Аравакаш юлдуз туркуми, “ўлим тегирмони” – “Худо йўлдан урмасин” ибораси ортидаги қарашлар


Сақлаш
11:10 / 10.10.2022 1007 0

Тонг. Ҳовлимизда тарвақайлаб ўсган дарахт қора қалам билан чизилгандай хира кўринади. Ундан нарида ҳаёт аломати сезилмайди. Қишлоқда ҳукм сураётган сукунатни айвон чироғи ёруғида мук тушиб елим идишга товуқ тухумини жойлаётган онамнинг насиҳати бузади. Онам оқ идишга тухумларни битталаб териб чиқар экан, менга гап уқтиради: “Узоқ йўлга якка кетма, мол ҳайдаган одамларга қўшилиб ол, катта йўлдан чиқма, ариқ томондан юр, дала четига кул-пул тўкилган бўлса... тонгда фаришталар юради дейишади, барибир эҳтиёт бўл”.

 

Онамнинг гапларини тоқатсизлик билан тинглаб, тасдиқ маъносида бош ирғаб, хўп-хўп деганча кўча томон йўл оламан. Салқин ҳаводан этим жунжикади. Ўнг қўлимни қўлтиққа уриб, чап қўлимда идишни кўтариб йўлга чиқаман. Зум ўтмай бармоқларим совуқдан ҳеч нарса сезмай қолади. Идишни ўнг қўлимга олиб, йўл ёқасидаги катта ариқ – тутқатор томонга ўтаман. Олдинда ҳам тутлар қорайиб кўринади. Мол-қўй ҳайдаган бозорчиларнинг чуҳ-чуҳлаган овози ва туёқ товушлари адоғи кўринмас йўлда ёлғиз эмаслигимдан далолат, таскин беради. Айни дам олисдан азон эшитилади. Одатда азон бошланиши билан чўккалаб, унинг тугашини кутар, кейин қўлимни фотиҳага очиб, пичирлаб дуо ўқирдим. Ҳозир... бир дақиқа бўлса ҳам бозорга олдинроқ бориш, тухумларни олибсотар хотинларга пуллаб, рўзғорлик қилиб, уйга тез қайтиш илинжида каттароқ одимлайман. Шу тариқа йўл ярмига етганимда тонг ёришади. Энди чизғич билан чизилгандек тўғри йўлнинг адоғи торайиб тутқатор ва дала бир-бирига қўшилиб кетгандай кўрина бошлайди. Гўё сен юрганинг сари у кенгайиб, бағрини очаётгандай...

 

Ҳаёт, умрнинг қиймати ҳақида ўйласам, негадир шу манзара кўз олдимга келади. Ўзимни ҳамон ўша йўлда – онам жойлаб берган тухумларни синдириб қўймаслик учун елим идишни маҳкам тутиб кетаётгандек тассаввур қиламан. Аслида ҳам умримиз ана шу йўлга ўхшайди. Биз эса алмисоқдан бери мангу йўловчилармиз. Эҳтимол шу боис йўлга худди инсонлардек муносабатда бўлиб, таъбир жоиз бўлса, уни меҳроб каби азиз санаймиз.

 

Ислом динида ҳам йўлда ётган озор етказувчи нарсани олиб ташлаш савоб амал экани айтилади. Халқимиз йўл элнинг ҳаққи, унга хиёнат – томорқага қўшиб олишни уят, гуноҳ деб ҳисоблаган. Шу боис яқин-яқингача маълум ҳудудда яшовчи одамларга йўлининг равонлиги, кенг ёки торлигига қараб ҳам баҳо беришган. “Феъли кенгнинг йўли кенг” деган нақл ана шундай қараш ҳосиласи ўлароқ яралган. “Йўли кенг”лик эса бахт-саодатга ишора. “Кўнглига йўл топди”, “йўлдан урди”, “худо тўғри йўлга солди” каби иборалар инсон умри ҳам адоғи кўринмас, аммо юрилган сари кенгайиб бораверадиган йўлга ўхшашидан далолат беради.

 

Умр йўли эса довга тикилган. Унинг адоғида сизни нима кутишини, манзилга етиб боргунча қандай йўлларда сарсону саргардон бўлишингизни билмайсиз. Бу худди биз – отамнинг укаси Ҳакимхон акам ва яна ўн-ўн беш чоғли қишлоқдошлар Боботоққа қилган сафаримизга ўхшайди. Манзил – тоғ олисдан кўриниб турибди, аммо унинг этагидаги катта-кичик тепаликлар оралаб тоққа энг яқин ва равон йўлни топиш доим ҳам насиб этавермайди...

 

Ўшанда Ҳазрат Султон зиёратига йўл олган эдик. Наврўздан кейин қирларнинг яшиллиги кўзни олар, оту эшакли биз йўловчилар бу гўзалликдан баҳра олишдан кўра манзилга тезроқ бориш илинжида уловимизни ниқтар эдик. Айниқса, акамнинг мендан бир ёш кичик ўғли Зайниддин (йўлдошлар орасида энг кичиги биз эдик) икковимиз Боботоққа тезроқ етишни ўйлардик. Аммо йўлимиз унмас, Зайниддин иккимиз ўзимизча бунинг сабабини ахтариб топгандек эдик. Хуллас, йўлбошловчимиз Ҳакимхон акам олдинда йўрға отда борар, бошқа йўловчилар минган эшаклар ҳам отга етишиб юраётган эди. Сафнинг охирида эса ёши етмишдан ошган, қорачадан келган, қотма, ориқ ва чайир чол – Сафар бобо яёв келарди. Мўйсафид калишини яктагининг икки барига қўшиб белбоғига қистирганча ортимиздан етишиб юрибди. Акам анча олдинлаб кетган вақтларда от совиб қолмасин учун ортга қайтар ва Сафар бобонинг ёнига келиб уни гапга соларди. “Ҳазрат бобога пиёда борса савоби кўп-да, эшонбобо”, – дейди чол. “Чин айтасиз, бизларга ҳам сизнинг ёшингизга етиб, мана шундай чаққон бўлиб юриш насиб қилсин”, – дейди акам. Уларнинг гурунги қизигани сари Зайниддин иккимиз жаҳл қиламиз: “Тезроқ юрсак бўлмасмикан? Бобонинг ҳамсоясининг отдан ҳам тез йўрғалайдиган эшаги бор, сўраб турса йўқ демасди...”.

 

Жонимизга ора кириб олдинда кетаётган Бойқобил бобо хитоб қилади: “Аҳай, қайси томонга йўл тортамиз, эшонбобо!”.

 

“Тўғрига қараб кетаберамиз-айй!”, акам шундай дея отни оёғи билан ниқтаб бизга етиб олади.

 

– Қандай, чарчаб қолмадиларингми?

 

– Йўқ, қаерга келдик ўзи? ...Ҳали учинчи ферманинг чегарасидан ўтмадикми?! – дейди Зайниддин ажабланиб. – Биз ўтган сафар мол ҳайдаганимизда шунча пайтда чўпоннинг уйига етгандик.

 

– Бобога қараб секинроқ юришимиз керак-да, – дейман салмоқланиб.

– Тусс, бобо эшитса хафа бўлади, кўп гапирманглар, – акам шундай дея биздан узоқлайди. Аммо кетаётиб ортига қайрилиб Сафар бобога хитоб қилади: “Худо қувват берсин, шошмасдан келаберинг!”.

 

Чол ҳамон ўша синиқ табассум билан қўлини кўксига қўяди, тезроқ юриши кераклигини англаб илдамлайди. Кўп ўтмай пешин баҳона чордона қурамиз. Суви қочган нонга парвардани қўшиб чайнаймиз. Йўлбошчимиз маслаҳат олмоқчи бўлгандай муддаосини билдиради: “Кеч тушгунча бирон қора жойга етишимиз керак. Эски йўлимиздан кетсак чўпонларнинг ҳайдовидан ўтамиз, қўтон йўқ. Бобохон зиёратига қайтаётганда кириб ўтсак, ҳозир йўлни қисқартиш учун Шўрчининг усти билан кетамиз, маъқулми?!”.

 

Буни ҳамма бир овоздан маъқуллайди. Кичик карвонимиз тағин йўл тортади.  Дарҳақиқат, бу қадим йўллар не бир авлиёларни, қанчадан-қанча олтину жавоҳир ортилган карвонларни кўрмаган дейсиз. Гоҳида йўл уларни адаштирган, баъзан уларнинг ўзи йўлдан адашган. Шонли тарихнинг гувоҳлик беришича, айнан йўллар халқлар ва мамлакатлар тараққийига хизмат қилган. Нақл қилишларича, қадимги халқларнинг ҳар жиҳатдан ривожланишида савдо, транзит йўлларнинг аҳамияти катта эмиш. Биз буни Буюк ипак йўли мисолида яхши биламиз. Аммо унгача бўлган тарихимизда ҳам қадим йўллар мавжуд эди.

 

Йилномачиларнинг таъкидлашича, Буюк ипак йўли ташкил топмасдан анча аввал Қадимги Шарқ ва Ўрта Осиё ҳудудларида ўзаро алмашинув йўллари бўлган. Хусусан, милоддан аввалги III-II минг йилликлар – Бронза даврида Ложувард йўли деб аталган йўл бўлган. Унинг бир тармоғи Бадахшон, Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларини Хоразм, Сўғд, Марказий Қозоғистон ва Ўрол билан боғлаган. Яна бир тармоғи эса Бақтрия ва Марғиёнани Месопотамия билан боғлаган. Бу йўл Помир тоғидан бошланиб, Эрон, Олд Осиё, Миср орқали ўтган. Ўрни келганда таъкид этиш керак, айнан ўша даврда Ўрта Осиёдаги энг қадимги шаҳар ташкил топган. Жарқўтондаги қазишма ишларида топилган асотирлар ўша илк шаҳар-давлатнинг қанчалик тараққий этганидан гувоҳлик беради. Ҳа, Ложувард йўли каби карвон йўллари мамлакатлар тараққиётига сабаб бўлган. Айни пайтда ривожланган ўлка кишилари катта йўлларни кашф этган!

 

Ана шундай қадим йўллардан яна бири – Шоҳлар йўлидир. Эрон аҳмонийларининг йўли бўлган Шоҳлар йўлининг бир тармоғи милоддан аввалги VIIV асрларда Кичик Осиё шаҳарларини ҳамда Ўрта денгиз бўйидаги Эфес, Сарди шаҳарларини Эроннинг марказларидан бири Суза билан боғлаган. Яна бир тармоғи эса Эрон-Бақтрия орқали Сўғдиёна, Тошкент воҳаси ва Қозоғистон ҳудудидан ўтиб Олтойгача борган.

 

Милоддан аввалги II-I асрларга келиб Хитойни Ўрта ва Ғарбий Осиё билан боғлайдиган карвон йўли пайдо бўлади. Бу биз яхши билган Буюк ипак йўли эди. Унинг умумий узунлиги 12 000 километрдан иборат бўлган ва илк ўрта асрларга келиб, Ипак йўли янада ривожланган. Ўз даврида ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган бу йўлнинг дастлабки тармоғи Хитойдаги Сиан шаҳридан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта денгизгача чўзилган.

 

Бу карвон йўлларида Сафар бобога ўхшаб савоб ва илм илинжидаги кишилар ҳам, Зайниддин иккимиз каби томошаталаблар ҳам, тонг қоронғисидан молу қўйини бозорга ҳайдаган кишилар ҳам юрган. Битта йўлдаги турфа ниятли одамлар Шарқдан Ғарбга қараб оққан дарёдай тиним билмаган. Шу йўсинда йўлларда маданиятлар туташган, одамлар дунёни таниган. Мамлакатлар тараққий этган. Ҳа, кундуз қуёшга, тунлар юлдузларга қараб манзилини аниқлаган аждодларимиз шу тариқа дунё илмини ўзлаштирган, билганини бошқалар билан баҳам кўрган. Улар беадоқ саҳро кезиб, гоҳ адашиб, адашмай кўзланган манзил каби инсонлар қалбига ҳам йўл топган. Бунинг исботи ўлароқ ҳеч иккиланмасдан дунёга ўзимизни берунийлар, темурийлар, термизийлар, бухорийлар авлодимиз дея танитаётганимизни айтиш кифоя.

 

Шонли ўтмишимиз йўлини чароғон қилиб турган бу аждодларимиз бизни доим ўзига ром этган Сомон йўли юлдузларига ўхшайди. Фан Сомон йўлини шундай изоҳлайди: “Сомон йўли галактикаси ўзаро тортишиш кучи билан боғланган ҳамда Қуёшни ҳам ўз ичига олган 200 миллиарддан ортиқ юлдузнинг тартиб билан жойлашган улкан гравитацион тизимидир”.

 

Қизиқ жиҳат, Сомон йўлининг тузилиши жуда мураккаб. У баъзи жойда 30 даражагача кенгайса, баъзи жойда 4-5 даражагача тораяди. Сомон йўлининг равшанлиги ҳамма жойда бир хил эмас. Унинг катта қисми Аравакаш юлдуз туркуми атрофида жойлашган.

 

Шундай ўйлар билан шаҳар кўчасида кетар эканман, олдиндаги машина билмасдан чет элдан келтирилган алламбало машинанинг йўлини тўсиб қўяди. Бир зумда катта кўчани машиналарнинг беп-беп сигнали тутади. Сўнг хориж уловини бошқараётган шоввоз ҳар қадамда бояги машинанинг йўлини тўсиб чиқаверади. Унинг йўлини тўсиш баробарида бошқаларга ҳам халал беради. Аммо ҳеч ким унга сигнал чалиб дакки беришни истамайди. Хаёлимдан “Аравакаш юлдуз туркуми остида яшаётган бу аравакашлар нега бунча шошади?!” деган ўй ўтади. Ҳа, биз кимнингдир йўлини тўсиб бўлса ҳам манзилга вақтлироқ боришни истаймиз. Етиб борамизу ғирт бекорчининг иши – телефон титкилаш, ижтимоий тармоқлардаги ўткинчи мавзулар ҳақида баҳс қилиш билан банд бўламиз. Асл манзилга эса инсонлар қалбига йўл топиш орқали етиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Шу жиҳатдан ХХI аср одамлари гоҳида йўлини йўқотиб, “ўлим тегирмони”га тушиб қолган чумолилар карвонига ҳам ўхшаб кетади баъзан.

 

Амеркалик саёҳатчи Уилям Биб “Жунгли қирғоғи” (“Edge of Jungle”) китобида 1921 йилда Гаянада чумолилар тахминан 365 метр доира ҳосил қилиб айланаётганига гувоҳ бўлганини ёзади. Бу чумолилар тўдаси икки кун давомида доира бўйлаб тинимсиз айланади. Ўшанда чумолиларнинг катта қисми ўлади. Тирик қолган кичик гуруҳ эса доирадан омон чиқади.

 

Бундай воқеаларга бошқа инсонлар ҳам дуч келгани ҳақида маълумот бор. Бундай ҳодисани ўрганган олимларнинг таъкидлашича, чумоли бир жуфт узун мўйлаби билан ер чизиб ҳид олиб юради. У уясидан маълум масофа узоқлашгач ўзи юрган йўлда қолган ҳид бўйлаб манзилини топиб келади. Айрим вақтларда қандайдир сабаб туфайли чумоли йўлда айланиб ўзи ўтган жойга дуч келади ва шу тариқа доира бўйлаб айланишни бошлайди. Бу айланма ҳаракат бахтли ҳодиса туфайлигина омадли якунланиши мумкин. Акс ҳолда уларни муқаррар ўлим қарши олади. Шу боис олимлар бу ҳодисага “ўлим тегирмони” деб ном берган. Биз томонларда чумолилар карвони билан боғлиқ бундай ҳодиса кузатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Билъакс, биздагилар сира адашмай уйини топиб борувчиларни чумолига ўхшатади. Йўлдан адашганларга уларни ибрат қилиб ҳам кўрсатишади. Қуръонда интизом борасида такрорланмас ҳисобланадиган чумолиларнинг зикри Намл сурасида Сулаймон алайҳиссалом қиссаси ичида келган. Ҳа, биз билган чумолилар йўл ҳарқанча тартибсиз бўлса ҳам сира адашмай инини энг қисқа йўл билан топиб келади. Бунинг сирини Берлиндаги Ҳумболт университети талабаси Флеур Лебҳардт магистрлик даражаси диплом ишида ўрганган. У саҳрода яшовчи қора чумолиларда тадқиқот ўтказган. Натижа эса кутилганидан ҳам ажойиб: чумолининг кўзи инсон кўра олмайдиган баъзи нурларни кўра олар экан. Унинг кўзида компасга ўхшаган йўналиш аниқлайдиган тизим мавжуд эмиш. Шу тизим ёрдамида чумоли йўналиш олиб, шимол ва жануб қайси томонда эканини аниқлай олар ва ҳеч қандай қийинчиликсиз емиш топиб, адашмасдан инига қайтаркан. Чумолига тортиқ этилган бу имконият бугунги замонавий технологияларни ҳам ортда қолдириши айтилади. “Ўлим тегирмони”га тушиб қолиши мумкин бўлган ва биз биладиган бошқа чумолиларни бир-бирига қиёс этиб фикр юритган киши “Худо йўлдан урмасин” деган тилакнинг нақадар теран маъно касб этишини англайди.

 

* * *

Дарвоқе, аллақачон хуфтон вақти кирган, биз эса ҳамон чўпонлар уйига дуч келмай Боботоғ этагидаги кенгликда саргардон кезиб юрардик. Ниҳоят, олисдан отнинг кишнаган овози эшитилди. Кўп ўтмай чўпон итлари ҳура бошлади. Демак, яқин-атрофда қўтон бор. Биз шу вақтгача итларнинг ҳуришидан бунчалик қувонмаган эдик чамамда. Адашмаган эканмиз, навбатдаги тепалик пастидан чироқ ёруғи кўзга ташланди. Ниҳоят қўноқ жой топилди. Мезбонларнинг айтишича, биз бир жойда айланиб анча вақт сарфлаган эканмиз. Эртаси куни тонгда биз айланиб ўтишни мақсад қилган Бобохон бобо зиёратига етиб бордик. Зиёратдан нари йўл – Ҳазрат Султон зиёратигача бўлган масофа унча кўп вақт олмади ва кичик карвонимиз билан тоғ чўққисини забт этдик. Дарҳақиқат, бу кўҳна дунё неча бир карвонларни, не бир йўловчиларни кўрмаган дейсиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам йўлдошларнинг фикрига қулоқ тутиб, улар билан бамаслаҳат иш тутишга, йўл топишга жаҳд қилган. Лекин уларнинг аксари Зайниддин ва мен каби жигарпораларининг инон-ихтиёрини ҳисобга олиб амал бажарар экан-да. Йўл эса Сафар бобо каби нимтабассум билан бизни кузатиб, жимгина насиҳат қилар экан.

 

* * *

– Нечта тухум бор? – дейди укаси етаклаган буқанинг ортидан кетиб бораётган Олим ака қўлимдаги идишга ишора қилиб. У ўттизга яқин тухумни олиб кетаётганимни билиб ажабланади, нечта товуғимиз борлиги-ю уларнинг қанчаси тухум бериши ва неча пулдан сотишимни сўрайди.

 

– Нархини бозор кўрсатади-да, – дейман бунга жавобан.

 

– Бир ҳафталик тухум бўлса фалон сўмдан бераман, сотасанми? – дейди Олим ака ўтган бозорда сотилган тухум нархи устига уч сўм қўшиб айтиб. Беихтиёр елим идишни чап қўлга олиб, ўнг томонимдаги қишлоқдошимга рад жавобини бераман. Кейин ўзимча хаёл қиламанки, тухум нархи мен бехабар икки баробар ошиб кетгану Олим ака шуни билиб қиммат сўраяпти. Бу ўй қадамимни тезлатишга рағбат беради.

 

Ҳамон ўшандаги ҳолатим ва ўша йўл ҳақида ўйласам ёдимга энг қадим шаҳар-давлатни бошқа минтақалар билан боғлаган Ложувард йўли эсимга тушади. Инсон умри қиймати олдида қадри тухум каби омонат бўлган тош шарафига аталган бу йўлдан кимлар, не мақсадларда юрган экан?! Уни ким кашф этган? Илк йўловчи карвон нималар, қай мақсадни ортмоқлаб йўлга чиққан? Буни ҳеч ким билмайди. Ҳозиргача етиб келган, оқсоч тарихнинг бизга раво кўрган ҳақиқати шуки, бу йўлда энг кўп қадрланган нарса Бадахшон ложуварди!

 

Замонлар ўтиши билан ложувард тош ҳам, уни тўтиё қилган кишилар ҳам илк шаҳар-давлат билан бирга тупроқ остида қолиб кетди. Токи XX аср олимлари бу жойни топмагунча инсоният бу шаҳарни ҳам унутиб юборган эди. Уларнинг топилиши ўткинчи дунёдаги абадият йўлагидан неча авлод йўловчилар ном-нишонсиз ўтиб кетаверишидан насиҳат қилади. Термиз археология музейида Жарқўтондан топилган қабр ва унда ётган аёл устихонига қараб, ложувард тош қиймати ҳақида ўйлаган эдим. Қизиқ, ўша замонда одам вафотидан сўнг етти кун йўл юриб жаннат дарвозасига етади деб ишонишган. Шу боис бронза даври кишилари ўзига қадрли бўлган буюмлари ва етти кунга етадиган сув, емак билан қўшиб кўмилган. Кейин марҳумнинг давлатига қараб, унинг кафтига олтин ёки мис танга солиб қўйишган. Эмишки, шу тангани посбонларга бериб жаннатга кирар экан.

 

Замондошларимиз бу эътиқод ҳақида эшитиб жилмаяди, “Эҳ, ўтмиш кишилари шунчалик содда бўлганми?!” дейди. Аммо “иномарка”сида бундайроқ одамнинг йўлини бемалол тўсиб ҳунар кўрсатиш, деворни ярим метр кўча томондан олиб, ҳовлисини кенгайтириш, қўлидаги чиқиндини катта йўлнинг дуч келган жойига улоқтириб кетавериш бронза даври кишилари эътиқоди, дунёқарашидан заррача фарқ қилмаслигини ўйлаб ҳам кўрмайди...

 

Шу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Зов остида адашув” ҳикоясидан бир парча келтирсак: “...сўқмоқларнинг бири тоғнинг тепасида жойлашган бир қишлоққа олиб борар экан. У қишлоқ аҳли бир замонлар ёвдан қочиб, тоғ устига чиқиб кетган экан. Шу сўқмоқдан фақат бир киши юра олар экан, юрганда ҳам елкасини девордан узмай юрар экан деб ҳикоя қилган эди отамнинг ошнаси. Агар икки киши бир-бирига рўпара бўлиб қолса-чи? Унда чек ташлар экан. Қайси ютса шу ерда қолар экан. Ютқазгани ўзини пастга ташлар экан…

 

Мен ўшанда бу ҳикояни эшитиб, кўп ўйлаган эдим: одамлар мард бўлар экан-да, а? Масалан, ютқазган киши пастга ташлагиси келмаса ёки у ютган кишидан кучлироқ бўлса, унда шеригини бир мушт билан жарга қулатиб ўтиб кетса бўлмайдими? Йўқ, бўлмас экан… Чунки лафз бор экан уларда. Ҳозир у қишлоққа олиб борадиган сўқмоқ кенгайган дейишади. Ўша сўқмоқ деворини тешиб, қозиқ қоқиб чиқибдилар. Қозиқнинг устига шох-шабба босилган эмиш, энди у йўлдан эшак ҳам бемалол ўтар экан…”.

 

Дарвоқе, ҳамон йўлда кетаяпман. Чап ёнимда ариқ ёқалаб экилган тутлар, ўнг томонда кенг дала, йўлда эса молу қўйини бозорга ҳайдаган қишлоқдошлар. Гоҳ-гоҳида бошқа бозорчилар минган улов ғизиллаб ўтиб қолади. Мен эса елим идишдаги тухумларни синдириб қўймаслик учун уни маҳкам тутиб олганман. Юрганим сари йўл кенгайиб бораётгандай кўринса ҳам аслида у сира ўзгармайди. Фақат биз гоҳ илдамлаб, баъзан судралиб одимлаймиз. Олдинда эса бозор! Унга етишим ҳамоно Алпомишни чоҳга ташлаган Мастон кампир каби бозорчи хотинлар йўлимни тўсади, бири қўйиб-бири олиб қўлимдаги елим идишни тортқилайди, савдо қилади. Бозорнинг кимга қандай бўлишини ва ҳар доим битта манзилни кўзлаб уйдан чиққан йўловчиларни йўл қаерга бошлашини худонинг ўзи билади! Шунинг учун ҳам бизда азалдан йўл азиз саналган.

 

Бобо РАВШАН

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 2-сон.

“Йўл” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси