
Тошкент метрополитени бекатларининг ҳар бири ўзига хос бўлиб, дизайнида миллий колорит ва замонавий чизгилар уйғунлашган. Жумладан, “Космонавтлар”, “Пахтакор”, “Чилонзор”, “Мустақиллик” каби станцияларда киши ўзгача муҳитга тушиб қолганини бир нафасда ҳис қилади. Алишер Навоий бекатида эса айни ҳис янаям кучайиши шубҳасиз. Бу ҳол деворни безаб турган сувратларни моҳир қалам соҳиби чизгани билан ҳам боғлиқ.
1977 йили Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Ахмаровга Алишер Навоий метро бекати дизайнини яратиш топшириғи берилади. Улуғ мутафаккир ижодини яхши ўрганган мусаввир “Хамса” мотивларида эскизлар тайёрлайди. Ўша вақтдаги қатъий таомилга кўра, изн олиш мақсадида намуналар Москвага юборилади. Дизайн-ку тасдиқланади, бироқ “Ҳайрат ул-аброр” асарига бағишланган паннонинг ўрнатилишига рухсат тегмайди. Бунга достоннинг гўёки диний мавзудалиги рўкач қилинган. Шундай қилиб, Алишер Навоий метро бекати безакларида “Хамса” бешлик эмас, тўртлик асар ҳолида тасвирланади.
Ҳозирги кунда Алишер Навоий бекатидаги суратсиз, бўш паннолардан бири
"Ҳайрат ул-аброр" панноси учун таклиф этилаётган вариант
Ушбу ҳолат зиёлилар орасида кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарган бўлса-да, лекин айни вақтгача камчиликни тузатишга жазм қилинмаган эди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик институти доценти Раҳимжон Ризомуҳаммедов бошчилигидаги ўнга яқин ижодкорлар метро бекати дизайнидаги ўша етишмаётган паннони ўрнатиш таклифи билан чиқишмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги Рассомлар уюшмаси аъзолари янги тасвирни мавжуд панноларнинг услубий хусусиятларини бузмаган ҳолда яратишмоқчи. Бунда Чингиз Ахмаров ижодининг меросхўрлари – Содиқ Раҳмонов, Темур Саъдуллаев, Раҳимжон Ризомуҳаммедов, рассом ва кулол Фарҳод Тошмуҳаммедов, миниатюрачи Беҳзод Ҳожиметов, метрополитеннинг “Пахтакор” бекатидан Алишер Навоий бекатига ўтиш йўлаги бадиий безаги муаллифи, академик Владимир Бурмакин каби ижодкорларнинг тажрибасига суянилади. Таклиф қилинаётган паннога “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги шоҳ ва ўтинчининг суҳбати асос қилиб олинган. Рассом Раҳимжон Ризомуҳаммедовнинг фикрича, ушбу ҳикоят асар моҳиятини очиб берадиган энг яхши намуналардан бири ҳисобланади.
Раҳимжон Ризомуҳаммедов:
– Беш йилдан бери лойиҳа устида бош қотирар эканмиз, метродаги композицияга зарар етказмайдиган, аксинча, уни тўлдирадиган суврат қандай бўлиши кераклиги ҳақида баҳслар қилдик. Афсуски, Москвага юборилган “Ҳайрат ул-аброр” ҳақидаги эскизлар сақланмаган. Чингиз ака панно ҳошиясига айлантириб, шоирнинг шоҳбайтларидан ёзишни ҳам таклиф қилган. Бироқ битиклар араб имлосида бўлгани боис рад этилган. Шунинг учун унинг ўрнига гул шаклларини чизишга мажбур бўлган экан.
Устоз рассом вақти келиб, ўз асаридаги камчиликлар бартараф этилишига умид қилиб, биз шогирдларига тузатилиши керак бўлган ўринларни айтиб кетган эди. Метрополитендаги “Хамса”ни тўла маънода бешлик композициясига айлантириш учун ишлаб чиққан лойиҳамизни институт илмий кенгашига тақдим этдик. Айримлар “Паннолар бекорга тўртта эмас, агар “Ҳайрат ул-аброр” ҳам қўшилса, архитектура бузилади, шунинг учун бекат ичига эмас, бошқа жойга ўрнатиш керак”, дейишди. Биз айни ҳолатни ҳисобга олиб, композиция бузилмаслиги учун битта эмас, тўртта панно чизишни таклиф қиляпмиз.
Таклиф этилаётган вариантлар
Содиқ Раҳмонов:
– Баъзилар бекатдаги суратларни нега айнан Чингиз Ахмаров чизган деб сўрайди. У киши улуғ мутафаккир ижодини ёшликдан яхши ўрганган. Қолаверса, илк катта иши Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрини безатиш бўлган. Архитектор бинонинг ичкари қисмини буюк шоир асарлари асосидаги сувратлар билан зийнатлашни режалаштирган. Аммо ўша вақтларда Навоийни яхши биладиган рассом топишга қийналган. Шундан сўнг унга талаба Чингиз Ахмаровни тавсия қиладилар. Бу иш шу қадар маҳорат билан бажариладики, натижада муаллиф 1947 йили 1-даражали Сталин мукофоти билан тақдирланади.
Рассом кейинчалик Мирзо Улуғбек музейи учун ҳам бир қатор монументал-декоратив асарлар яратди. Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи биносини, Сочидаги “Ўзбекистон” санаторийсини ва Тошкент метрополитенидаги Алишер Навоий бекатини безади. Чингиз ака билан бирга ишлаганман. Битта устахонада чизардик. Қандай ранглардан фойдаланишини, қандай ижод қилишини кўп кузатганман. Шу боис “Ҳайрат ул-аброр” панносини устознинг эскизларига яқинлаштира оламиз, деб ўйлайман.
Лойиҳа муаллифлари маданият вазири билан учрашиб, паннонинг эскизларини тақдим этишган. Озодбек Назарбеков лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирган. Вазирлик матбуот котиби ишлаб чиқилган лойиҳа яқин кунларда Бош вазирга киритилиши кутилаётганини oyina.uz'га маълум қилди.
“Ҳайрат ул-аброр” панноси лойиҳасини Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов ҳам маъқуллаган. Хайрихоҳлар орасида марҳум адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул ҳам бор.
“Алишер Навоийнинг “Хамса”си беш достондан иборат бадиий-илмий, маърифий-фалсафий адабий обида бўлиб, ҳаммаси биргаликда яхлитлик касб этади. “Хамса”ни ташкил қилувчи бирор достоннинг тушириб қолдирилиши мажмуа мазмун-моҳияти, ғояси, эстетик, диний-тасаввуфий хусусиятларига жиддий таъсир этади ва асарнинг адабий қиймати пасайишига олиб келади. Шу маънода Алишер Навоий метро бекатида “Ҳайрат ул-аброр” достонига тегишли керамика, шунингдек, бошқа бир неча сурат ва матнли нақшларнинг истеъдодли рассомларимиз томонидан тикланиши мақсадга мувофиқ”, дейилади профессор Иброҳим Ҳаққул тавсияномасида.
Чиндан ҳам, Алишер Навоий метро бекатида “Ҳайрат ул-аброр” иллюстрациясининг йўқлиги томошабинни бетакрор ижод намунасини тўлалигича тасаввур этиш имконидан маҳрум қилади. Айтилганидек, композициянинг яхлит бўлишига бир вақтлар Москва изн бермаган. Аммо бугун бунга тўсқинлик қиладиган бирор сабаб йўқ. Oyina.uz Тошкент метрополитенида ҳазрат Навоийнинг буюк асари – “Хамса” тўкис ҳолида намоён бўлишига яқин қолганига умид билдиради.
Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ