Маданият
Шу кунларда Сурхондарё вилоятида давом этаётган “Маънавият фестивали” доирасида юздан ошиқ зиёлилар, қўшиқчи-санъаткорлар, театр ва кино арбоблари иштирокида қатор тадбир, форум ҳамда учрашувлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Термиз давлат университетида бўлиб ўтди. Вилоят мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари учун ташкил этилган “Зиёлилар форуми”ни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берди. Анжуманда таниқли ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар “Маънавият, замонавий тарбия услублари ва аудитория билан ишлашда психологик ёндашиш”, “Омма билан ишлашнинг янгича усул ва методлари, тарғиботчиларнинг нотиқлик маҳорати” мавзуларида маърузалар қилиб, иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб беришди.
Форум давомида “МаърифатЗиё” мобил иловаси ва “Маънавият. Асосий тушунчалар луғати” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Якунда қатнашчиларга сертификат ва китоб жамланмалари топширилди.
Фестивал давомида Сурхондарё аёллари, қизларига алоҳида эътибор қаратилиб, “Шарқ аёли маърифати” тадбирлари ҳамда семинар-тренинглар ўтказиляпти. Уларнинг орзулари, келажак режалари ҳақида суҳбатлашилиб, тавсиялар, йўлланмалар берилмоқда.
Вилоятнинг сўлим гўшаларидан бири ҳисобланадиган Бойсун туманида эса “Миллий қадриятлар” лойиҳаси бўлиб ўтди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари иштирок этган анжуманда воҳанинг кўп йиллик тарихи, кўҳна санъат намуналари, минг йиллик қадриятларига тўхталиб ўтилди.
Айтиш керакки, тадбирлар қаторида ижтимоий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолида китобхонлик маданиятини ошириш, ёш авлодни мутолаага бўлган қизиқишини ўстириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигидаги 5 000 дан зиёд нусхадаги китобларни ўз ичига олган «Китоб карвони» воҳанинг 14 та туманига йўл олди.
Фестивал иштирокчилари Ангор туманида жойлашган “Нурли маскан” мактаб интернатида ҳам бўлишди. “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳаси доирасида болажонлар билан мустақиллик, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, келажак касблари ҳақида суҳбатлашилиб, совғалар улашилди. Шунингдек, лойиҳа давомида Музработ туманидаги Дуоба, Гулобод, Анорзор, Яккатол, Фидокор маҳаллаларида бўлиб, “Темир дафтар”да турувчи оилаларнинг фарзандларига ҳам ўқув қуроллари топширилди.
Шунингдек, маънавият кунлари доирасида “Маърифат соати”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Маърифат улашиб” акциялари, “Меҳр-мурувват ва саховат”, “Маънавият кубоги” тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳар бир учрашувдаги маърифий суҳбатлар, таниқли санъаткорлар томонидан куйланган қадрдон қўшиқлар воҳа аҳлига хуш кайфият улашиб, янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қиляпти.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ