Суд бошлангач, у менга телефон қилиб, келишайлик деди – Усмон Азим «Карвон» қўшиғи билан боғлиқ ҳолатга муносабат билдирди

Сақлаш
01:42 / 14.07.2022 1576 0

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим “Mahalla” телеканалидаги «Хушвақт» кўрсатувида хонанда Санжайнинг «Карвон» шеъри матнидан ноқонуний фойдалангани юзасидан муносабат билдирди.

 

– У менга телефон қилиб, Чеченистон санъат арбоби фалончиман, «Карвон» қўшиғини айтмоқчиман, деди. Шу ёшга кириб, унвонини айтиб қўнғироқ қилган одамни биринчи кўришим. Мен «Шерали аканинг хизмати билан у мумтоз қўшиққа айланиб бўлган. Яхши бўлмайди бировнинг боғига тушиш. Сиз яхшиси келинг, шу оҳанг керак бўлса, мен бошқа (шеър) ёзиб берарман», деганман. У йўқ, шуни айтаман, деб туриб олди. Қанақа айтасиз, десам, Олма-отага кетяпман, сиз билан кейин учрашаман, деди.

 

Шоирнинг айтишича, шундан кейин қўшиқни Самарқанддаги тўйда тасодифан эшитиб қолган.

 

– Агар шу қўшиқни эшитиб, лаззатланадиган одамлар бўлса, уларнинг диди бузилган. У (Санжай)нинг «Шерали Жўраев устидан ғалаба қилдим», деган гапини эшитиб, ҳайрон қолдим. Шерали Жўраевни ҳурмат қилолмаган одам ўзбек санъатида бўлиши мумкинми? Агар мен қўшиқчи бўлганимда, Шерали ака «мана бу қўшиғинг бўлмабди», деса, йиртиб ташлардим. Бу одам эса судлашиб юрибди.

 

Усмон Азимнинг маълум қилишича, хонандани муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги судга берган.

 

– Муаллифларни ҳимоя қилиш идорасига аъзоман, судга мен эмас, улар берган. Суд бошлангач, у (Санжай) менга телефон қилиб, келишайлик деди. Энди келишиб бўлмайди, деб жавоб бердим. Бу қўшиқни Усмон Азим ёзмаган, дейишди уятсизларча. Китобларни кўрсатсак, сизлар китобга бостириб олиб келавергансизларда, деган гапларгача айтишди. Истеъдодсизликка қўшилган сурбетлик бу жуда ёмон нарса. У пул менинг обрўйимни туширгани учун ҳукм қилинган. Тангада тўлайман дебди, майли тўласин. Лекин у тўламайди, умр бўйи қочиб юради. Мабодо тўласа, у пул меникимас, Худо берган пул, Худонинг йўлига кетади», деган халқ шоири.

 

Эслатиб ўтамиз, хонанда Санжай «Карвон» шеъри матнидан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг розилигисиз, ноқонуний фойдалангани учун муаллифга 54 млн сўм товон пули ва 40 млн сўм маънавий зарар тўлаши белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//