг қайноқ меҳрига зор, жабрдийда хотин – эрнинг кенг елкасини қўмсар, мурғак қиз – отанинг иссиқ бағрига муҳтож. Уч авлод вакили ўз ёғида ўзи қовурилиб ётибди. Филмнинг ютуғи шундаки, ундаги маиший муаммо миллий дард даражасида юксалади. 

 

2019 йилда ишга тушиб, 2020 йилда катта экранга чиққан «Рангсиз тушлар» филми Аюб Шаҳобиддиновнинг Умид Ҳамдамов билан ҳамкорликдаги илк катта ижодий иши ҳисобланади. Мазкур филмнинг сценарий муаллифи – Умид Ҳамдамов. «Рангсиз тушлар» психологикдрамаси тош шаҳарнинг тош кўнгли ҳақидаги маҳзун филм. Филм воқеалари пойтахтда кечади. Тасвирчи Азизбек Арзиқулов одамлар тақдирига дахлдор катта шаҳар қиёфасини борича – реалистик тасвир билан кўрсатган. Муаммолар замонавий, дард бугунники, лекин тутумлар эски, омманинг тафаккур тарзи «одамлар нима дер экан»га йўналтирилган. Умуман, Шаҳобиддиновнинг кейинги ижодий изланишларида ўзгача тийнатли, зиёли аёлларнинг дунёсини тадқиқ этишга уринишлар бор.

 

Воқеалар бир маромда сокин кечар, филм қаҳрамони Кашмиранинг қисмати Ҳиндистон ва Покистон орасида қолиб кетган жаннатмакон водий – Кашмирни эслатади. Аслида у ўзининг идроки, фаросати, ҳусни билан бошқача тақдирга муносиб эди-ю, лекин ёшликнинг бир бебошлиги оқибатида жамиятдан сурилган кимсага айланди-қолди. Одам адашади, қоқинади, алалоқибат шахсга айланади. Кашмиранинг хатолари ҳам, қамоқда кечган ўн етти йиллик ҳаёти ҳам беиз кетмади, уни улғайтирди, гуноҳлардан фориғлади. Лекин «иссиқхона гуллари»га кўниккан жамият аёлни қабул қилишга тайёр эмас. Холиқдан эмас, балиқдан қўрққан оила учун одамларнинг гапи муҳим. Афсуски, бу ҳол ўзбекона менталитет деб ҳам хаспўшланади. 

 

«Рангсиз тушлар» анъанавий услубда тасвирга олинган. Узун-узун ҳаракатсиз кадрлар интеллектуал-муаллифлик филмларига хос унсур. Бир фикрни ҳазм қилиб олган томошабинни кейинги кадрга – фикрга тайёрлашнинг йўли бу. Филмда кўп муаммолар кўтарилган, лекин катта-катта оғриқлар Кашмиранинг биргина сири очилиши фонида қолиб кетади. Финалда шу «сир» олиб чиқилади. Бу кинофилмнинг юкини бироз енгиллаштириб қўйгандек.

 

Зулфиқор Мусоқовнинг 2021 йилда катта экранда намойиш этилган “Ҳайрат” (“Алвидо, сценарист”) фильми ижтимоий буюртмаларга  бўйин бермаган сценаристнинг изтиробларидан  ва сўнгги асаридан ҳикоя қилади. Бош қаҳрамон ҳаётидан шундай хулоса келиб чиқади: сен қанчалик истеъдодли бўлма, ижодий принципингдан кечолмас экансан, яккафикрга кўникиб бўлган, авторитар жамият учун бегонасан, ҳеч кимсан! Давр дўқларига лаббай деб жавоб берган ўртамиёна ижодкорнинг  ошиғи  ҳамиша олчи. 

 

Фильм  санъат идеал йўлбошчига муҳтож эканини кўрсатади. Идеал раҳнамо соғинчи Мусоқовнинг “Абдуллажон” фильми билан бирга туғилган. Каттадир-кичикдир ижтимоий оғриқлар бу режиссёрни доим безовта қилиб келади.   Кинорежиссёр   орзусидаги раҳнамо қиёфасини Шароф Рашидов ( актёр Саидкомил Умаров) сиймосида гавдалантиради. Фильм ичидаги фильмда хиёнат — истеъдод ва муҳаббатнинг ёзуғи, у ҳамон ўзининг муносиб баҳосини  тополмади, деган фикрни уқамиз. Бироқ кинокартинадаги сюжетлар шу қадар тиғиз ва зички,  кадрдан-кадрга сакраб ўтаётган томошабин бу “мозаика”дан асосий ўқ томирни топиб олишга қийналади. Актёрлар ижросидаги қолиплашган қилиқлар, нотабиий хатти ҳаракатлар характер хослигини хиралаштириб, персонажларга бачкана бўёқдорлик тусини беради. Фильмдан-фильмга кўчиб юрувчи қайтариқларни, чувалашиб кетган мантиқ ипини З. Мусоқовнинг фақат ўзига хос дастхати дейиш мумкиндир, бироқ бу “дастхат” фильмнинг  бадииятига, ундаги эстетик кайфиятга соя солаётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. 

 

Киношунос Сосо Тугуши таъкидлаганидек, «Муаллифлик филмига инсон табиати ва унинг мавжудлик моҳиятини очиб берадиган бадиий- фалсафий асар деб қараш лозим. Бу турдаги филмлар инсон ҳаётининг ҳамма  кўриши мумкин бўлган жиҳатларини эмас, унинг ички руҳий мушкулотини, қўрқувини, ўз-ўзидан бегоналашуви ва уларни енгиб ўтишдаги иродаси билан боғлиқ мавҳум жараёнларни ифодалайди. Томошабинни экзистенциал муаммоларни, демакки, ўз-ўзининг моҳиятини тушунишга чорлайдиган ижод шакли ҳисобланади» . Бироқ сўнгги йилларда яратилган «Тенгиз», «Тутқунлик», «Ватан остонаси» каби филмлар бугунги ўзбек киноси киношунос айтган мазкур мезондан, муаллифлик филмлари мақомидан буткул узоқлашиб бораётганини кўрсатди. Ўтган аср хатоларидан хулоса чиқарилмаган. Али Ҳамроев, Қамара Камолова ва Ёлқин Тўйчиев каби режиссёрларнинг филмлари ҳам катта экранга чиқди. Лекин... Майли, бу энди бошқа мавзу.

 

Иқбол Қўшшаева,

ЎзФА Санъатшунослик институти таянч докторанти

«Маънавий ҳаёт» журнали, 3-сон.

«Инсон руҳий дунёсининг инъикоси» мақоласи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//