Байрам якшанбага тўғри келса, душанба куни дам олиш таклифи маъқулланди

Сақлаш
16:24 / 15.10.2021 1146 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 50 дан ортиқ модда зарур нормалар билан тўлдирилди, 34 та модда, 60 га яқин моддадаги бандлар чиқариб ташланиб, кодекс 5 та янги модда билан тўлдирилди. Қонун лойиҳасидаги чиқариб ташланган моддаларнинг аксарият қисми мазкур қонуннинг тартибга солиш доирасига кирмаслиги, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида коррупцияни келтириб чиқариши туфайлидир.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасида илк бор меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик институтининг жорий этилиши белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, иш берувчи ва ходимлар, уларнинг вакиллик органлари ўртасидаги муносабатларда ўзаро манфаатлар мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада хизмат текшируви жараёнининг жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бу иш берувчи томонидан ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш жараёнида ҳақиқатни, яъни ходимнинг айби бор ёки йўқлигини аниқлаш орқали адолатли қарор қабул қилишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасидаги энг муҳим янгиликлардан яна бири – бу дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгиланяпти. Яъни қонунчиликда белгиланган байрам кунлари якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//