Хусусий тиббиёт учун 200 млн доллар имтиёзли кредитлар ажратилади

Сақлаш
17:27 / 01.05.2026 11 0

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш, тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган тақдимот билан танишди. 

 

Тақдимотда қайд этилганидек, 2016 йилда 3,2 мингта хусусий клиника фаолият юритган бўлса, 2026 йилда уларнинг сони 8,7 мингтага етиши кутилмоқда. Хусусий тиббиёт йўналишлари 39 тадан 116 тага, ушбу сектордаги койка ўринлари эса 16 мингдан 57 мингтагача кўпайди. Хусусий секторнинг умумий койка фондидаги улуши 12 фоиздан 31 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда.

 

Шу билан бирга, тизимдаги айрим муаммолар ҳам кўрсатиб ўтилди. Жумладан, тиббий хизматлар сифати устидан амалдаги назорат механизмлари етарли даражада самара бермаётгани, лицензиялаш талаблари замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, хусусий клиникалар фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг ягона электрон тизимда шаклланмагани, шунингдек, инвестиция лойиҳалари билан манзилли ишлаш тизими етарли эмаслиги қайд этилди.

 

Маълумот берилишича, тиббий фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ барча вазифалар Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш марказига ўтказилиб, 2026 йил 1 июлдан лицензиялаш тартибларини кучайтириш, бемор хавфсизлиги ва тиббий ёрдам сифатини таъминлашга доир 48 турдаги лицензия талабларининг 14 тасини қайта кўриб чиқилади.

 

Қолаверса, нодавлат тиббиёт ташкилотларига лицензия доирасидаги барча йўналишларда бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат бериш, аккредитациядан ўтган хусусий муассасаларга трансплантация фаолияти билан шуғулланиш имконини тақдим этиш, 2028 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтмаган нодавлат ва республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари билан Суғурта жамғармаси томонидан тиббий хизматларнинг харидини амалга оширмаслик таклиф этилди.

 

2030 йил якунига қадар барча давлат тиббиёт муассасалари босқичма-босқич, хусусан, 2027 йил 1 апрелгача 55 та республика, 2028 йил якунига қадар 413 та ҳудудий ҳамда 2030-йил якунигача 3 мингдан ортиқ туман (шаҳар) давлат тиббиёт ташкилотлари фаолияти мажбурий лицензияланади.

 

Хусусий тиббиётни рағбатлантириш мақсадида олис ҳудудларда янги клиникалар очиш учун 200 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит ресурси ажратилиши, ҳар бир лойиҳа учун 10 йилгача муддатга 10 миллион АҚШ доллардан кредит бериш, асосий ставканинг 50 фоиз қисми учун компенсация механизмини қўллаш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, хорижий мутахассисларга ижтимоий солиқни 1 фоиз этиб белгилаш, тиббий ускуна ва бутловчи қисмлар бўйича божхона имтиёзлари бериш каби енгилликлар таклиф этилди.

 

Тақдимотда айтилишича, тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигини ташкил этилади, инвесторларга консалтинг ва амалий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини профессионал асосда шакллантирилади ва илгари суриш механизмини жорий этилади.

 

Агентликка соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, инвестиция ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига кўмаклашиш, давлат тиббиёт ташкилотларини бошқарувга бериш ваколати берилади ҳамда агентлик таъсисчилигида инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, келишиш ва амалга оширишда кўмаклашувчи акциядорлик жамияти шаклидаги “Health Invest” компанияси ташкил этилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//