Жамият
2022-2023 ўқув йили учун мактаб ўқувчилари ижарага оладиган дарсликлар нархи эълон қилингач, унинг қимматлиги ижтимоий тармоқларда турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баъзилар мактаб дарсликлари бепул бўлиши лозимлиги, бу нарх 3-4 та фарзанди мактабга борадиган оилалар учун оғирлик қилишини айтмоқда. Айримлар эса ўзбек халқи еб-ичиш, қиммат телефон ва бошқа кераксиз нарсаларга пул сарфлашдан оғринмаслиги, бироқ китобга келганда айюханнос солишини таъкидлаяпти.
Норозиликларга сабаб китоблар ижараси ўтган ўқув йилига нисбатан кескин ошиб кетганидир. Биринчи синфлар учун бепул, 2-11 синфлар учун 102 700 сўмдан 119 800 сўмгача этиб белгиланган.
Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2 740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108 фоиз) ошган.
Қайд этилишича, жорий йилда Президент фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарсликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этилмоқда.
Жорий йилда янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60-70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп этиш учун ҳаражатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келган.
“Ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммасини тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллар учун бир хил этиб белгиланади. Ижара тўлови суммасини ота-оналар дарслик тўпламини тўлиқ олгач 1 октябрга қадар амалга оширишлари мумкин”, дейилади вазирлик баёнотида.
Депутат Расул Кушербоев эса китобларни пуллик ижарага бериш Конституцияга зид, деб ҳисоблашини билдирди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади", деб белгиланган.
Ушбу Конституцион норма талабларидан келиб чиқилса давлат умумтаълим мактабларида таълим бериш билан боғлиқ барча жараёнлар бепул ҳисобланади. Бунда дарсликлар билан ўқувчиларни таъминлаш ҳам.
Шу боис, мактабларда дарслик китобларни пуллик ижарага бериш ҳам Конституцияга зид, деб ҳисоблаймиз. Бу бизнинг нуқтаи назаримиз ва уни тўғри, деб ҳисоблаймиз. Бироқ бу борадаги якуний хулосани Конституциявий судимиз билдирганида янада мақсадга мувофиқ иш бўларди, дейди у расмий телеграм каналида.
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ