Маданият
“Фан” нашриётида академик Наим Каримовнинг “Усмон Носир” маърифий-биографик романи 1 000 нусхада чоп этилди. Ушбу асар шоирни халққа янада яқинлаштирувчи, унинг ижоди ва шахсиятидаги мавҳум жиҳатларини очиб берувчи ҳикоялардан иборат бўлиб, муаллифнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида яратилган.
Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 10 феврал куни “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини ўрнатиш, кўчаларга номини бериш, илмий-амалий анжуман ўтказиш, “Танланган асарлар” тўплами ҳамда “Усмон Носир замондошлари хотирасида” китобини нашр этиш, ҳужжатли фильм суратга олиш белгиланган. Шунингдек, спектакллар саҳналаштириш, мусиқа асарлари ва қўшиқлар, интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш, оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар эълон қилиш каби чора-тадбирлар назарда тутилган.
Наим Каримовнинг маърифий-биографик романи ҳам Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига ўзига хос туҳфа бўлди. Oyina.uz мухбири муаллиф билан асарнинг яралиш тарихи ҳақида суҳбатлашди.
– 1990-йиллари “Усмон Носир” ва “Усмон Носирнинг сўнгги кунлари” номидаги кичик ҳажмли китобларим чиққан. Ўша пайтда олимларга махфий архивлар эшиги очилиб, қатағон қурбонларига оид ҳужжатларни ўрганишга рухсат берилганди. Мен аввалдан Усмон Носир ҳаёти ва ижодига қизиқиб юрганим боис энг аввал унинг “иш”и билан таниша бошладим. Маълумотлар шу қадар кўплигидан бир кунда ўқиб чиқиш имконсиз эди. Эртаси куни киритмай қўйишларидан қўрқиб, бир кечада қанча мумкин бўлса, шунча ёзиб олгандим. Ана шу ҳужжатлар ва бошқа изланишларим асосида икки рисолам нашр қилинди. Кейин каттароқ, батафсилроқ асар ёзиб чиқармоқчи бўлганимда, айрим кишилар тўсқинлик қилишди.
– Нима сабабдан?
– Усмон Носир нафақат қамоқда, балки ундан аввал ҳам шахсий ҳаётида анча қийинчилик кўрган. Масалан, ўгай отаси унинг бошига солган азоблар, кейинчалик ахлоқида юз кўрсатган иллатлар ҳақида ҳикоя қилиш тўғри эмас деб ҳисобланди. Шу-шу, бу китоб чиқмади.
– Демак, ҳозирги нашрда ўша жиҳатлар қамраб олинган, шундайми?
– Йўқ, рости, янги китобга ҳам кўп маълумотларни киритмадим. Етимликка кўпроқ эътибор қаратилса, ўгай отанинг қариндошларига туҳмат деб талқин қилиниши мумкин. Яна бир жиҳат, шоир қамоққа олингач, калтаклар зарбидан руҳий бузилишлар кузатила бошлаган... Гапнинг қисқаси, Усмон Носирнинг ёрқинроқ томонларини кўпроқ очиб беришни истадим. Лекин воқеаларда бўрттириш ёки ёлғон ишлатмадим.
– Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодини узоқ йиллар ўрганган олим сифатида айтинг-чи, агар шоир ўшанда сургунга учраб, олис ўлкаларда ҳалок бўлмаганида кейинги тақдири қандай кечарди?
– “Усмон Носир ёш кетмаганида Абдулҳамид Чўлпон даражасида ёзган, балки ундан ҳам ўзган бўларди”, деган қарашлар бор. Лекин одам реалист бўлгани маъқул. Усмон Носир бироз машҳурликка эриша бошлагач, ичкиликка ружу қўяди. Оқибатда ўзи билан яқин бўлган кўп шоирлар, айтайлик, Ойбек, Ғафур Ғуломдан узоқлашиб қолган. Ҳатто Ғафур Ғуломни қаттиқ ҳақорат қилади. Шундан сўнг у умрининг охирига қадар Усмон Носир ҳақида яхши гап айтмайди. Биласиз, ичкиликка берилган одамнинг ортга қайтиши қийин, бундан вафот этиши ҳам ҳеч гап эмас... Шунинг учун “Усмон Носир қатағон қилинмаганида генерал шоир бўларди, буюк-буюк асарлар ёзарди”, деган гапни айтишдан ўзимни тияман.
Усмон Носир, ҳақиқатан ҳам, фавқулодда истеъдод эди. Аммо, афсуски, катта салоҳият соҳиблари талантига ишониб, талтайиб кетишади ва Аллоҳ томонидан берилган неъмат меваларини халққа етказиш йўлларини қидиришмайди. Ижод қилолмаслик, аҳлоқан бузилишлар ёки оила ва ижод ўртасида мутаносиблик, уйғунликни тополмаслик... истеъдодининг эрта сўниши, ҳатто ўзининг ёш ўтиб кетишига сабаб бўлади. Бугунги ёшлар бу томонларидан ҳам хулоса чиқариб олишларини истардим.
Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА
Oyina.uz
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ