Жамиятда бадиий дид, эстетик тафаккур ҳаминқадар бўлса, миллат ҳеч қачон юксалмайди – академик Акбар Ҳакимов


Сақлаш
14:10 / 18.08.2022 1318 0

Академик Акбар ҲАКИМОВ билан суҳбат

 

– Акбар Абдуллаевич, сизнинг илмий фаолиятингиз Ўзбекистон амалий ва тасвирий санъатига бағишланганини биламиз. Айни мавзуда ёзган мақола ва китобларингиз нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам яхши маълум. Келинг, мусоҳабани амалий санъат мавзусидан бошласак. Ушбу санъат ўз мазмун-моҳиятига кўра санойи нафисанинг бошқа турларидан тубдан фарқланади: яъни у одам боласининг наинки маънавий, балки моддий эҳтиёжлари сабаб ҳам вужудга келган. Айтайлик, ўтмишда чой қайнатиш учун чойдиш, қумғон, офтоба ва яна ўнлаб ашёлардан фойдаланилган; ажабки, буларнинг бари ҳозир кўзга суртиладиган ноёб экспонат сифатида қадрланади. Худди шу фикрни гиламдўзлик, каштачилик, кандакорлик, пичоқчилик, заргарлик ва бошқа йўналишлар борасида ҳам айтиш мумкин. Бундан ташқари, амалий санъат – иқтисодиёт дегани ҳамдир: ҳар бир моддий яратиқ бозорга чиқади, товарга айланиб, кимнингдир эҳтиёжига ярайди. Демак, икки қутб ўртасидаги бу нозик санъатга турфа ракурслардан қараса бўлади. Кўп йиллардан буён шу соҳани чуқур ўрганаётган олим наздида бу санъатнинг асл моҳияти нимада кўринади?

 

– Саволингизга жавоб бериш учун дастлаб олис ўтмишга назар ташласак. Мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида жойлашган Сополлитепа, Жарқўтон сингари тепаликлардан қадимги мис даврига оид – икки минг йилча муқаддам яратилган амалий санъат ашёлари топилган. Миллий амалий санъат муқаддимаси ўша даврлардан бошланади, десак хато бўлмайди. Умуман олганда, Ўзбекистон санъати тарихида қадимги асрлардан то бугунгача мансуб бўлган ашёларнинг қарийб 7080 фоизини амалий санъат буюмлари ташкил этади. Демак, азалдан бу санъат инсониятнинг турмуш тарзи, маиший ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутган.

 

Тўғри, амалий санъат анъаналари бизда қадимги даврларга бориб тақалади. Лекин бадиий ҳунармандчиликнинг ҳозирги асосий мактаблари ва марказлари хонликлар замонида шаклланган. Ўтган вақт мобайнида турфа тузумлар, ижтимоий-маданий эврилишлар санъатнинг бу турига ҳам маълум таҳрирлар киритди. Хусусан, ХIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда Чор Русияси ҳукмронлиги ўрнатилгач, кундалик ҳаётга фабрика маҳсулотлари кириб келади. Бозорларда чинни идишлар, турли газламалар пайдо бўлади; матосозлар, усталар сунъий бўёқлардан фойдалана бошлайди, натижада, амалий санъатнинг табиий жозибасига путур етади.

 

Бундан ўттиз йиллар бурун Лондонга сафар қилган эдим. Эсимда, юзлаб галереялар жойлашган машҳур Бонд кўчасини кезар эканмиз, ҳамроҳим бўлмиш инглиз олимидан “Бу ерда Марказий Осиёга бағишланган галерея борми?” деб сўрадим. У тасдиқ ишорасини қилди ва мени бир жойга бошлаб борди. У ерда сотилаётган амалий санъат асарлари хорижлик сайёҳлар ўртасида анча талабгир экан. Олди-сотди жараёнини зимдан кузатарканман, бир инглиз аёли сотувчидан ХIX асрнинг 70-йилларига қадар ишлатилган Бухоро сўзанасини қидираётганини айтди. Сотувчи саккиз минг фунтли сўзанани кўрсатди. Аёл савдолашиб ўтирмай шартта пулни санади-да, матоҳни олиб йўлига равона бўлди. Мен ҳалиги тужжорни секин саволга тутдим: “Нега савдолашмай олиб кетди? Чакана пул бермади-ку, ахир!” Савдогар мийиғида кулганча жавоб қилди: “Жаноб, бу аёл ҳам биз каби сотувчи. У мендан саккиз мингга олган сўзанани асли бухоролик бўлган араб шайхларига икки баробар нархга пуллайди”. “Нега айнан ХIX асрнинг 70-йилларигача бўлганини олди?” дея сўроқни давом эттирдим. Тужжорнинг жавоби баайни кутганимдек бўлди: “Чунки ўша давргача Бухоро кашталари табиий бўлган, рус мустамлакасидан кейин сунъий бўёқлар урфга кирган. Овруполиклар ва араблар эса доимо асл нарсаларни қадрлайди”.

 

Аён бўладики, ўзбек амалий санъати хонликлар замонида мумтоз даражага етган. Ҳатто руслар кириб келгач ҳам, то ўтган асрнинг совет ҳукумати ўрнатилган 20-йилларигача миллий хусусиятлар ва маҳаллий ўчоқлар сақланиб қолган. Совет даврига келиб, хусусий мулкчиликка барҳам берилади, натижада устаю ҳунармандлар ясаган буюмларини бозорга олиб чиқиш имконидан маҳрум бўлади. Фабрикалар ишга тушади. Шу тариқа амалий санъатнинг миллий мактаблари барҳам топади. Ушбу санъатга берилган навбатдаги зарба шу бўлдики, 1961 йили мамлакатимизда бирйўла уч идора: енгил саноат, маҳаллий саноат ва маиший хизмат вазирликлари ташкил этилади. Бу ташкилотлар республика ҳудудида қўл меҳнати ила яратилган барча ашёларни тўлиқ назоратга олади. Хусусан, Тошкентда фаолият кўрсатган Бадиий дизайн конструкторлик бюроси деган ҳукмфармо орган амалий санъат буюмларини бир хил стандартга солади; не тонгки, ижодий индивидуаллик ва ўзига хослик йўқолади.

 

Истиқлол йилларида мустабид тузум даврида бой берилган миллий қадриятлар қатори амалий санъатнинг ҳам мумтоз анъаналарини тиклаш, ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга жиддий аҳамият қаратилди. Аввало, соҳага иқтисодий пойдевор қўйилди; сўнг ижтимоий ҳимояга эътибор берилди, Бадиий академия ташкил топди. Хусусий мулкчиликка кенг йўл очилди: марҳамат, бозор сеники – ўзинг ясаб, ўзинг сотавер! Бироқ ҳамма замоннинг ҳам паст-баланди бўлганидек, берилган имкониятларни суиистеъмол қилувчи ҳунармандлар ҳам топилди. Азбаройи сайёҳларга ёқиш, мўмай даромад орттириш илинжида миллий брендни шиор қилиб, бачкана буюмлар ясаш урчиб кетди. Амалий санъатнинг тижоратга дўниши муайян даражада бадиият, эстетик нафосатнинг йўқолишига сабаб бўлди.

 

Энди саволнинг иккинчи қисмига келсак, дарҳақиқат, санъатнинг бу тури ҳам ижодий, ҳам тижорий жабҳани ўз ичига олади.  Бу борада санъат ва ҳунармандчиликни бир-биридан фарқлаш лозим: масалан, кундалик турмушда ишлатиладиган болта, кетмон каби ашёлар шунчаки ҳунарнинг натижаси, холос. Лекин таом тортиладиган лаганга чиройли ишлов бериб, нақшу нигорлар ила безатилса санъат асарига айланади. Рўзғор учун зарур дов-дастгоҳларни ясайдиган устаю косиб, дурадгору темирчиларнинг меҳнатини камситиш фикридан йироқмиз. Бироқ ҳар қандай моддий яратиқ санъатга айлана олмаслигини тушунмоғимиз керак. Шу боис бадиий ҳунармандчилик истилоҳини ишлатамиз, яъни ҳунарда бадиий дид зуҳур этсагина ижодий асар саналади.

 

Ҳозирги глобаллашув даврида миллатнинг ўзига хос қиёфасини сақлаб қолиш, уни дунё маданий жамоатчилигига кўрсата билишда ушбу санъат беқиёс ўрин тутади. Қолаверса, амалий санъат ўтмишдаги гўзал қадриятларни келажак авлодга безавол етказади, мамлакатнинг моддий ва маънавий фаровонлигига хизмат қилади.

 

2019 йили юртимизда илк бор халқаро миқёсдаги амалий санъат фестивали ўтказилди. Жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларидан келган сайёҳлар, санъатшунослар Ўзбекистонда соҳанинг барча турлари мумтоз анъаналар руҳида қайта ривожланаётгани, бу борада ҳам иқтисодий, ҳам ижодий пойдевор қўйилганини қайд этишди.

 

– Яқинда “Санъатда гедонизм фалсафаси” номли тадқиқотингизни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Мазкур истилоҳ чинакам санъат асарларидан завқланиш, роҳатланиш, том маънода гўзалликни туйиш маъносини англатар экан. Ҳодисанинг икки кўринишини фарқлагансиз: инжа ҳиссиётларни уйғотувчи этик ва унинг зидди бўлган қўпол гедонизм. Санъатнинг элитага мўлжалланган классик жанрлари – опера, балет, симфоник мусиқа, театр, муаллифлик киносидан олинажак ҳайрату ҳиссиётлар этик гедонизмга хос. Кейингиси санойи нафисанинг тижорийлашуви, бозор талаблари ва омма эҳтиёжларига мослашуви билан боғлиқ бўлиб, бу ҳол аллақачон курраи заминни остин-устун этаётир. Таассуфки, бугунги омма турфа сериаллар, клиплар, шоулар, “хонтахта” фильмларга, яъни гедонизмнинг дағал шаклига тутқун. Фойдахўр тужжорлар эса инсониятнинг эстетик дид-тамизини ўлдирадиган “асар”лар олди-сотдиси билан овора. Нима ҳам дердик, бир ёғи ижод эркинлиги, иккинчи томондан бозор қонунияти! Боз устига, ҳақиқий санъат – оммавий ҳодиса эмас; “санъат – санъат учун” деган кўҳна ақидада жон бор. Жамиятда, ёппасига бўлмаса-да, асл санъатдан лаззатланадиган, савияси баланд инсонлар улушини кўпайтириш учун нима қилмоқ лозим? Бу борада санъатшуносларнинг вазифаси нималардан иборат?

 

– Гедонизм атамаси қадимги Юнонистонда пайдо бўлган. Кўпгина ижтимоий-гуманитар фанлар сингари санъатшуносликдаги асосий тушунча ва мезонларнинг шаклланишига ҳам юнон файласуфлари, хусусан, Пифагор, Ҳераклит, Демокрит, Арасту, Суқрот ва бошқаларнинг қарашлари катта таъсир кўрсатган. “Гедонизм”ни “маишат эстетикаси” деб таржима қилсак тўғри бўлади. Кенгроқ шарҳлайдиган бўлсак, бани одам азал-абаддан руҳий изтироблар, азобу қийноқлардан халос қиладиган, таскин берадиган таълимотлар, илоҳий кучларга эҳтиёж сезган ва бунда дин асосий омилга айланган. Масалан, буддавийлик динида “Дард ҳақида тўрт буюк ҳақиқат” деган тушунча мавжуд. Будданинг фикрича, ботиндаги азобу оғриқлар хоҳишу ҳиссиётлардан туғилади; одам боласида аввало недир истак уйғонади ва у шунга эришмоқ учун машаққат чекади, дард юқтиради. Бундан фориғланишнинг ягона йўли – ҳиссиётларни ўлдиришдир.

 

Ҳайкалтарошликда Будда уч хил тасвирланган: биринчисида, у тик турган ҳолда қўлини баланд кўтариб, ғояларини оммага етказмоқда; кейингисида ўтирган, яъни йога позасида намоён бўлади (“йога” сўзининг луғавий маъноси зўрлик, зўравонлик ила ҳиссиётларни маҳв этиш демакдир); яна бирида эса уни ётган ҳолатда кўрамиз – буни баъзилар жонсиз вужуд деб талқин қилади, аслида ҳисларини ўлдирган Будда барча азоблардан фориғланиб, енгил тин олмоқда. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидан топилган ҳайкалларга эътибор қаратсак, уларнинг нигоҳи, қиёфасида ифода кўринмайди – бу, шубҳасиз, Будданинг туйғуларни енгиш ҳақидаги фалсафасига асосланади. Эллинизм даври маданиятида эса бунинг акси: бу даврга мансуб ҳайкалтарошлик асарларида кулги, йиғи ва бошқа ҳолатлар акс этади. Хусусан, қаҳ-қаҳ уриб кулаётган масхарабоз ҳайкали фикримизнинг ёрқин далилидир.

 

Буддавийликдаги фалсафий қарашлар юнон мутафаккирлари ғояларига ҳам мос келади. Масалан, Эпикурнинг “атараксия” (“дардсиз ҳаёт”) деган таълимотига кўра, инсон чинакам санъат асарларидан роҳатланиб, эстетик завқ туйганида, руҳини эзаётган қийноқлардан қутулади, қалбида сакинат пайдо бўлади. Юрагида гўзаллик ниш урган одамдан эса ёмонлик чиқмаслиги аён.

 

Ислом динида ҳам бу категория муҳим ўрин тутади. “Оллоҳ гўзал ва гўзалликни севади” деган машҳур ҳадисни эсланг. Гедонизм санойи нафиса орқали инсон ботини, шуурида нозик кечинмаларни уйғотади; гўзалликнинг олий даражасига ошно этади.

 

Бу – этик гедонизмга хос ҳолат. Бироқ қалбдан кўра нафси амморани қитиқлайдиган, эстетик диддан кўра ўткинчи майллару чучмал туйғуларга эрк берадиган иккинчи тур ҳам борки, тарози палласида у оғир келса, маънавий-маърифий мувозанат издан чиқди деяверинг.

 

Машҳур актёр Аль Пачино иштирок этган “Чорак” фильмини кўргандирсиз. Қариянинг ҳузурига пўримгина набираси келиб, “Бобо, йигирма беш цент беринг, кинога бораман”, дейди. Чол бу пулни топиш учун меҳнат қилиш лозимлигини айтиб, набирасига бир талай топшириқ беради. Бола оёғини қўлига олиб, ҳамма айтилганларни бажаради ва ваъда қилинган ақчани олибоқ кинотеатрга чопади. Аммо кассир соатга ишора қилиб дейди: “Соат бешдан кейин чипта нархи эллик центга чиққан, бу пулинг етмайди”. Бола бўшашиб-шалвираб қайтиб келади ва бўлган гапни бобосига айтади. Шунда донишманд қария (Аль Пачино) бундай дейди: “Сенинг кинога талпинишинг истак эмас, хоҳиш натижаси эди. Одамнинг истаги белидан юқорида, хоҳиши эса белидан пастида бўлади”.  Гедонизмнинг икки турини фарқлаб олиш учун ажойиб мисол бу. Юксак санъат қалбу шуурга қувват беради; тубан томошалар эса, қария айтмоқчи, белдан пастга таъсир қилади, холос.

 

Таассуфки, дунё саҳнаси тийиқсиз майлларга хизмат қилаётган концерт, шоу, клип каби санъат ниқобидаги томошаларга тўлиб ётибди. Катта бир индустрия пичиритқи истагу эҳтиросларни қўзғайдиган бепарда нарсаларни пуллаётир. Шу ўринда Жеймс Жойснинг “Икки нарса санъат эмас: дидактика ва порнография” деган фикри ёдга келади. Зиёли инсон-ку ҳақиқий санъат нималигини билади, омма-чи? Бир неча йил бурун “хонтахта” деб аталувчи хусусий фильмлар урчиб, асабларимизни эговлаган, маънавият дарёларини етарлича лойқалатган эди. Улар-ку камайди-я, лекин ўрнини сериаллар эгаллади. Кеча тижорий кинолардан ёзғириб, арзу дод қилган бўлсак, бугун турфа сериаллар қутқусидан ҳимояланиш масаласи кун тартибига чиқди. Ижтимоий, тарихий мавзудаги жиддий сериаллар яратилса, нур устига нур бўларди. Чунки халқимиз ҳозирча турк, корейс сериалларини қизиқиш ила томоша қиляпти. Ачинарлиси, ўша миллатлар тарихини ўзимизнинг тарихдан яхшироқ билади. Биз олимларнинг асосий вазифамиз – биринчи навбатда, халққа буюк ўтмишимизни англатишдир, чунки тарихий хотирасиз на адабиёт, на санъатни тарғиб қилиш мумкин. Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази дастури ва концепциясини ишлаб чиқишда қатнашяпман. Ислом цивилизацияси дейилган бўлса-да, исломгача бўлган даврлар маданий ёдгорликларини ўрганиш ҳам мақсад қилинган. Бу жуда муҳим лойиҳа, чунки кейинги вақтларда биз тарихимизни анча чегаралаб қўйдик. Ёшларга қадим ўтмишдан сўзласангиз, “Устоз, тарихимиз масжиду мадрасалар қурилган даврдан бошланган деб юрардик”, дейишади ҳайратга тушиб. Аввало, ёшлар онгидаги ана шу бўшлиқни тўлдириш лозим.

 

Камина бадиий ижод билан ҳам шуғулланаман. Яқинда “Ипак салтанатлари” номли тарихий романим нашрдан чиқди. Китобда Буюк ипак йўли туташтирган Хитой, Сўғд, Византия, Эфталийлар мамлакати ва Турк хоқонлиги билан боғлиқ воқеалар тасвирланади. Мақсадим – халқимиз, айниқса, ёш авлодга нақадар бой ва узоқ ўтмиш, маданий цивилизацияга эга эканимизни англатиш...

 

– Адабиёт ва тасвирий санъат аҳли азалдан бир-бирини қўллаб-қувватлаган, дўсту биродар тутинган. Ҳазрат Алишер Навоий бу борада ҳам юксак намуна кўрсатганлар. Улуғ шоирнинг мураббий ва муқаввийлиги остида Ҳирот миниатюра мактабининг таниқли вакиллари етишиб чиққан. Ҳазрат каби ҳиммат кўрсатиб, мусаввирларга пуштипаноҳ бўлмоққа ҳар ким ҳам қодир эмас-ку, аммо бугун адибнинг рассом, рассомнинг эса адиб ижодига қизиқмаслиги, бу икки санъат ўртасида тушуниксиз тўсиқ пайдо бўлганига нима дейсиз? Дейлик, бадиий асар тақдимотига мўйқалам усталари келмайди ва аксинча – тасвирий санъат кўргазмаю тадбирларида адабиёт аҳлини учратмайсиз. Кўзга кўринган мусаввирларимиздан бири Шавкат Раҳмоннинг “Айланар кўк осмон ёйилмасида / Баҳайбат сувларнинг гулдурослари” мисраларини ўқиб, “Эҳ, тасвирнинг тиниқлигини қаранг, шундай гўзал пейзаж ишласа бўлади-я! Таассуф, биз бир-биримизнинг ижодимизни кузатмай қўйдик” дея ўкинган эди. Домла, сўз ва ранг санъатининг айро тушиши қанчалик фожиали?

 

   Катта авлод вакиллари яхши эслайди, ўтган асрнинг 70–80-йилларида ёзувчи, киночи, композитор ва рассомлар ўртасидаги ижодий алоқалар анча мустаҳкам эди. Гўзал давралар, ижодий гурунглар бўларди. Бир-биридан илҳомланиб, янги асарлар яратишарди... Ўша дамларни хотирга олсам, беназир Рауф Парфи, ёзувчи ва санъатшунос Нодир Норматовларнинг нурли сиймоси кўз олдимдан ўтади. Нодиржон адабиёту тасвирий санъатни бирдек тушунар, икки соҳани боғловчи жонли робита эди гўё. Назаримда, ўшанда адабиётда ҳам, санъатда ҳам жаҳон маданияти билан бўйлашиш, дунё шеърияти, рангтасвирининг илғор оқиму тенденцияларини ўзлаштириш руҳи кучли эди.

 

Албатта, адабиёт ва тасвирий санъатнинг хос табиати, ижодий тутумларини ҳисобга олиш лозим. Уларнинг шаклу шамойили, ифода воситалари фарқли. Рассомлик асари моддий намоён бўлиш хоссасига эга. Бўёқ ҳиди димоғингизга уради, изоҳу таржимонга эҳтиёж сезмайсиз. Мўйқалам аҳлини “марказдан четга интилувчилар” ҳам дейишади – улар миллий заминда туриб, жаҳон маданияти билан робитага киришади. Бу борада адабиётнинг имконияти бирмунча чекланган. Юксак санъат намунаси бўлган адабий асар малакали мутаржимнинг қўлига тушиб, хорижий тилларга таржима қилинмас экан, миллий қобиқни ёриб чиқиши амримаҳол. Буни ўз тажрибамда ҳам кузатганман. Чингиз Аҳмаров ижодига бағишланган монографияни ёзиш жараёнида рассомнинг руҳий оламини теранроқ очиш учун шеърлар ҳам қораладим. Китоб рус тилида ёзилаётган эди, шеърлар эса ўзбекчада қуйилиб келди. Шунда “Недур армон?” дея бошланувчи мисрани русчага ўгириш учун кўплаб шоиру таржимонларга мурожаат қилдим, бироқ ҳеч кимнинг ўгирмаси кўнглимга ўтирмади. Ноилож шеърни китобга киритмадим. Ўзимча ўйладим: агар рассом бўлганимда, армоннинг суратини чизардим ва у ҳаммага бирдек тушунарли бўларди. Ҳа, сўз санъати ила башар майдонига чиқиш ҳазилакам иш эмас. Жаҳоний адиб Чингиз Айтматов нафақат асарларидаги миқёс ва кўлам, фазовий кенглик туфайли, балки рус тилида ёзгани сабабли ҳам дунё даражасидаги ёзувчи сифатида эътироф қозонган, деб ўйлайман.

 

Айни чоқда, адиб ва рассомлар бир-бирининг ижодини мутлақо кузатмайди десак, инсофсизлик бўлар. Масалан, мусаввир Акмал Нурнинг кўргазмалари шоиру ёзувчилар билан гавжум ўтади. Сабаби, унинг ижодида поэтик руҳ, лирик ифода, шоирона образлар етакчилик қилади. Худди шу фикрни Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзо ижодига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Бугун сўз ва ранг санъати параллел ривожланаётганига қарамай, такрор айтиш ортиқча эмас: икки соҳа вакилларининг бир-бирига талпиниши, хайрихоҳлиги ниҳоятда суст. Бунинг натижасида эса не-не гўзал асарлар туғилмай туриб нобуд ҳам бўлаётгандир балки...  Ахир, жаҳон адабиётида рангтасвир асарларидан, тасвирий санъатда эса адабиётдан илҳомланиб яратилган ўнлаб дурдоналар бор-ку!

 

Масаланинг ечими қандай, дерсиз. Уларнинг бошини қовуштириш учун қандайдир мажбурий чора-тадбирлар кўриш ёки расмий идораларни ишга солиш нораво. Кўнгил одамларини бу тахлит бирлаштириб бўлмайди. Ижод аҳли фикр доирасини кенгайтирмас, биқиқ қарашларини ўзгартирмас экан, вазият ўзгармай қолаверади...

 

– “Рангтасвир адабиётдан юз йил илгарилаб кетди”, деб ёзади абстракционизмнинг таниқли намояндаси Жан Дюбюффе. Унга кўра, “Рангтасвирда шакл бошдан-оёқ янгиланиб бўлди, адабиётда эса бу жараён сезиларли эмас. Тасвирий санъат мудом шаклий янгиланиш билан узвийликда ривожланган”. Тўғри, фаранг рассоми ўз соҳасига бирмунча ён босгандек. Шу боис бу хулосага аксарият шоиру адиблар қўшилмаслиги мумкин. Миллий ва жаҳон тасвирий санъати тарихи, замонавий жараёнларини пухта биладиган олим ўлароқ бу масалага муносабатингиз қандай? Тасвирий санъат адабиётдан шу қадар илдамлаб кетгани ростми?

 

– Бу саволга жавоб бериш учун ҳам қадимги Юнонистонга қайтишга тўғри келади. Арастунинг “мимесис” – “табиатга тақлид” назарияси ХХ асрнинг бошларига қадар жаҳон санъатида ҳукмронлик қилди. Ижодкор табиатдаги бор нарсани яратади, истайдими-йўқми, унга тақлид қилади, деган қараш устувор эди. Арастунинг сигир ҳақидаги машҳур мисолини эслайлик: бу жонивор узунлиги 200 стадия (4 километр) бўлиши мумкин эмас, санъатда бор ҳодисани борича тасвирлаш керак – бу фикр реализмнинг ибтидоси бўлиб, турли даврларда бунга қарши чиқувчилар топилса-да, санойи нафисанинг моҳияти шундай тасаввур қилинди.

 

ХХ аср бошида Европа илмий ва бадиий тафаккурида инқилобий ўзгаришлар содир бўлади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди: илк жаҳон урушининг бошланиши, атомнинг парчаланиши...  ХIХ аср охиригача Ғарб мусаввирлари атомни бўлинмас зарра деб ҳисоблаган. Янги аср бошида бу қараш ўз кучини йўқотгач, рангтасвирда шиддатли “сакраш” кузатилди: Пабло Пикассо, Сальвадор Дали, Жорж Брак каби рассомлар ижоди тасвирий санъатда туб янгиланиш ясади. Атомнинг парчаланиши – борлиқ, дунёнинг парчаланишига ўхшарди. Демак, бирбутун, яхлит ҳодиса йўқ, ҳамма нарса вақти келиб емирилишга маҳкум. Натижада, “парчаланган онг” деган қараш вужудга келади. Бу, таъкидлаганимиздек, тасвирий санъатнинг шакл борасида анча илдамлаб кетишига сабаб бўлади. Жан Дюбюффе ҳам бояги фикрларни, эҳтимол, шу нуқтаи назарга таяниб айтгандир.

 

Шундан буён рангтасвир шаклий янгиланишдан тўхтагани йўқ. Чунки инсоният фикратида парчаланиш жараёни давом этмоқда. Атроф-жавонибдаги талотумлар, қирғину муҳорабалар, балою офатлар туфайли бани одамнинг бирдамлик, яхлитлик ҳақидаги қарашлари, эстетик идеаллари таназзулга учрамоқда. Ҳозир кўп инсонларнинг ўй-хаёллари тарқоқ, ассоциатив фикрлаш йўқолиб боряпти. Психологияда гештальт деган тушунча бор, бу – шууримиздаги нарсаларни яхлит образ сифатида тасаввур қилиш кўникмасини англатади. Масалан, мен сизга “сабзи, пиёз, гуруч, ёғ” десам, ош назарда тутилаётганини дарҳол фаҳмлайсиз. Демак, сиз олмонча ибора ила айтганда, гештальтни ёпа олдингиз. Кимдадир бу хусусият йўқ.  Айтмоқчиманки, фикр, онгдаги эврилишлар замонавий жаҳон рангтасвирининг илғор ҳаракатини юзага келтирмоқда. Балки шу жиҳати сабаб адабиёт билан пойгада ғолиб чиқаётгандир.

 

Барча санъатларнинг моҳиятида мазмун туради, адабиёт ва тасвирий санъатнинг “кураш”и эса шаклга асосланади. Бу борада турфа хил қарашлар мавжуд. Хусусан, Европа ва Россия постмодернизм санъати шаклни инкор этади, улар учун ғоя бирламчи. Замонавий ўзбек мусаввирлари Бобур Исмоилов, Жамол Усмонов, Мурод Қорабоевлар гарчи Шарқ постмодернизми анъаналаридан илҳомланиб ижод қилаётган бўлса-да, бадиий шаклдан воз кечмайди. Демак, шакл ҳам миллий менталитет, характер билан боғлиқ экан. Фикримча, санъат турлари ўртасида бундай рақобатнинг бўлиши табиий ҳол. Бир санъат муайян замонда бошқасидан ўзиб кетса, бундан фожиа ясамаслик керак.

     

– Биламизки, аҳли илм табиатан оғиркарвон, вазмин келади, беҳуда пиару олашовурлардан қочади – аслида шундай бўлгани маъқул. Зотан, олимнинг рутбаси ана шу жиддиятида ҳам акс этади. Оломоннинг узундан-узоқ мантиқсиз вайсаши битта фозилнинг сукутига тенг келмайди. Бироқ шундай замон етдики, индамай туриш – оқиллик эмас, қўрқоқлик санала бошлади. Ижтимоий тармоқ дегич ҳодиса ҳаммани минбарга чиқарди. Қўйиб берсангиз, ўз соҳангиздан “дарс” ўтишади сизга; кези келганда “Фалончи олим нега муносабат билдирмаяпти?” дея айюҳаннос солишади...

 

– Бугун аксарият ёшлар дунёқараши, онги ижтимоий тармоқлар таъсирида шаклланаётгани ҳақиқат. Ачинарлиси, тузукроқ китоб ўқимай, ўша сайтлардаги узуқ-юлуқ, таги пуч маълумотларни илм деб қабул қилаётганлар кўпайиб кетди. Инчунин, санъат соҳасида ҳам. Лекин биласизки, тармоқда асосан театр, кино, телевидение сингари оммабоп санъатлар теграсида фикр билдирилади, чунки бунга ҳамманинг “тиши ўтади”.  Илмий кенгашлар, диссертация ҳимояларида ҳам кузатгансиз: саҳна ё экран билан боғлиқ тадқиқотлар бўлса, зал тўлиб кетади, саволлар ёғилади, мунозараталаб мардум кўпаяди. Санъат тарихи, Илк ва Ўрта асрлар, темурийлар даври маданияти ёинки симфония, опера, мақом санъати билан боғлиқ мураккаб мавзулар бўлса-чи? Ҳамма мум тишлаб олади, ақли етмаган нарсага аралашиб, музтар бўлиб қолишдан қўрқади. Демак, бу масалада ўзига хос иерархия бор.

 

Камина халққа фикр етказишнинг муҳим минбари – телевидениеда фаолман. Бирор кўрсатувга таклиф қилишса, бажонидил рози бўламан, фикрларимга эҳтиёж борлигидан қувонаман. Тармоқларга жуда хайрихоҳ бўлмасам-да, бир жиҳат кўнгилга таскин беради: ёшларнинг санъат ҳақида фикр билдираётгани, унга бефарқ эмаслиги барибир яхши. Майли, хато бўлсин; майли, заиф, баҳсли бўлсин; ҳарқалай, гўзаллик, нафосат дунёси атрофидаги мунозаралар некбинроқ хулосага ундайди. Энг ёмони – санъатга лоқайдлик. Жамиятда бадиий дид, эстетик тафаккур ҳаминқадар бўлса, миллат ҳеч қачон юксалмайди. Санъат барча замонларда инсон маънавияти учун зарур восита бўлиб келган... Дарвоқе, Афлотун “Рассомлар, санъаткорларни мамлакатдан ҳайдаш керак, улар абсолют ҳақиқатни яратмаяпти”, дея майдонга чиққан, аммо бу даъватга ҳеч ким эргашмаган. Аниқки, санъатсиз одам боласи ҳайвонга айланади. Нафис санъат одам боласини эзгу ғоялар, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялабгина қолмай, балки кутилаётган фожиалар, улкан маҳрумиятлардан огоҳ ҳам этади. Пабло Пикассонинг “Герника” асари инсониятга огоҳлик қўнғироғи эди. Камолиддин Беҳзод ҳам ўз асарларида девлар, иблисларга кўп мурожаат қилади ва оммани нафс қутқусига қарши сергак турмоққа чақиради. Аён бўладики, санъатнинг зиммасида ғоят залворли вазифалар бор. Шундай экан, оламга қизиқиш билдираётган, баланд-паст мулоҳазалар айтаётган ёшларни маломат қилмаганимиз маъқул.

 

– Олимнинг тил билмоғи – кони фазилат. Айниқса, маҳаллий қобиқни ёриб, жаҳон илм-фани билан бўйлашмоқ учун хорижий тилларни пухта билиш ғоят зарур. Бироқ бу – она тилингга беписанд бўл, дегани эмас. Она тилини яхши билган одам дунё лисонларини ҳам пухта ўзлаштириши синовдан ўтган ҳақиқат. Кейинги йилларда давлат тили масаласи кун тартибидан тушмади. Қонун лойиҳаси тайёрланиб, ҳамон муҳокама этилаётганидан хабарингиз бор. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолият кўрсатаётгани, тарғибот ишлари олиб борилаётгани эътиборга молик. Ҳукумат даражасидаги ишлар, шаксиз, натижа берар. Аммо тил масаласи умуммиллий ҳаракатга айланиб, ҳар бир фуқаро бу ишга ўзини дахлдор санамагунича, арзу дод қилмоқда давом этаверамиз, чоғи. Домла, она тилимизнинг мақому мартабасини ошириш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун яна қандай саъй-ҳаракатлар қилмоқ лозим, сизнингча?

 

– Яқинда Абу Али ибн Синонинг бир рисоласини варақлай туриб, алломанинг тирноқ ҳақидаги қизиқ фикрига дуч келдим. Унга кўра, тирноқнинг тўртта вазифаси бор: 1) бармоқларни сиққанда куч, мувозанатни сақлаб туриш; 2) ердаги майда-чуйда нарсаларни олиш; 3) юз ёки тананинг бошқа қисмларини қашиш; 4) қурол. Аллома шу тўрт функцияни санайди-да, қуйидаги хулосага келади: тирноқнинг дастлабки уч вазифаси инсонга, тўртинчиси эса ҳайвонга хосдир. Бу мисолни келтиришдан мақсад шуки, биз баъзида тарихдан қурол сифатида фойдаланишга одатланганмиз. Ён-атрофдаги қўшнилардан ўтмишимиз буюк, қадимий, миллат ўлароқ бошқалардан эрта оёққа турганмиз, жаҳон тамаддунидаги ўрнимиз катта деган ва ҳоказо даъволар ила кўкрак керамиз. Ваҳоланки, ўзбекнинг тарихий илдизлари яхши маълум, бу борада баҳсга ҳожат йўқ. Тил ҳам худди шундай ҳодиса. Она тилимизнинг буюклиги, қудратига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Бу тилни ўзича менсимай, ҳақир кўргувчиларга биргина ҳазрат Навоийнинг ижоди кифоя қилади.

 

Тил шундайин нозик, қалб-руҳият билан боғлиқ маънавий ҳодисаки, уни кўр-кўрона тарғиб қилиш, мажбурлаб севдириш мумкин эмас. Қўшни мамлакатда тил патруллари пайдо бўлиб, маҳаллий тилни билмаган одамларни ёқасидан тутиб, уриб-калтаклаганини қайси ақл ё мантиқ билан оқлаб бўлади? Бу – тилни ҳимоя қилиш эмас, шунчаки – миллий ғурур ниқобида миллатни маҳдудлик ботқоғига итқитиш, Ибн Сино айтмоқчи, тирноқни ҳайвонга хос тарзда ишлатишдир.

 

Пандемия кунлари бир диссертация ҳимоясида масофавий шаклда иштирок этдим. Иш рус тилида ёзилган, ОАК ҳам ҳимоянинг рус тилида ўтказилишига рухсат берган. Тадқиқотчи сўзини якунлаб, мунозара қисмига ўтилгач, кузатувчилардан бирининг “миллатпараст”лиги тутиб қолди: ўзбекча савол берилсин, дея ўшқира кетди. Виртуал жараён эмасми, қулоқлар шанғиллаб, шўрлик диссертант ҳам талмовсираб қолди. Хўш, шу йўл билан тилимизнинг обрўсини неча газ ўстира олдик? Ўзбек тилини астойдил ўрганишга интилаётган рус миллатига мансуб танишларим бор. Тўғри, мутлақо бошқа оилага мансуб тилни ўзлаштириш осон эмас, баъзи сўзларни талаффуз қилолмай қийналишади. Шунда устидан кулиш ўрнига ёрдам бериб, қўллаб-қувватласак, тилимиз ривожи, тарғиби учун амалий иш қилган бўлмаймизми? Такрор айтаман, шу заминда яшовчи ҳар бир фуқаро ўзбек тилини ҳурмат қилиши шарт. Аммо буни изчиллик билан, дўстона руҳда амалга ошириш керакки, ҳеч бир миллат озор чекмасин.

 

– Уйғониш (Ренессанс) даврларида илму фан, адабиёту санъат фавқулодда тараққий этгани, ўша асрлар бани одам тафаккурининг энг юксак чўққиси бўлиб қолаётгани сир эмас. Хоссатан, бизда Хоразмийу Берунийлар асос солган биринчи, Темур ва темурийлар маданияти билан боғлиқ иккинчи Ренессанс не-не буюк кашфиётларни майдонга қўйди. Икки йил бурун давлатимиз раҳбари яхши ният ила Учинчи Ренессанс ғоясини илгари сурди. Бу ташаббус воқеликка айланиб, жамият ҳаётининг барча соҳалари Уйғониш фаслига юз бурса, жаҳон айвонида биздан бахтли миллат бўлмайди, албатта. Бу эзгу ғояни рўёбга чиқаришда замонавий санъатнинг ўрни қандай бўлмоғи керак?

 

– Маълумки, “ренессанс” сўзи “қайтиш, қайта тиклаш” маъноларини англатади. Агар Ғарб Уйғониш даврига назар ташласак, асосий мақсад – антик маданиятнинг мумтоз анъаналари, эстетикасини қайта тиклаш бўлганини кўрамиз. Ушбу атамани “гуллаб-яшнаш, тараққий этиш” сифатида ҳам истифода этса бўлади. Зотан, башарият бадиий тафаккури, илму ижоди Мағрибу Машриқ Ренессансида бирдек юксакликка эришганини такрорлашга ҳожат йўқ. Шунингдек, баъзи соҳа мутахассислари ўз йўналишларида муайян Ренессанслар содир бўлганини ёзишади. Масалан, меъморчиликда бу ҳодиса ўн бир бор кузатилган деган хулоса бор. Давлат раҳбари назарда тутаётган Учинчи Ренессанс эса универсал тушунча, уни бирор соҳа билан боғлаб талқин этиш нотўғри, назаримда. Бу уйғониш, тараққиёт ҳамма соҳалар – сиёсат, иқтисодиёт, адабиёт, санъат, фан, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, суд-ҳуқуқ тизими, маданият ва бошқа жабҳаларда юз бермоғи лозим, ана шунда кўзланган маррага эришилади. Президентимиз яна бир жиҳатга эътибор қаратди: Учинчи Ренессанс – мақсад эмас, восита; биз барпо этишни орзу қилаётган мамлакат сари олиб борувчи восита. Ренессанс – улуғвор ҳодиса, ҳуда-беҳуда сўзлар, баландпарвоз ваъдалар ила унинг қадрини тушириб қўймаслигимиз керак. Уни реал ҳодисага айлантириш учун ҳар биримиз ўз соҳамизда енг шимариб, жидду жаҳд ила меҳнат қилсак кифоя.

 

Амалий санъат мисолида оладиган бўлсак, бу соҳада кўҳна қадрияту анъаналарни тиклаш босқичи давом этмоқда. Энди янги тамойиллар, ижодий изланишларга киришиб, ўзбек бадиий ҳунармандчилигини дунё бренди даражасига олиб чиқиш даркор. Тасвирий санъатга келсак, афсуски, замонавий ўзбек рангтасвирида турғунлик кайфияти кучайган. Учинчи Ренессанснинг талабу мезонларига жавоб бериш учун бу соҳада ҳам жиддий ижодий ислоҳотлар қилиниши, фавқулодда санъат асарлари яратилиши лозим. Мухтасар айтганда, Уйғониш даврига яна бир карра гувоҳ бўлмоқ учун бажарилажак вазифалар бисёр. Шуниси аёнки, эзгу ниятлар, улуғвор мақсадларнинг рўёга ёки рўёбга айланиш-айланмаслиги ўзимизга боғлиқ.

 

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ суҳбатлашди.

 

Tafakkur” журнали, 2022 йил 2-сон.

“Чин санъатни излаб” суҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//