Сиёсат
Ўзбекистон таълим тизими ҳали ҳам советча андозалар асосида ишлаб келмоқда. Бу ҳақида 28 май куни Сенат ялпи мажлисида Фанлар академияси Тарих институти директори, сенатор Азамат Зиёев айтиб ўтди. Азамат Зиёевнинг таъкидлашича, бугунги ўзбек таълими ўқувчилар онгига энг муҳим билимларни сингдира олмаяпти.
«Токи таълим-тарбия тизимини миллийлик асосида қўймас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Бола 3 ёшда боғчага боради, 18 ёшда мактабни битиради. Яъни 15 йил умри боғча ва мактабда ўтади. Шу 15 йил ичида унинг онгига миллий тарихимиз, тилимиз, адабиётимиз, санъатимиз, мусиқамиз ва географиямизни сингдира олсак, марра бизники. Афсуски, биз бу ишларни қила олмаяпмиз. Буни тан олишимиз керак. Энди-энди киришдик, 5-6 йил бўлди.
Президентимиз Қашқадарёга борганда “Биз кимларнинг тарихини ўрганиб юрибмиз. Ўзимизни ўрганишимиз керак”, деди. Бу гапга қўшиламан. Биз болаларга 9 синфгача фақат ўзимизнинг тарихимизни ўргатайлик, деган таклифни бердик. Йўқ, Халқ таълими (вазирлиги) билан келиша олмаяпмиз. Бизда эскидан қолган ёмон одат бор: бағримиз кенг, ҳамма нарсани сиғдириб юборамиз. Қучоғимизни ҳаммага очиб берамиз. Бўлди, у замонлар ўтди. Шу кунларда дунё кўз ўнгида турган муаммолардан бирини кўриб турибмиз. Нима олдинга чиқяпти деганда юртпарварлик, юртсеварлик эканини кўряпмиз. Биз интернет тезлигини 1000 баробар оширайлик, эртага тарқалаётган ахборотнинг ҳаммасини ўзбекчалаштирайлик, аммо мазмун миллий бўлмаса, буларнинг нима кераги бор? Ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз лозим», деди сенатор.
Азамат Зиёевнинг таъкидлашича, ўзбек таълим тизими советча андозалардан ҳамон қутула олмаган.
«Мактаб дарслигидан жаҳон тарихи ўқитилади ва Римни ўқувчиларга “муқаддас Рим империяси”, деб ўргатилади. Улар учун муқаддас, биз учун эмас. Яъни ҳали ҳам ўша эскича, Европа, Россия нуқтаи назаридан қараш бор. Мен аниқ айтаман: бизнинг таълим тизимимиз ҳалигача советча. Совет даврида шаклланган андозалар, талаблар асосида келяпти. Буни айтишдан уялмаслигимиз керак. Бугунги кунда ўзбек фуқароси ўзи яшаётган маҳалла тарихини билмайди. Қишлоғи, вилоятининг тарихини билмайди. Олдин одам ўзининг динини билиши лозим. Нега бизда дин билан боғлиқ муаммолар кўп? Чунки билмагани учун. Жуда кўп мисоллар келтиришим мумкин.
Сенатимиз ва ҳукуматимизни эътиборини бир нарсага қаратмоқчи эдим, биз хусусий таълимни кўздан қочириб қўйяпмиз. Вилоятларда билмайман қанақа, Тошкентда асосан бу тизим тили рус тилида. Эртага тарбия ҳам шунга ўхшаб боради. Агар бу боғчаларга кимларнинг фарзандлари бораётганини ва улар 10 йил ёки 20-30 йилдан кейин бу жамият бошқарувини қўлга олишини инобатга оладиган бўлсак, биз хавотирга тушишимиз керак. Тўғри, хусусий таълим ишбилармонлик билан боғлиқ. Аммо гап тарбия ҳақида кетяпти. Хусусийми, давлатникими, уни ҳеч қанақа аҳамияти бўлмаслиги керак. Бу масалани жиддий назоратга олишимиз зарур», деди у.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ