Самарқандда Шавкат Мирзиёев раислигида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади

Сақлаш
20:52 / 12.09.2022 681 0

15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтади. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

 

Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь, Мўғулистон ва Эрон етакчилари иштирок этади.

 

Фахрий меҳмон сифатида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон, шунингдек, БМТ, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.

 

Самарқанд саммитининг кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.

 

Якунда ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва устувор соҳалардаги минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши кутилмоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, бўлажак мажлис ШҲТ етакчиларининг 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг ўтган охирги уч йилда биринчи юзма-юз учрашуви бўлади.

 

Шунингдек, саммит Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигига якун ясайди. Ўтган даврда 80 дан ортиқ йирик тадбир ўтказилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//