Мактабларда сунъий интеллект ва стартап хоналарини ташкил этилади

Сақлаш
19:55 / 01.05.2026 11 0

 

Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект ва рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.

 

Қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, АТ хизматлари ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш ҳамда БМТнинг Электрон ҳукумат индексида юртимизни дунёнинг етакчи 30 давлати қаторига киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

 

Шу билан бирга, ҳозирда сунъий интеллект йўналишида 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синов ташаббуслари бошланган. Жумладан, Олмалиқ конь-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикасида сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқариш занжирини реал вақт режимида таҳлил қилиш йўлга қўйилгани натижасида энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга қисқарган, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошган.

 

Тақдимотда тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, солиқ, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид 130 дан зиёд маълумотлар базасини тизимлаштириш, улар билан ишлаш муҳитини шакллантириш ҳамда сунъий интеллект моделларини жорий қилиш режалари кўриб чиқилди.

 

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини қўллашнинг соҳавий йўналишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

Хусусан, соғлиқни сақлашда инсульт ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, тиббий кўрик жараёнларини автоматик баёнлаштириш, рақамли тиббий ёрдамчи дастурларни жорий этиш; қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини прогноз қилиш, фитосанитар хавфлар бўйича фермерларнинг хабардорлигини таъминлаш, яйловларнинг ҳолатини мониторингини уюштириш; транспорт соҳасида йўл қопламалари ва темир йўл инфратузилмасини мониторингини ўтказиш, ҳайдовчини хавфли вазиятлардан огоҳлантириш, “ақлли” транспорт тизимларини ривожлантириш; қурилиш ва саноатда эса қонунбузарликларни аниқлаш, смета ҳужжатларини кўриб чиқиш муддатини қисқартириш, видеотаҳлил орқали ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш каби лойиҳаларни кенгайтириш назарда тутилган.

 

Жорий йилдан бошлаб стартаплар бўйича Президент танловининг мукофот жамғармаси АТ йўналишида 5 миллион долларга оширилгани, сунъий интеллект йўналишида эса 1 миллион долларлик янги танловлар жорий қилингани маълум қилинди. Шунингдек, “Пресидент AI Аwард”ни давлат бошқаруви, саноат ва тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, “яшил иқтисодиёт” ва агротехнологиялар каби 5 йўналишда ташкил этиш таклифи билдирилди.

 

2030 йилгача ахборот технологиялари соҳасида 300 минг ёшнинг бандлигини таъминлашга қаратилган чоралар ҳам кўриб чиқилди.

 

Бундан ташқари, энди мактабларда сунъий интеллект ва стартап хоналарини ташкил этиш таклиф қилинди.

 

Йиғилишда маҳаллий АТ ечимларидан фойдаланишни кенгайтиришга ҳам алоҳида урғу берилди. Давлат иштирокидаги корхоналар ва банклардаги дастурий маҳсулот ва ахборот технологиялари хизматларининг камида 45 фоизини маҳаллийлаштириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

 

Тақдимотда телекоммуникация бозорини ҳар йили камида 10 фоизга ошириб, жорий йилда 27,5 триллион сўмга етказиш режалари кўриб чиқилди.

 

Киберхавфсизликни таъминлаш, давлат ахборот тизимларини интеграция қилиш ва рақамли ҳукумат платформасини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлат ахборот тизимларини фақат ягона рақамли ҳукумат платформаси орқали интеграция қилиш, киберхавфсизлик экспертизасидан ўтмаган тизимларни рақамли ҳукуматга улашни чеклаш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини кучайтириш мақсадида ҳар икки йилда бир марта тўлиқ ИТ-аудит ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//