
Юртимиз маданий ҳордиқ ва киши билимини юксалтиришга мўлжалланган масканларга бой. Шулардан бири бўлмиш санъат жавоҳирлари сақланувчи ва кенг оммага нодир коллекция намойиш этувчи Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳақида гаплашсак. Хўш, Санъат музейининг қандай осори-атиқалари, қизиқ томонлари борки, сиз ташриф буюришингиз ва томоша қилишингиз зарур бўлса? Қуйида у ҳақида билишингиз керак бўлган беш маълумотни келтирамиз.
1. Қадимги дунё маданияти ва санъати
Музей экспозицияси Ўзбекистоннинг қадимий санъат ёдгорликлари – Зараутсой расмлари, Холчаёндан топилган ҳайкаллар намойиши билан бошланади. Юртимиз ҳудудида яшаган қадимий халқлар санъати акс этган ушбу намуналар сизни беихтиёр тарих уммонига чорлайди. Бу ердаги қадимги дунё санъат намуналари томошабин тасаввур сарҳадларини кенгайтиради, инсоният тамаддуни, эътиқодлар, олис ўтмиш одамларининг ҳаёт тарзи ҳақидаги хаёлларга ғарқ қилади.
2. Машҳур рассомларнинг ноёб асарлари
1918 йили асос солинган музейда асосан Европа ва Россия рассомларининг ноёб асарлари сақланади. Бунинг сабаби бор, музей Тошкентда яшаган рус князи Н.К. Романовнинг шахсий тўплами асосида ташкил этилган. Ушбу коллекцияда Ғарбий Европа ва Россияда яшаб ижод қилган мусаввирларнинг портрет ва тарихий картиналари, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари, бундан ташқари бадиий мебель, чинни буюмлар мавжуд. Жумладан, бу ерда К. Брюллов, А.Кипренский, И.Айвазовский, И.Шишкин каби мўйқалам усталарининг бебаҳо асарлари намойишга қўйилган.
3. Марказий Осиё рассомлари асарлари
Музей фондининг катта қисмини Ўзбекистон тасвирий санъати асарлари ташкил қилади. Таниқли рассом, табиат куйчиси Ўроль Тансиқбоевнинг бетакрор юрт кенгликлари акс этган манзаралари, Абдулҳақ Абдуллаев, Шамсирўй Ҳасанова каби мусаввирларнинг ижод намуналари томошабинни ҳам завққа тўлдиради, ҳам ўйга толдиради. Айниқса, Чингиз Аҳмаровнинг нафис асарлари, Раҳим Аҳмедовнинг чуқур ўйлантирувчи психологик портретлари, Рўзи Чориевнинг бетакрор картиналари музейга ижодий кайфият беради, руҳингизни кўтаради. Шунингдек, музейда Марказий Осиёда яшаб ижод қилган мусаввирларнинг ҳам 250 га яқин асарлари тўпланган. Хусусан, Ўзбекистонда яшаб, ўзининг янги ижодий қирраларини кашф этган рассом – Павел Бенков асарлари кишини мафтун этмай қолмайди. Яна А. Волков, М.И. Курзин, Усто Мўмин (А. Николаев) ва бошқаларнинг асарларига алоҳида ўрин берилган.
4. Ўзбек халқ амалий санъати асарлари
Музейда нафақат нодир рангтасвир асарлари, шу билан бирга халқ амалий безак санъати экспонатлари ҳам намойиш этилади. Бу бўлимда заргарлик, кандакорлик, гиламдўзлик, каштадўзлик, кулоллик намуналарини учратишингиз мумкин. Бундан ташқари ганч, ёғоч ҳамда тош ўймакорлиги намуналари, заргарлик, гиламдўзлик, каштадўзлик, кулолликка мансуб қимматли буюмлар орқали ўзбек халқининг қадимий ва бой амалий безак санъати ҳақида тўлиқ ва қизиқарли маълумот оласиз.
5. Шарқ ўлкалари санъати асарлари
Ушбу маскан бой коллекцияси билан бошқалардан ажралиб туради. Унда Ҳиндистон, Хитой, Япония, Въетнам, Жанубий Корея, Мянма каби мамлакатларнинг тасвирий ва амалий санъат намуналари ҳам намойиш этилади. Шарқ ўлкаларидан келтирилган сувратлар, бронза, чинни, фил суягидан ишланган юзлаб ноёб экспонатлардан иборат тўпламлар музейга ташриф буюрувчилар эътиборини тортмай қолмайди. Бу бўлимда миттигина ҳайкалтарошлик намуналаридан тортиб, улкан ва бетакрор Хитой кўзаларини ҳам кўришингиз мумкин.
50 мингдан зиёд экспонатга эга мазкур музей Халқаро музейлар қўмитаси (ИКОМ) аъзоси. Фаолияти давомида АҚШ, Россия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция каби мамлакатларда уюштирилган катта кўргазмаларда ўзининг бой коллекцияси билан иштирок этган музейга ташриф буюрсангиз нафақат вақтингизга ачинмайсиз. Балки ўзингиз учун жуда кўп маълумотларга, янги таассуротларга эга бўласиз.
Шаҳзод ШОМАНСУРОВ,
санъатшунос, фотожурналист
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ