Жамият
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши эмланган талабаларга тўлов-контрактда чегирма берилиш тартиби ҳақида турли хил хабарлар ва муҳокамалар пайдо бўлмоқда. Биламизки, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, юртимиздаги олийгоҳларда таҳсил олаётган ҳамда коронавирус инфекциясига қарши вакцина олган талабаларга 2021–2022 ўқув йили учун базавий тўлов-шартнома суммасига 10 фоиз чегирма белгиланган эди.
Баъзи таълим муассасаларида чегирма бериш давом этаётган бўлса, баъзиларида бундан хабарсиз юрган талабалар, қарор тартиби ҳали ишлаб чиқилмаганини айтаётган таълим муассасалари ҳам йўқ эмас. COVID-19 га қарши ихтиёрий эмланган талабаларга чегирма ҳақида аниқ маълумот бериш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий сайтида ҳам хабар берилган эди.
Шунга қарамай, саволлар йўқ эмас. Тўлов контракт чегирмаси кимлар учун берилмоқда, сиртқи ва кечки таълимдаги талабалар, супер контракт асосида ўқишга кирганлар ҳам бу имтиёздан фойдалана оладими, чегирмадан фойдаланиш учун қаерга учраш ва қандай ҳужжатларни олиб бориш керак каби саволлар кўпайиб бормоқда.
10 фоизли чегирма кимлар учун?
Ҳозирда юртимизда фаолият кўрсатаётган барча давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва коронавирусга қарши вакцина олган талабаларга бир марталик 10 фоизли чегирма бонуси берилмоқда.
Кўпчилик талабалар 10 фоизли бонусни ҳисоблашда ҳам иккиланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида талабалар контрактни стипендиясиз ва стипендияли кўринишида тўлаб келмоқда. Қарорга кўра, коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган (яъни вакцина олган) талабаларга ушбу чегирма стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига қараб белгиланади.
Бундан ташқари, нафақат бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган, сиртқи ёки кечки таълим шаклида ўқиётган талабалар ҳам бемалол 10 фоизли чегирма асосида контракт тўлаши мумкин. Бу имтиёз биз учун эмас, деб иккиланиб юрган супер контракт асосида ўқиётган талабалар ҳам ҳеч иккиланмай чегирмадан фойдаланиши мумкин.
Демак, имтиёз 1 ноябрга қадар вакцина олган қуйидаги талабаларга тааллуқли:
– бакалавриатуранинг барча босқич талабаларига;
– магистратура (килиник ординатура)нинг барча босқич талабаларига;
– кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларида ўқиётган талабаларга;
– жорий ўқув йилида ўқишини кўчириб, супер контракт асосида ўқиш истагини билдирган талабаларга;
– жорий ўқув йилида бакалавриатурада супер контракт асосида ўқиш истагини билдирган талабаларга.
Кўриб турганингиздек, барча тоифадаги талабалар имтиёз билан қамраб олинган.
Чегирмадан неча марта ва қандай фойдаланилади?
Тўлов контракт учун чегирма фақат бир марталик. Кейинги йилларда ушбу имтиёздан талабалар фойдалана олмайди. Бундан ташқари, талабалар чегирма олиш учун 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган бўлиши керак. Ушбу муддат ўтгандан сўнг эмланган ва вакцина олмаган талабалар эса тўлов контрактни чегирмасиз миқдори бўйича тўлаган бўлиши лозим бўлади. Чегирмадан фойдаланиш учун ўқув муассасасининг маркетинг бўлимига учраши ва коронавирусга қарши инфекция олганини тасдиқловчи сертификатни олиб бориши талаб этилади.
Чегирмадан фойдаланишдаги муаммолар
Талабалар учун енгиллик қилиш мақсадидаги қарорнинг ижроси афсуски барча таълим муассасаларида ҳам бирдек олиб борилмаяпти. Ҳуқуқшуноқ Хушнудбек Худойбердиевнинг саҳифасига келиб тушган мурожаатда Қарши давлат университетида ҳам имтиёздан фойдаланишда муаммолар борлиги айтиб ўтилган.
“Коронавирусга қарши вакцина олган талабаларга бериладиган 10 фоизли чегирма бўйича ҳам жойларда етарлича муаммо бор. Ҳалигача бунинг тартиби тасдиқланмади. Юқоридаги хабарда айтилганидек, айрим ОТМларнинг мутасаддилари чегирма берилишидан бехабар ҳам. Бунақа масъулларни бошини қумга тиқиб олган туяқушларга ўхшатаман. Улар ҳеч нарсадан бехабар ёки билса ҳам, “билмадим” деб қутулгиси келади”, дейди Хушнудбек Худойбердиев.
Facebook фойдаланувчиларидан бирининг айтиши бўйича эса Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ҳам ана шундай муаммога дуч келиш мумкин.
Бу каби муаммолар бошқа таълим муассасаларида ҳам учраётган бўлиши мумкин. Вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, талабаларни ўз ҳуқуқларидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслик учун эса қарор тартибини юртимизда фаолият юритаётган университетларга етказиш, айниқса, барча вилоят олий таълим муассасаларида имтиёз ҳақидаги тарғибот ишларини муддат тугагунга қадар олиб бориш лозим. Талабалар ҳам университет янгиликларини доимий кузатиб боришлари, фойдаланишлари мумкин бўлган ҳуқуқларидан бехабар қолиб кетмасликлари керак.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ