Жамият
Ўзбекистон Президенти 1 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича топшириқлар берди.
Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов «Ўзбекистон 24» телеканалига интервьюсида 2030 йилга бориб чиқинди полигонлари ҳажмини 50 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилганини маълум қилди.
«Аллақачон 47 та полигон рекултивацияланди. Йиғилишда чиқинди деганда нафақат маиший чиқиндилар, балки ишлаб чиқариш чиқиндилари, жумладан, хавфли чиқиндилар ҳам тушунилиши лозимлиги таъкидланди. Тахминан 128 млн тонна шундай чиқинди тўпланган ва уларни қайта ишлаш режалари ҳам ишлаб чиқилган. Чиқинди ёқиш заводлари кунига ўртача 500 тонна чиқиндини қабул қилади, бу эса тўлиқ қайта ишлаш циклини таъминлайди, ноқонуний чиқинди тўкишларни камайтиради ва мавжуд полигонлар юкини енгиллаштиради», – деди раис ўринбосари.
Искандар Қутбиддиновнинг сўзларига кўра, ушбу заводларда ишлаш учун кадрлар Green University билан ҳамкорликда «яшил» техникумларда тайёрланади.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов «Ўзбекистон 24» телеканалига интервьюсида олтита ҳудудда чиқиндини энергияга айлантириш бўйича олтита лойиҳа амалга оширилаётганини, уларнинг умумий сармояси 950 млн долларни ташкил этишини таъкидлади. Бу лойиҳалар ҳозирда 30−40 фоиз бажарилган, 2026 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.
«Президент масъулиятли вазифа топширди – туну кун иш фаолиятини ташкил этиш ва чиқиндилардан хомашё сифатида максимал фойдаланишни таъминлаш. Ҳозирда атиги 3−4 фоиз қайта ишланмоқда, бу жуда кам. Шу боис хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари йўлга қўйилди», – деди Шарифбек Ҳасанов.
Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, авваллари 200 га яқин полигонга ҳар йили 14 млн тоннага яқин чиқинди етказилган.
«Мақсад энди чиқиндихоналар сонини 50 фоизга қисқартириш. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш бўйича барча лойиҳалар ишга тушгач, полигонлар яшил боғ ва паркларга айлантирилади», – дейди Шарифбек Ҳасанов.
Президентга 2024 йил октабр ойида Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2025−2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чиқинди ёқиш заводлари лойиҳалари тақдим этилганди.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Сиёсат
77416
Жамият
56531
Жамият
55718
Жамият
50783
Жамият
//
Изоҳ йўқ