Ўзбекистон октябрда олтин сотиб олиш бўйича 3-ўринни эгаллади

Сақлаш
17:35 / 03.12.2025 3 0

Ўзбекистон Марказий банки октябрь ойида жаҳон регуляторлари орасида олтиннинг энг йирик харидорларидан бирига айланиб, олтин захирасини 9 тоннага оширди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (Wорлд Gold Council) хабар бермоқда.

 

Жаҳон марказий банклари олтиннинг соф харидини 53 тоннагача оширди, бу сентябрь ойига нисбатан 36 фоизга кўпдир. Бу йил бошидан бери энг юқори ойлик кўрсаткичга айланди.

 

WGC маълумотларига кўра, Ўзбекистон октябрь ойида 9 тонна олтин сотиб олиб, Полша ва Бразилиядан кейин учинчи ўринни эгаллади (уларнинг ҳар бири 16 тоннадан).

 

Индонезия банки 4 тонна, Туркия Марказий банки 3 тонна, Чехия ва Қирғизистон миллий банклари 2 тоннадан, Гана, Хитой, Қозоғистон ва Филиппин банклари 1 тоннадан ортиқ қимматбаҳо металл харид қилди.

 

Захиралар камайгани ҳақида хабар берган ягона марказий банк Россия Марказий банки бўлди (-3 тонна).

 

Йил бошидан октябрь ойигача жаҳон марказий банклари соф кўрсаткичда 254 тонна олтин сотиб олди. Бу аввалги уч йилга нисбатан камроқ, буни WGC таҳлилчилари юқори нархлар таъсири билан изоҳламоқда. Бироқ ривожланаётган мамлакатларнинг барқарор талаби харидларнинг стратегик хусусиятидан далолат беради.

 

WГCънинг таъкидлашича, йиллик сўров натижалари шуни кўрсатадики, Марказий банкларнинг 95 фоизи 2026 йилда дунёдаги олтин захираларининг янада ўсишини кутмоқда.

 

Йил бошидан бери энг йирик харидор Полша Миллий банки бўлиб қолмоқда — 83 тонна. Иккинчи ўринни Қозоғистон эгаллади — 41 тонна. Ўзбекистон бўлса соф савдолар бўйича (10 тоннадан сал кўпроқ) Сингапурдан кейин иккинчи ўринда туради.

 

10 ойда Ўзбекистон рекорд даражадаги 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўпдир. Мамлакат умумий экспортининг 37,1 фоизи олтинга тўғри келади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//