Ёшлар ишлари агентлиги директорига сенатор сўрови юборилди

Сақлаш
15:11 / 25.05.2026 13 0

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова Ёшлар ишлари агентлиги директорига ижтимоий ҳимояга муҳтож вояга етмаган ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда иш билан таъминлаш масалалари юзасидан сенатор сўрови юборди.

 

Хабарга кўра, Қодирхонова ўз сўровида 2026-йил апрель ойи ҳолатига кўра, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларидан 14 638 нафар 16–17 ёшдаги ўсмир оиласига қайтарилгани ҳамда ушбу ёшларнинг 2 671 нафари ID-картага эга эмаслигини қайд этган.

 

Таъкидланишича, оиласи бағрига қайтган ёшларнинг аксариятини ижтимоий ҳимояга муҳтож ва яшаш шароити оғир оилалар фарзандлари ташкил этади. Ушбу оилаларнинг молиявий имконияти чеклангани сабабли айрим вояга етмаганлар ўз вақтида ИД-карта ололмаяпти. Бу эса уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий дастурларга жалб этишда бир қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.

 

Сенатор сўровда амалдаги қонунчиликка мувофиқ Ёшлар ишлари агентлигининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка йўналтириш ва бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалари белгиланганини урғулаган.

 

Шу муносабат билан агентликдан ижтимоий ҳимояга муҳтож вояга етмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ID-картаси мавжуд бўлмаган ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича режалаштирилган чоралар, вояга етмаганлар ишсизлиги сабабларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар, шунингдек, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида асослантирилган маълумот тақдим этиш сўралган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//