Тошкент метрополитенига етиб келган янги поездлар тақдимоти ўтказилди

Сақлаш
15:25 / 27.10.2021 911 0

26-октябрь куни Тошкент марказий темирйўл вокзалида Тошкент метрополитени учун келтирилган 20 та замонавий метро вагонларининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати.

 

Айтилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ўзбекистон Президентининг “Тошкент метрополитенининг ерусти линияси учун ўнта метро поездини сотиб олиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Тошкент метрополитени олдига қўйилган мажбуриятларни бажарди.

 

Пойтахтимиз метрополитени учун янги ишлаб чиқарилган вагонлар заводда ўзгача усулда бўялган. Вагонларнинг ён тарафи ва эшиклари оқ рангда. Бутун ҳаракат таркиби бўйлаб горизонтал равишда Ўзбекистон миллий байроғинининг ранглари мужассам этган чизиқ тортилган. Поезднинг том қисми ҳаворанг тусда, олд қисми эса қора рангга бўялган. Шунингдек олд қисмида йўналишни кўрсатувчи электрон сатр жойлашган бўлиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ рамзи акс этган.

 

 

 

2021-йил охирига қадар яна 20 та метро вагони Тошкентга юборилиши режалаштирилмоқда. 2019-йилда метрополитеннинг 20 вагондан иборат биринчи партияси Тошкентга етиб келганди. 2021-йилнинг август ойида эса “Метровагонмаш” АЖ Ўзбекистонга яна 20 та метро вагонини жўнатган.

 

Маълумот учун, “Метровагонмаш” АЖ ва Тошкент метрополитени 40 метро вагонини ишлаб чиқариш бўйича шартномани 2021-йилнинг апрел ойида имзолаган. Молиялаштириш манбалари Россиянинг Ривожланиш ва ташқи иқтисодий алоқалар давлат банки ва Россия экспорт-импорт банки кредитлари ҳисобланади.

 

Янги вагонлар бир қатор техник имкониятлар ва афзалликларга эга:

 

 - Вагонлар орасидаги герметик “гармошка” кўринишидаги ўтиш жойлари йўловчилар учун поезднинг бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан ҳаракат таркибининг сиғимини оширади;

 - Йўловчилар салонига ҳар бир томонда тўрттадан бўлган автоматик ва икки қаватли эшиклар ўрнатилган. Эшиклар 12 фоизга кенгайтирилгани сабабли йўловчилар тасодифан қисилиб қолишининг олди олинган;

 - Салондаги ҳароратни ўрнатилган кондиционер, иситиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида жойлашган ва ҳавони ултрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланган;

 - Ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга, йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизими билан таъминланган;

 - Ҳар бир вагон видеокузатув тизими билан жиҳозланган, ҳар бир вагонда шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими ҳам мавжуд;

 - Машинист кабинасида йўллар ҳамда ҳаракатланувчи состав вагонлари эшикларини видеокузатув тизими монитори жойлашган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//