«Бу шармандагарчилик бўлади» – сенатор Сурхондарёда очиладиган музейга босқинчилар номи берилаётганини танқид қилди

Сақлаш
15:09 / 08.08.2022 4712 2

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида очилиши хабар қилинган музейнинг Юнон-Бақтрия тарихи музейи деб номланиши мутлақо нотўғри қарор. Бу ҳақида Сенатнинг 29-ялпи мажлисида Фанлар академияси тарих институти директори, сенатор Азамат Зиёев айтиб ўтди.

 

Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2022 йил 5 июль куни Сурхондарё вилоятида Юнон-Бақтрия тарихи музейи ташкил этилаётгани ҳақида хабар берганди. Сенатор Азамат Зиёев мазкур музейнинг душманга атаб номланиши ақлга сиғмаслигини таъкидлади.

 

«Сурхондарё вилоятида сайёҳликни ривожлантириш масаласи кўтарилди. Матбуотда Бойсун туманида Юнон-Бақтрия музейини очиш ҳақида эълон берилди. Юнон-Бақтрия деган тушунча ғарб олимлари томонидан тўқиб чиқарилган. Хабаримиз бор, юнонлар милоддан олдинги 4-асрда бизнинг юртимизни босиб олган. Талон-торож, бузғунчиликлар қилган. Минглаб одамларимизни ўлдирган. Илмда худду шу даврда бизни юнонлар билан боғлаш бор. Бу табиий. Лекин Юнон-Бақтрия деб музейга ном қўйиш, босқинчини номи билан уларга атаб музей очиш, бу ҳеч қанақа ақлга сиғмайди. Ҳеч қайси бир ақли расо миллат, давлат ўзини босиб олган, ўзини хор қилган душманга атаб музей очмайди. Мен тарихчи сифатида, тарихчилар номидан талаб қиламанки, бунақа ишларни қилишдан олдин маслаҳатлашиб олинса, эртага уятга қолмаймиз. Бу шармандагарчилик бўлади», – деди тарих фанлари доктори.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тарих институти директори Азамат Зиё ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида мазкур музейнинг очилишига қаршилигини билдириб, қуйидагича ёзган эди: 

 

«Мана шундай пайтларда нима дейишингни ҳам билмай қоласан. Ахир юнонлар ғирт босқинчи бўлган-ку! Қайси ақлирасо миллат ва давлат ўз босқинчиларига атаб музей очади?

 

Бу кетишда балки эртага аҳамонийлар ва араблар, индинга мўғуллар ва ўрислар босқинига оид музейлар очилар?! Нималар қиляпмиз ўзи?! 3000 йиллик давлатчилик тарихимизни эндигина юзага чиқариб турган паллада, уни яна улашиш бошланмоқдами», деган сенатор. 

 

Маълумот учун: Азамат Зиёев Сенатнинг аввалги мажлисларидан бирида Ўзбекистон таълим тизимини ҳалигача советча эканини, тизим ҳали ҳам эскича андозалар асосида ишлаб келаётганини танқид қилганди.

2 Изоҳлар

Orif

12:01 / 01.01.1970

Hozi hich kimga hich nimani qizigi bulmay qoldi

Абдуманап Райимов

12:01 / 01.01.1970

Тўппа тўғри Юнонлар босқинчи душман!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//