«Келажак мероси» халқаро мукофоти таъсис этилади

Сақлаш
09:56 / 04.11.2025 10 0

Ўзбекистонда «Келажак мероси» халқаро мукофотини таъсис этилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев тегишли қарор имзолади.

 

Ҳужжатда, Ўзбекистоннинг маданий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг бу борадаги халқаро обрў-эътиборини юксалтиришда қадимий тарихий мерос намуналари, маданий бойликлар, илмий ютуқ ва инновацион ғояларни турли шаклларда, жумладан, илмий, адабий-бадиий, тасвирий йўллар билан фаол тарғиб этиш, уларнинг нафақат бугунги, балки келгуси тараққиётга хизмат қиладиган таъсирчан воситага айлантиришга қаратилган интилиш ва амалий ҳаракатлар бугунги кунда тобора муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилади.

 

Шунга кўра, кенг қамровли жараёнларни Ер юзидаги барча халқлар, жумладан, Ўзбекистон халқининг эзгу орзулари билан боғлаб, адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида юксак натижаларга эришаётган ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига, глобал маданий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур қарор қабул қилинган.

 

Ҳужжат билан «Келажак мероси» халқаро мукофоти (кейинги ўринларда – Халқаро мукофот) учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказиб борилади:

 

- адабиёт;

- маданий мерос;

- театр ва кино;

- мусиқа ва рақс;

- тасвирий ва амалий санъат;

- мода ва дизайн;

- илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.

 

Халқаро мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиб, мукофот тантанали равишда топширилади.

 

«Келажак мероси» халқаро мукофоти кенгаши тузилиб, унинг таркиби ҳамда асосий вазифалари 1- ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқланади. Маданият вазирлиги Кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланади.

 

Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта ичида «Келажак мероси» халқаро мукофоти тўғрисидаги низомини тасдиқлаши белгиланган. Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро мукофотни хорижий мамлакатларда кенг оммалаштиришга ва ғолиб деб топилган чет эллик иштирокчиларнинг мамлакатга таклиф этилишига кўмаклашиб, уларга кириш визаларини, зарур ҳолларда «Тошкент» ва «Самарқанд» халқаро аэропортларида расмийлаштириш таъминланади.

 

Маданият вазирлиги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда Халқаро мукофот, унинг аҳамияти ҳамда ушбу қарор доирасида амалга оширилаётган ишлар кенг ёритиб борилишини ташкил этилади.

 

Халқаро мукофот танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар 2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши белгиланади.

 

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//