Нью-Йоркга самолётда олиб борилган тандир, ўттиз чевар олти ой тиккан улкан сўзана – дунёни забт этаётган ўзбек ҳунарманчилиги


Сақлаш
22:01 / 09.11.2022 1219 0

Юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий топган, турли бежирим уй-рўзғор буюмлари ясаш, кундалик ҳаётда асқотадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтириш қадрият даражасига кўтарилган. Истибдод йилларида бошқа қадриятлар қатори миллий ҳунармандчилигимиз ҳам унутилиш даражасига келиб қолди. Оққан дарё оқмай қолмас, деганларидек мустақиллик йилларида ҳунармандчиликнинг кўпгина турлари тикланиб,  улар ўзининг иккинчи ҳаётини бошлади. Бунда албатта, мамлакатимизда ҳунармандлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, халқимизнинг бой ва бебаҳо меросини қайта тиклаш ҳамда миллий анъаналаримизни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳунармандчилик тадбиркорлигини тараққий эттириш ҳар қандай мамлакат учун муҳим, чунки бу соҳа аҳолини иш билан банд этишга, ҳунармандлар турмуш фаровонлигини оширишга, ўзларидаги мавжуд қобилиятни юзага чиқаришга, шунингдек, асрий миллий урф-одатлар ва қадриятларнинг авлоддан-авлодга ўтишига ёрдам беради.

 

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳунармандчилик касби азалдан авлоддан-авлодга мерос бўлиб келган. Ҳунарманд тайёрлашнинг бир неча минг йиллик тарихида ота-бола, устоз-шогирд шакли шаклланиб, ҳунармандлар авлодини тарбиялашда асосий, шу билан бирга ягона усули сифатида сақланиб қолди ва тизимлашиб борди. Аммо, яқин ўтмишимизда ҳунармандчиликнинг аҳволи, унинг салбий оқибатларини тадқиқ этиш бу соҳанинг ҳақиқий аҳволини тасаввур қилишимизга  ёрдам беради.

 

Бугунги кунда ҳунармандчиликнинг аҳволи, унинг турли соҳаларини сақлаб қолиш учун иқтисодий жиҳатдан тараққий эттириш ва ҳунармандларни иш билан таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш сингари омиллари алоҳида эътиборга молик. Бунинг учун, айниқса, мамлакатимизда экспорт салоҳиятини, яъни ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш, сотиш ва сифатини ошириш муҳим ҳисобланади.

 

2002 йил Франция давлатининг пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган халқ ҳунармандлари халқаро кўргазмасида Бухоро шаҳридаги “Зардўз” аксиядорлик жамияти ўз маҳсулотларини намойиш этди. Ўзбек зардўзи гиламлари, панно ва миллий кийимлар нафақат парижликларни, балки кўргазмада иштирок этган Италия, Греция ва Тунис сингари давлатлар вакилларини ҳам ҳайратга солди. Ўзбек ҳунармандчилигининг Париж шаҳридаги муваффақияти у ерда Бухоро савдо уйини очиш лойиҳасига йўл очди.

 

Шунингдек, 2007 йили шаҳрихонлик ҳунарманд-пичоқсозлар Маъмуржон Саидохунов ва Ҳабибулло Устахоновлар Украинада ўтказилган халқаро кўрик танловда совринли ўринни эгаллади. Ўша йили марғилонлик хусусий тадбиркор Матлуба Исмоилова Ҳиндистонда ўз маҳсулотлари кўргазмасини уюштирди. Кўргазмада ял-ял ёниб турган Марғилон дўппилари Қувайт давлатидан келган тадбиркорлар эътиборини тортди. Улар Матлуба Исмоиловага 10 минг дона дўппи учун буюртма беришди. Тадбиркор аёл ироқи, сатин, бодомгули нусхадаги дўппиларнинг дастлабки қисмини қувайтлик буюртмачиларга етказиб берди.

 

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари 2008 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунига кўра 34 миллиард 510 миллион сўмлик халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотларини маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонларга сотишди. Вилоятларда ҳунармандлар ҳунармандчилик маҳсулотларини харидоргир бозор кўринишида тайёрлаб, даромад кўра бошладилар.

 

2009 йили Андижон шаҳридан Аҳмаджон Отахонов қўштандир ясатиб, уларни самолётга юклаб АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига олиб борди. Океан ортида сомсахона ва нонвойхона ишга туширилди. Кейинчалик ўзбек миллий таомлари номи билан тадбиркорликнинг ушбу йўналиши янада ривожлантирилди. Созлар устаси – ҳунарманд Абдумалик Мадрайимов эса ўзбек мусиқа асбобларини ясаб, нафақат ички бозорни таъминлашга ҳисса қўшмоқда, балки жаҳоннинг 40 дан ошиқ давлатларига ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

 

Бойсун ҳунармандлари томонидан тикилган дунёдаги энг катта сўзана 2017 йилнинг 5–10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган бахшичилик санъати фестивалида илк бор намойиш этилганди. Бойсун туманининг Кофирун, Даштиғоз, Олачопон, Қизилнавур, Бешэркак, Панжоб, Мачай, Тўда, Авлод, Тиллакамар, Хўжабўлғон, Сариосиё каби қишлоқларида гиламдўзлик, сўзана, каштачилик, олача тўқиш, тўн тайёрлаш, бойсуни дўппи ва бошқа қўл меҳнати маҳсулотларини тайёрлаш анъанаси янги қирралари билан намоён бўлмоқда.

 

Бойсун туманидаги гиламдўзлик, сўзана ва миллий матолардан турли хил маҳсулотлар тикишга ихтисослашган “Deams Shahrinoz” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нилуфар Жўраева Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида каштачилик намунаси билан иштирок этди. Ушбу ноёб сўзана 30 нафарга яқин моҳир чеварлар томонидан олти ой давомида нозик дид, юксак маҳорат билан яратилди. Нақшинкор сўзананинг узунлиги 21 метр, эни 5,5 метр, оғирлиги қарийб 70 килограммни ташкил этди. Уни сурхонча сержило нақшлар ва ёрқин ранглар билан безаш учун 16 килограммдан ортиқ табиий усулда бўялган калава ип сарфланди. Улкан сўзана ўзига хос кўринишда бўлиб, нақшлари бир-бирини такрорламайдиган ва уларда ой, қуёш рамзлари билан биргаликда Бойсун тоғларининг гўзал табиати мужассамлашган. Сурхон сўзанасининг намойиши фестиваль томошабинлари, айниқса, хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида “Ҳунармандчилик марказлари”ни ташкил қилиш вазифаси белгиланди. Фармонга кўра, “Ҳунармандчилик марказлари” икки қаватли кўринишда қурилиб, биринчи қаватида ҳунарманд устахонаси ва савдо дўкони, кўргазма заллари жойлашади. Иккинчи қаватида эса ҳунармандлар яшаши учун барча шароитлар яратилиши кўзда тутилади.

 

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар)  йўналишлар 25 дан 34 тага етди. Бу маҳсулотлар ўзининг сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида 2018 йилда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларида (Германия, Швейцария, Россия, Италия, Англия, Жанубий Корея, Малайзия, Озарбойжон, Латвия, Финляндия, Ҳиндистон, Франция, Греция, Туркманистон, Эрон, АҚШ, Украина, Туркия, Хитой, Испания) 113 та кўргазма ва ярмаркалар ўтказилди.

 

Миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йилда мамлакатимиздаги уста ҳунармандлар сони 7 баробарга, шогирдлар 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар сони 230 минг нафарга етди.

 

Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталоги яратилиб, фахрий ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда ғолиб бўлган 340 нафар уста ушбу каталогдан ўрин олди. Шунингдек, 1,5 мингга яқин ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-77 қарори соҳада салмоқли истиқболларни белгилаб берди. Бунда айниқса, маҳаллабай ишлаш орқали фойдаланилмаётган имкониятларни тўла ишга солиш, ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини кенгайтириш, ҳунармандчилик маҳсулотлари учун янги бозорларни топиш борасида қўшимча чоралар кўриш кўзда тутилган. Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, “уста-шогирд” анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 триллион сўм маблағ ажратилди.

 

 “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилди. Табиийки, бундай чора-тадбирлар соҳанинг равнақ топишига сезиларли туртки беради.

 

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган ана шундай қулай шарт-шароит ва имкониятлар туфайли ҳунармандларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорларнинг ҳам фаол иштирокчисига айланмоқда.

 

Ғайрат МАМАРАЖАБОВ,

Термиз давлат университети катта ўқитувчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//