Геосиёсий гўдак қўрқуви, гермафродит ишораси, дунё тухуми ва иккинчи жаҳон уруши – Сальвадор Далининг бир асари хусусида


Сақлаш
22:47 / 18.11.2022 996 0

Дали – асарлари ва услубининг ўзига хослиги билан оламшумул машҳурликка эришган ижодкор. У график рассом, ҳайкалтарош, режиссёр ҳамда сюрреализм намоёндаси. Унинг ҳаёти ва ижоди, услуби, асарларидаги ғоялар ҳамон муҳокама қилинади. Кўплаб санъатшунослар Далини даҳо даражасидаги рассом ҳисоблагани ҳолда айрим мусаввирлар уни сюрреализмдан бутунлай чиқариб ташлаш тарафдори. 

 

Мусаввирнинг “Геосиёсий гўдак янги инсон туғилишини кузатмоқда” суврати айни иккинчи жаҳон уришининг қизғин палласида, 1943 йилда ишланган. Сальвадор ўша маҳаллар АҚШда хотини Гала Дали билан истиқомат қилар, бу сиёсий бўҳронлар ҳамда жамиятда муҳит, қарашлар ва қадриятлар ўзгараётган бир давр эди, бунга картина номи ҳам ишора қилмоқда. 

 

Дали асарларидаги мазмунни унинг номи орқали беришга интилади. Ушбу асар ва унинг номи ҳам томошабинга инсоният кутаётган улкан ўзгаришлар, гўё янги тамаддун бошланаётганидан огоҳлантиришга ўхшайди. Дали ижодида реализм билан сюрреализмнинг уйғунлиги сезилади – картина рамзларга тўла. Шундай рамзлардан асосийси – ер шари ва унинг шаклидир. Дали ерни тухумсимон шаклда акс эттирган, тухум ёриляпти ва ундан янги одам чиқишга уриняпти.

 

Тасвирий санъатда тухум рамз сифатида кўплаб рассомлар ижодида кузатилади. Бу дунё тухуми мифи билан боғлиқ: деярли бутун дунё халқлари оғзаки ижодида дунё тухумдан пайдо бўлган (туғилган) деган мифлар бор. Экстравагант рассом Салвадор Далининг сюрреал ижодида ҳам тухум туғилишни, янги потенциални англатади. Яъни эски дунё ёрилмоқда ва ундан янги тамаддун пайдо бўлмоқда.

 

Тухум юзасида дунё харитасини тасвирлаган. Унда Шимолий Америка қитъаси ёрилиб, янги инсон танасининг бир қисми кўринади – у қўли билан чиқишга жой очмоқда. Дарҳақиқат, АҚШ II жаҳон уришидан сўнг янада юксалди. Унинг иқтисоди мисли кўрилмаган даражада ривожланди, миллий валютаси дунёни забт этди. Геосиёсий нуқтаи назардан янги гегемонга айланди. 

 

 

Баъзи санъатшунослар ижодкор картинани АҚШда яшаётган даврда яратгани учун инсониятнинг янги цивилизацияси айнан Шимолий Америкадан бошланади деган ғояни илгари сурганини таъкидлайдилар. Бу фикр бир маънода нотўғри – Дали ҳаёти давомида бировга (яна бу ҳукумат маъносида бўлса) ёқиш учун ҳаракат қилмаган. Унинг феълида бирор кимсага, умуман жамиятга бўйсуниш хислати йўқ эди. Шу боис доим оиласи – отаси билан муаммолари бўлган. Дали жамиятни ўз ортидан эргаштиришни истовчи рассом: асарларидаги ноодатийлик инсонни ўйлашга, фикрлашга ундашининг боиси шу. Мазкур асарида ҳам у иккинчи жаҳон уруши кўп ўтмай якунига етиши ва янги дунёга АҚШ ҳукмрон бўлишини айтмоқчи. Асар номида ҳам бежизга “геосиёсий” ибораси ишлатилмаган. Рассом “янги инсоният” дунёга келмоқда, янги барқарорлик, янги тартиб-қоидалар ўрнатилади”, деган ғояни илгари сурган. Асарда тасвирланган “Янги инсон”, яъни янги цивилизация – мукаммал, куч-қувватга тўла, у янги дунёни яратади.

 

Асарда гермафродит (икки жинсли) одам ортига беркинган бола янги дунёнинг “туғилиш”ини кузатмоқда. Тарихдан маълумки, барча тамаддунлар охир-оқибат ўз-ўзини ҳалок қилади. Ана шундан сўнг янги давр, янги цивилизация бошланган. 

 

Хўш, нега “геосиёсий чақалоқ”? Нима сабабдан у қўрқув ва ҳайрат билан янги одамнинг чиқиб келишини кузатмоқда. Ва нега у оёқларини қучган жинси номаълум гуманоид тухумдан инсон ёриб чиқишига ишора қилмоқда, унга қарашга даъват этяпти?

 

Эзотерик фалсафа жиҳатидан геосиёсий гўдак инсониятни англатади. Гермафродит эса инсоният етишиши зарур бўлган руҳий босқич – унинг жинси аҳамиятсиз экани ҳам шундан – шу боис гўдак уни қучмоқда ва ўз ўрнида унинг мукаммал руҳий босқичи янги туғилишни томоша қилишга ундамоқда. 

 

Далининг асарларида ғоя устун, бироқ рассом мумтоз санъат билан замонавий ғояларни ниҳоятда маҳорат билан уйғунлаштира олган. Картинадаги инсон фигуралари, ранглар ва рамзлар рассомлик қоидаларидан четга чиқмаган ҳолда акс эттирилган. Дали шунчаки ғоялари ортига яширинган рассом эмасди, унинг ижод намуналарида мумтоз санъат қонуниятлари бузилмаган. У картиналаридаги рамзларни ҳам “сирли” тарзда тасвирламаган. Тасвирий санъатдан бехабар одам ҳам Далининг асарлари нима демоқчи эканини тушунади, ғояларини англайди. 

 

Шаҳзод Шомансуров, 

санъатшунос

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//