«Марказлар шахсий мулк эмас, уларнинг барчаси давлатники, халқники!» – Президент

Сақлаш
15:18 / 10.11.2025 5 0

Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтаётган мулоқотда давлат раҳбари ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари масаласига ҳам тўхталди.

 

Шавкат Мирзиёев яқинда Республика онкология маркази раҳбари ишдан олиниб, ўрнига Туркиядан малакали бошқарувчи қўйилганини эслатиб ўтар экан, эндиликда бу марказга Франциянинг дунё тан олган «Густав Русси» клиникасининг клиник протоколларини татбиқ этиш бошланади.

 

«Барча марказ раҳбарлари эшитиб олсин: марказлар шахсий мулк эмас, уларнинг барчаси давлатники, халқники!

 

Ҳар бир марказ раҳбари хулоса чиқариб, ўзига бир йиллик катта режа олиши керак. Улар уч ойда хориждан ҳамкор топиб, ўзи ўзгариш қилади ёки бу ишни уларсиз қиламиз», – деди Президент.

 

Йиғилишда бундан буён 26 та марказ директорлари, вилоят, туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари бир ойлик аниқ режа асосида ишлашга ўтиши таъкидланди.

 

Ушбу раҳбарлар телевидение ва ижтимоий тармоқларда чиқиб, зиммасига олган вазифаларни, қайси касалликлар кўп учраётгани ва уларни қандай камайтиришни аҳолига эълон қилиб боради.

 

Шунингдек, одамларга мурожаат қилиб, соғлиғига эътибор қилиш, тиббий кўрикдан вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни тушунтиради.

 

Марказ раҳбарлари ўз соҳасида энг оғир туман ва маҳаллага боради. Бир ой қолиб, касалликларнинг сабабларини ўрганиб, уларга ечим беради, оилавий поликлиника ва туман шифохоналарининг врачларини касалликни даволашга ўргатади.

 

Вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули эса маҳаллада ўтказилади.

 

«Шунда халқ билан мулоқот пайдо бўлади, одамларимиз бундан рози бўлади, тиббиёт тизимига холис баҳони ўзи беради.

 

Шу ўринда вилоят, туман тиббиёт раҳбарлари ва бош шифокорлар, поликлиника мудирларига мурожаат қилмоқчиман. Улар ўзига савол берсин: бемор шифохона ва поликлиникага келганда қанча вақт сарфлаяпти, олган хизматидан қанчалик кўнгли тўляпти?

 

Мазкур раҳбарлар ўзини беморнинг ўрнига қўйиб, эшикдан бошлаб, врач қабулига кириш учун хонама-хона юрса, рентген, лаборатория, УЗИ, ЭКГ учун бошқа-бошқа қаватга чиқиб-тушса, шунда одамларнинг ҳолатини тушуниб, бу саволга жавоб топади.

 

Шу боис, ҳар бир вилоят, туман тиббиёт раҳбари, бош шифокор ва поликлиника мудири беморга эътиборли бўлиб, дардига шифо излаб келган ҳар бир одамнинг иши тез битиши учун барча шароитларни яратиши шарт!», – деди Президент.

 

Хабарга кўра, туман ва вилоят бош шифокорлари республика марказлари билан тўғридан-тўғри ишлайдиган, интеграциялашган тизим жорий қилиниши белгиланди.

 

Улар ҳудудидаги касалликларнинг тури ва динамикасига қараб, марказларга буюртма беради. Бунда нафақат даволаш усуллари, балки касалликларнинг олдини олиш, шифокорларнинг малакасини ошириш каби аниқ масалаларни қўяди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//