Анъаналарни четлаб ўтган ижодий учрашув

Сақлаш
14:41 / 18.10.2021 1164 0

Куни кеча Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда шоир Шуҳрат Ориф ҳамда хонанда Шуҳрат Дарё билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда халқимизнинг севимли ижодкорлари ва китобхон талабалар иштирок этишди. Ижодий учрашувда шоир шеърлари тингланди, хонанда қўшиқларига жўр бўлинди. Шунингдек, учрашувга келган талабалар ҳам  шеърий машқларидан ўқишди, ёш санъаткорлар эса ўз қўшиқларидан куйлаб беришди. Назм ва наво кечаси рақсга уланиб кетди.

Журналист Шарофиддин Тўлаганов ижодий учрашув ҳақда ўз фикрларини билдириб ўтди: “Ижодий учрашувларда асосан кун қаҳрамонлари бўлмиш «кеча эгалари»ига эътибор қаратилади. Бу анъанани Шуҳрат Орифнинг ўзи бузди. У залга қарата 15 ёшида Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганини, шахсан Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг назарига тушганини, шу сабабли бу ерга тўпланганлар нафақат савол беришлари, балки ўз ижодларидан намуналар ўқиб беришлари мумкинлигини айтди. Бундан ёшлар илҳомланиб кетишди шекилли, бирин-кетин ўзларининг шеърларини ўқиб бера бошлашди. Икки соат қандай ўтганини билмай қолибман. Аммо ҳеч кимнинг, ҳатто 60 ёшга яқинлашиб қолган каминанинг ҳам кетгиси йўқ эди”.

Нурхон Элмирзаева, ижодкор: Ҳамшаҳарим Шуҳрат Дарёнинг қўшиқлари ва самимиятини севмайдиган инсон топилмаса керак. Бирор ижроси йўқки эшитаётиб ўтказиб юборсанг. Курсдошим Шуҳрат Ориф нафақат бетакрор, ҳассос ижодкор, оқибатли дўст ҳамдир. Устозларни зиёрат қилиш, бемор яқинлардан хабар олиш, дўстлар йиғинлари, ҳамма-ҳаммасида пешқадам. Бошингизга ташвиш тушганида ҳам югуриб елувчи оқибатли замондош. Икки қадрдонимизнинг бугунги ижодий учрашувларида мен икки карра суюниб, фахрланиб ўтирдим. Шеърият ва санъат мухлисларининг чинакам байрами бўлди.

Учрашувдан сўнг Шуҳрат Ориф “Мен асли одаммас, ёр эдим” номли китобидан мухлисларига туҳфа қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//