
Яқиндагина, аниқроғи 13-18 сентябрь кунлари ўтказилган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали “шовқин-суронлари” ҳали тинмади. Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фестивалга кетган миллиардларни ҳавога учган пуллар дея ҳисоблаб, бундай тадбирлардан ҳеч қандай наф йўқ деган фикрда.
Маълумки, кинофестиваль давлат раҳбарининг ташаббуси билан қайта тикланди. Ўз даврида дунёдаги энг нуфузли кино тадбирлардан бири бўлган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали 1968−1997 йилларда ўтказилган. Тўхтаб қолган йирик маданий тадбир узоқ йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланди. Олдинда фестиваль нуфузини қайта тиклаш, ўзбек киноси овозини халқаро майдонга олиб чиқиш каби катта мақсадлар турибди.
Бугун фестивалга кетган пуллар атрофидаги баҳслардан чекиниб, қайта тикланганига ҳали икки йил бўлган тадбирнинг савияси, ютуқ ва камчиликлари ҳақида суҳбатлашсак. Oyina.uz меҳмони санъатшунос, Ўзбекистон Фанлар Академияси Санъатшунослик институти илмий ходими Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ.
− “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали тадбирларида қатнашдингиз, бу сафарги йирик маданий тадбир ёдингизда нималар билан қолди?
− Бу йилги кинофестиваль дастури, мазмун-моҳияти, умумий манзараси ўтган йилгига нисбатан яхшироқ бўлди. Қиёсий таҳлил қилинганида бу йил тадбирга ҳақиқатдан ҳам анча жиддий ёндашилган, бу ҳолат ташкилий ишларда ҳам, меҳмонларнинг профессионаллик даражасида ҳам ўз ифодасини топди. Фестивалнинг очилиш маросими юқори савияда ташкиллаштирилди деб ҳисоблайман. Фестивалда энг эътиборимни тортган жиҳатлардан бири бу таниқли хориж кино ижодкорлари иштирокидаги маҳорат дарслари бўлди.
− Айнан қайси жиҳатлар эътиборингизни тортди?
− Шахсан ўзим мастер-классларда иштирок этдим ва кино санъатига доир амалий, назарий кўникмаларни ўзлаштирдим. Таниқли француз кинорежиссёри Люк Бессон билан, Москва Олий кинематография институти профессори Владимир Хотиненко, япониялик машҳур кинорежиссёр Такеши Китано маҳорат дарсларида қатнашдим. Дарслар очиқ, самимий, дўстона мулоқот тарзида ўтди. Тадбирларга расмий тус берилмай, ижодкор ёшлар эркин тарзда ўзларини қизиқтирган меҳмонларга мурожаат қилишди, вақти келганида баҳс-мунозаралар бўлди. Менимча, мастер-класслар фестивалдаги энг эътиборга лойиқ, энг фойдали лойиҳа бўлди.
Айниқса француз кино режиссёри Люк Бессоннинг ўзбек ва тожик киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинаётган «Жомий ва Навоий» бадиий фильмига жалб қилинганлиги, режиссёр сифатида лойиҳа унга ишониб топширилганлиги муҳим воқеа. Чунки у катта тажрибага эга режиссёр. Люк Бессоннинг тажрибаси фильмни юқори даражада суратга олинишига ҳисса қўшишидан умидворман.
Маҳорат дарсларида имкон қадар режиссёрлар, кино назариячиларининг хулосалари, фикрларини ўзим учун қайд қилиб бордим.
Мисол учун, Люк Бессон ёшларимизга қарата шундай деди: “Ҳар қандай шароитда ҳам келажакка, ўзингизга ишончни сақлаб қолинг. Ҳар куни ёзинг, ўхшамаса ҳам ёзиб қўяверинг, бир кун, албатта, юзага чиқади”.
Бутунроссия давлат кинематография университетининг Тошкент филиали талабаларидан бири эса ундан “Бизнинг кинода цензура жуда кучли, ҳатто йигит қиздан бўса олаётган эпизодни кўрсатишга рухсат беришмайди. Нима маслаҳат берасиз?” дея сўради. Бундан ҳайратланган фаранг режиссёри табассум ила “Йўғее, унда бошқа мамлакатга чиқиб кино олинг”, деди.
Афсонавий режиссёр Такеши Китано эса ёш ҳамкасбларига қарата “Ҳозирда фильмларни томоша қиладиган воситалар жуда кўп. Лекин фильмни кинотеатрда кўргандаги таъсир бошқача бўлади. Ҳозирги ёш режиссёрларга раҳмим келади. Улар асосан маиший мавзулар атрофида ўралашиб қолган. Шу боис мен Япониядаги бирорта ёш режиссёрнинг исмини сизга айтолмайман”, дея гапирди. Ундан сўрашди сизни энг яхши фильмингиз қайси? “Келажакда яратадиган фильмим”, дея жавоб берди Китано.
Умуман олганда айтишим мумкинки, бу маҳорат сабоқлари соҳага кириб келаётган, тақдирини кино санъати билан боғлаётган ёшлар учун жуда ҳам фойдали, бир умрлик сабоқ бўлди.
− Камчиликлар ҳам кузатилдими?
− Албатта, маҳорат дарсларида ижобий жиҳатлар билан биргаликда айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Хусусан, дарслар учун ажратилган вақтлар қисқа бўлди. Яъни аксарият дарслар 40-45 дақиқа атрофида, бир соатга ҳам етмасдан якунланди. Кўпчилик ёшларнинг саволлари ичида қолди. Назаримда регламент масаласини ўйлаб кўриш, маҳорат дарсларига кўпроқ вақт ажратиш лозим. Қисқа муддат ичида бундай машҳур кино ижодкорлар билан катта суҳбатлар қилиш қийин.
Қолаверса, яна бир жиҳат кўнглимни бироз хира қилди. Бу ёшларимизнинг кино санъатига доир билим даражаси ҳали етарли эмаслиги. Кўпчилик талабалар асосан жуда оддий ва юзаки саволлар билан ижодкорларга мурожаат қилишди. Бу хорижлик меҳмонларда табиийки бироз ажабланиш ҳиссини пайдо қилди. Юзаки, умумий қолипдаги саволлар кўп берилди. Кейинги кинофестивалларга шуларни ҳам ҳисобга олиш, дарсларга нафақат талабалар, балки шу соҳада илмий тадқиқот олиб бораётган ёшлар, тажрибали киношунослар, кино танқидчиларни ҳам кўпроқ жалб қилиш керак. Ташкилий қўмита келаси кинофестивалларда аудитория масаласини ҳам ўйлаб кўриши лозим деб ҳисоблайман.
− Кинофестиваль доирасидаги бошқа тадбирлар ҳақида фикрингиз қандай?
− Умуман лойиҳаларнинг ранг-баранг, турли мамлакатлар кино кунларига гувоҳ бўлдик, улар орасида креатив лойиҳалар ҳам бор. Бунга мисол қилиб «Кино 5 кунда» лойиҳасини айтиш мумкин. Беш кун ичида фильм яратиш аслида жуда ҳам мураккаб ва креатив вазифа. Режиссёрлар тасаввурини кенгроқ шакллантириш, ижодкор сифатидаги индивидуал хусусиятларини юзага чиқариш учун бу лойиҳа ўйлаб топилган. Режиссёрнинг фантазиясини юзага чиқаришда бундай лойиҳалар муҳим ўрин тутади. Назаримда шундай руҳдаги янгича ёндашувга асосланган лойиҳаларни кўпайтириш керак.
Яна бир муҳим жиҳат халқаро миқёсдаги меморандумлар, томонлар ўртасида ҳамкорлик битимлари имзоланганлиги қувонарли ҳол. Чунки бу каби келишувлар кино индустриясининг ривожлантиради.
Халқаро ҳамкорлик дегани ўз навбатида инвестиция дегани. Яъни хорижлик кино ижодкорлар Ўзбекистонга пул киритишади ва бу қайсидир маънода иқтисодий самарадорликка ҳам хизмат қилиши мумкин.
− Бу сафарги кинофестиваль турли шов-шувлар билан ҳам ёдимизда қолди. Турк киноижодкорларининг ўзаро келишмовчилиги муҳокамалар марказида бўлди. Гўё фестивал фақат шу можаро билан инсонлар ёдида қоладигандек?
− Тўғри, баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Бурак ва Нургул воқеаси қайсидир маънода кинофестиваллардаги қолган лойиҳалар, маҳорат сабоқлари, келишувлар, тадбирларни иккинчи планга суриб қўйгандек таассурот қолдирди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари энг кўп шу воқеани муҳокама қилди.
Умуман олганда халқаро нуфузли кино тадбирларда бу каби шов-шувли ҳолатлар тез-тез бўлиб туради. “Оскар” мукофотини оладиган бўлсак дунё киномухлислари ва халқаро ОАВда ҳам қайсидир актёрни қўлидан мукофот ҳайкалчаси тушиб кетгани ёки бошқа бири маросимга кеч келгани каби ҳолатларни кўп муҳокама қилади.
Лекин ҳар нарсада меъёр бор. Бундай пиарлар, енгил шов-шувлар кинофестивалнинг асосий тадбирлари муҳокамасига соя солмаслиги керак.
− Кинофестивал тадбирлари, умуман жараёнларни ичидан кўрган, иштирок этган инсон сифатида қандай хулосаларга келдингиз?
− Фикр ва таклифларим бор, албатта. Фестивалда турли йўналишлар қамраб олинди: таълим дастурлари, премьералар, танловлар... Лекин ҳар қандай кинофестивалнинг аниқ концепцияси бўлиши керак. Яъни фестиваль ва ундаги лойиҳалар аниқ бир мақсадга йўналтирилиши лозим. Тошкент кинофестивалида шу нарсани кўрмадим. Йирик халқаро тадбирнинг умумий концепцияси йўқ. Кўплаб лойиҳалар бор, лекин уларни бирлаштирувчи умумийлик йўқ, барча лойиҳа битта умумий мақсадга хизмат қилиши керак. Мен мана шу нарсани кўрмадим. Бу менинг шахсий фикрим, албатта. Тўғри, шиор танланган. Лекин фестивални ҳар йили аниқ концепция асосида ўтказиш керак деб ҳисоблайман. Бир сафар таълимга чуқурроқ эътибор бериш керак, бошқасида бадиий фильмларга ёки бўлмаса халқаро кино алоқаларни ривожлантиришга... Мана шунда қандайдир натижаларга эришиш мумкин. Агар ҳар йили умумий ҳар хил лойиҳалар шаклида ўтказсак фестиваль ўтади-кетади, лекин аниқ бир натижа кўринмайди. Назаримда кейинги фестивалларда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, кинофестиваллар ўтказиш билан шуғулланадиган олимлар, киношуносларни жалб қилган ҳолда кинофестивални аниқ консепциясини ишлаб чиқиш керак.
Иккинчи масала, кўпчилик журналистлар ва мутахассислар фестивални ҳар йили эмас, балки 2 йилда бир маротаба ўтказиш таклифини билдирмоқда. Бу фикрга қўшиламан. Бир йил вақт бу каби катта масштабдаги кинофестивални ўтказиш учун қисқалик қилади.
Бу нафақат иқтисодий балки ташкилий ва ижодий масалалар учун ҳам кам. Икки йилда бир ўтказилса табиийки фестивалнинг даражаси ҳам ошади.
Кинофестивалда фақат қисқа метражли филмлар эмас, тўлиқ метражли фильмлар ҳам тақдирлаб, эътироф этиб борилиши керак. Бу ҳам фестиваль нуфузини оширади.
Яна бир гап, фестиваль доирасида тақдим қилинган филмлар эски, анча аввал суратга олинган. Бу кинофестивалга бўлган қизиқишни сусайтиради, чунки филмларни шундоқ ҳам интернетга кириб кўриш мумкин. Фестивалда нисбатан охирги йилларда суратга олинган, жаҳондаги бугунги кинотенденцияларни белгилаб беришга ўз ҳиссасини қўшаётган филмларни намойиш этиш керак.
Менинг умумий хулосаларим шундай. Таққослаш учун айтганда бу йилги фестиваль ўтган йилгидан юқорироқ даражада ташкил этилди ва ўзининг йўли, шаклини топиб бормоқда. Олдинда эса қилинадиган ишлар кўп.
Инобат АҲАТОВА суҳбатлашди,
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ