Президент шифокорлар болаларга ҳалигача антибиотикларни пала-партиш қўллаб келаётганини танқид қилди

Сақлаш
14:33 / 10.11.2025 7 0

Тошкент давлат тиббиёт университетида Президент ҳамда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари иштирокида ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари соҳада ечимини кутаётган масалаларни очиқ-ойдин гаплашиб олишни таклиф этди.

 

Аввало, аҳоли даромадининг катта қисмини аслида дори-дармонга сарфлаётгани ҳақида гапирилди.

 

«Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7.5 триллион сўм маблағ берилди. Улар минглаб энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими?

 

Мана шу маблағлар, ускуналар ва дори-дармонлар қандай ишлатиляпти? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланиляпти», деди Шавкат Мирзиёев.

 

Шунингдек, рақамлаштириш, хориждан ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш, илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоани шакллантириш бўйича ишламаган марказ, туман, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимларининг келажаги йўқлиги қайд этилди.

 

Қайси маҳаллада, туманда қандай касаллик кўпайган ёки камайганини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали даволаш бўйича аниқ режа билан ишлаш, республика марказлари бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил қилиши, катта-катта маблағ эвазига олиб берилган энг замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани кўрсатиб ўтилди.

 

Президент бу ишларнинг аҳволини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиб берди.

 

Мисол учун, охирги беш йилда ошқозон касалликлари 1.5 баробар қисқарган бўлса-да, Қашқадарё ва Навоийда деярли ўзгариш бўлмаган. Яккабоғда шифокорларга бўлган мурожаатларнинг 33 фоизи, Ғузорда 29 фоизи, Косон ва Миришкорда эса 25 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ.

 

Давлат раҳбари шифокорлар аҳолига, айниқса, болаларга ҳалигача антибиотикларни пала-партиш қўллаб келаётганини танқид қилди. Туманларга тушиб, шифохона ва поликлиникадаги врачларга қайси дори мумкин, қайси бири мумкин эмаслигини ўргатиш ишлари сустлигини айтди.

 

Буйрак касалликларининг улуши Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижонда республика кўрсаткичидан 40-50 фоизга юқорилиги ҳам соҳадаги муаммоларнинг яна бир мисоли сифатида келтириб ўтилди.

 

Мазкур ҳудудларда бу касалликлар йиллар давомида камаймасдан келаётгани Урология маркази ва Нефрология маркази раҳбариятини хавотирга солиши, улар пастга тушиб, буйрак касалликларининг олдини олишни ўргатиши кераклиги таъкидланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//