Ранглар гармонияси


Сақлаш
16:06 / 16.09.2021 1454 0

Тасвирий санъатлаҳзани турфа рангларда ҳис этиш бахти. Узоқ тикилиб қарасангиз, рассом туйғунинг рангларини ҳақиқатнинг инжа кўринишини маҳорат билан тасвирлаётганининг гувоҳи бўласиз. Машҳур америкалик ёзувчи, драматург Ирвинг Стоун ўзининг “Ҳаётга ташналик” асарида рассомлар ҳақида “Барча тасвирий санъат усталари – телбалар. Бу улардаги энг кўзга кўринган жиҳат. Мен буни қадрлайман. Баъзан менинг ҳам ақлдан озгим келади. “Ҳеч бир эҳтиёткор  Қалб телбалик улушидан маҳрум эмас”, буни ким айтганини биласизми? Аристотел!” деган фикрларни билдирган. Чиндан ҳам, рассомнинг мўйқалами кўнгилнинг энг чуқур қатламларига кириб бора олади ва борлиқни яхлит тасаввур қилишга имкон беради. Баъзи рассомлар мўйқалами билан, баъзилари эса Қалбидаги ҳарорат билан суратларни ҳаракатлантиради. Тасвирий санъатда рассомнинг қарашлари у тасвирлаган индивидларида, символизмга қоришган композицион, ритмик ва ранглар  мутаносиблиги (гармония)да ўз ифодасини топади. Ўз ижодий ишларида гуманистик қарашларини, образларида шафқатсиз реализм ва сентименталликнинг қоришувини акс эттирган ўзига хос рассом қорақалпоғистонлик Бахтиёр Серекеевдир. Унинг суратларида экспрессионистик руҳ, экспрессионистик кайфият етакчилик қилади. Деярли барча суратларида тасвир усулининг ноанъанавий, ноодатий усулидан фойдаланган. Унинг суратларини бир сўз билан “Абстракт санъат” деб аташ мумкин. Масалан, унинг “Арал – моя боль, моя надежда” картинасини олайлик. Унда синтетик (қоришиқ) сюжет, яъни хилма-хил тасвир усулларига суянган. Ижодкорнинг Ичкариси (Қалби)да кечаётган туғёнлар тасвири, оғриқлари мойбўёқда композицион мувозанатидан чиққан ҳолатда, воқелик номукаммаллиги билан мукаммал тасвирланган.

 

 

 

Тасвирий санъатда экспрессионизм тамойиллари кўпроқ голланд рассоми Винсент Ван Гог, норвегиялик машҳур рассом Мунк асарларида ўзини тўлиқ намоён қилган. Бахтиёр Серекеев услубини бир қарашда Мунк ижодига қиёслаш мумкин. Бироқ Серекеевда нисбатан рационалликдан қочиш, ўта ҳаяжонли, исёнга тўла ёки ўта сокин образлар тўқнашуви кесишган. Мункнинг машҳур “Қичқириқ” картинасида одамзотнинг қўрқув исканжасида қолиб кетиши маҳорат билан тасвирланган. Бахтиёр Серекеевнинг “8 мироккино” номли картинасида қизнинг изтиробли юзи, боши-охири йўқ чигал ўй-хаёллари, руҳий жароҳатларини ниҳоятда кескинлик билан ифодалаган. Асарларининг номланиши ҳам эътиборимни тортди. Тенгдош ҳамкасби Йигитали Сатторов бир суратини  "Алламбало" деб номлаганидан, рассом руҳиятининг ўткир сарказмга бойлиги сезилади. Бахтиёр Серекеевдаги драматик ифода асарларининг номланишида ҳам ўз аксини топган.

Йигитали Сатторов асарларида нигилизм, постмодернистик руҳ кўпроқ оқ-қора тасвирда, шаклнинг ноанъанавий йўсинда берилиши билан  аҳамиятли. Серекеевда эса бари экспрессионистик руҳда.

 

 

 

Модерн поэзия асосчиларидан бири Томас Элиот “Санъат асарини яратиш – муаллиф шахсияти қаҳрамонлари шахсиятига сингиши демакдир” дейди. Бахтиёр Серекеев суратларида ижодкорнинг субъектив тасаввур манзараларининг энг ичкин бурчакларигача кириб бориш мумкин.

“Новая жизнь” картинасида қишлоқ, аёллар ва асосий ракурсда белдан тепа қисми яланғоч ҳолатдаги ўйчан йигит тасвири. Йигитнинг “дунёни унутган” нигоҳларида “хаос”, “абсурдлик”ни кўриш мумкин. Ранглар уйғунлиги (гармония) тасвирга янада жозиба бағишлай олган. Йигитнинг ботиний норозилиги юзада кўриниб турганлигининг гувоҳи бўламиз.

 

 

 

Бахтиёр Серекеев – анъанавий ахлоқий меъёрлардан воз кечган “озод” рассом. Унинг суратларидан таъсирланиш кузатувчи (томошабин)ни руҳий мувозанатдан чиқаради. Бахтиёр Серекеев асарларини шунчаки маданий ҳордиқ олиш учун ёки завқланиш учун кўриш мумкин эмас, фақатгина  ҳиссий белгиси юқори бўлган, элитар санъат шинавандаларигина унинг асарларини севиб кузатиши, ҳис қилиши  мумкин. Бу менинг Бахтиёр Серекеев ижодий фаолиятига оид ёзган илк ҳайратларим, илк нигоҳим. Ўйлайманки, бу ҳайратлар чексизликка қадар давом этади.

                                  

Гулҳаё УРАЛОВА

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17636
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//