Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи Самарқандда якунланди

Сақлаш
02:44 / 16.07.2022 764 0

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Самарқандга ташрифи Ислом Каримов мақбараси зиёратидан бошланди. У давлатимиз раҳбари билан биргаликда мажмуага бориб, Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди.



Туркманистонлик меҳмонлар Мирзо Улуғбек музей-мажмуасини бориб кўрди.



Ушбу мажмуа буюк олим қурдирган расадхона ёнида ташкил этилган. Музей икки зал ва олти бўлимдан иборат. Ундан Мирзо Улуғбек даврига оид юздан зиёд ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбоби ўрин олган.



Буюк бобомизнинг нодир расадхонаси, юксак илму заковати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.



Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Амир Темур мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Бобокалонимиз руҳига Қуръон тиловат қилинди.



Меҳмонларга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, саркардалик маҳорати, улкан давлати ҳақида сўзлаб берилди. Маълумки, Амир Темур ўзи идора қилган ўлкаларда илм, маданият, савдо ва ҳунармандчиликни ривожлантирган, мустаҳкам обидалар қурдирган. Хусусан, ҳозирги Марказий Осиё давлатларида Соҳибқирон бобомизнинг мероси алоҳида қадрланади.



Давлат раҳбарлари Регистон мажмуасига ташриф буюрди.



Мажмуадаги уч муҳташам обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг тарихи ҳақида сўзлаб берилди. Халқимизнинг меъморчилик анъаналари, мадрасалардаги нақшлар ва улардаги маънолар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.



Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов шу ерда эсдалик учун суратга тушди.



Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди.



Кеча давлат раҳбарлари "Кўксарой" қароргоҳида самарали музокаралар ўтказиб, уларда кўп қиррали ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар. Бугун Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрдилар.



Умуман, Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи кун тартибининг кенглиги ва эришилган келишувларнинг аҳамиятига кўра икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очган муҳим воқеа бўлди.



Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни давлатимиз раҳбари кузатиб қўйди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//