Адиблар хиёбонига Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев ва Тоғай Муроднинг ҳам ҳайкалини қўйиш таклиф қилинмоқда.

Сақлаш
18:41 / 07.10.2021 1992 0

 "ХХI asr" ижтимоий-сиёсий газетасининг янги сонида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраевнинг “Тарихий ҳақиқат тикланяпти” мақоласи эълон қилинди.

Унда муаллиф Адиблар хиёбонида мумтоз адабиётимиз намояндаларидан тортиб, замондош ёзувчи-шоирларгача 24 ҳайкал тартиб билан қад ростлаб турганини фахр билан тилга олиб, яқинда наманганлик сайловчилар билан учрашувда президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ушбу хиёбонда ўтюрак шоир Усмон Носир ҳайкали ўрнатилишини эълон қилгани зиёлиларни янада қувонтирганини айтиб ўтган.

Шунингдек, Ашурали Жўраев ўзининг таклифларини ҳам билдиради: “Чиндан ҳам, бундай юксак эъзозга арзийдиган ижодкорларимиз кўп. Оллоҳ халқимизни истеъдодлилардан қисмаган. Бу  муаззам зиёратгоҳ ўзига хос ансамбль сифатида тўлдириб борилар экан, яна қайси устозларимизнинг ҳайкаллари ушбу муҳташам қаторда қўр тўкиб турса, нур устига нур бўлар эди, деган ўй ўтади кўнгилдан. Ва беихтиёр ўзбек адабиётимизда ўзининг мустаҳкам мақоми, нуфузига эга Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод каби сиймолар ҳам кўз ўнгимизда гавдаланади”.  

Журналист фикрларини якунлар экан, ушбу таклифни миллатимиз ойдинлари, ёзувчи ва адабиётшуносларимиз, кўп минг сонли китобхонлар ҳам қўллаб-қувватлашига ишонч билдирган.

Чиндан ҳам юқорида тилга олинган адибларимиз ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси  Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" романи ижодининг ёрқин босқичи сифатида эътирофга сазовор бўлди, бир неча тилларга таржима қилинган. Ва айнан "Улуғбек хазинаси" романи учун Одил Ёқубов Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" рўзномасининг энг кўп адади 1 миллионга етган йиллари Одил Ёқубовнинг бош муҳаррирлиги даврларига тўғри келган эди. Одил Ёқубовнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раислиги уюшманинг мамлакатдаги илк демократик ҳаракатлар бешигига айланишига шароит яратган эди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, кейин “Авлодлар довони” романлари ўзбек тарихий романчилиги ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг асарлари рус, украин, ҳинд, урду, турк, уйғур, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида нашр этилган. “Юлдузли тунлар” романи учун адиб Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

XX аср ўзбек адабиётининг Шукур Холмирзаев ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Ўзбек халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев 45 йиллик  ижодий фаолиятида яратган ҳикоялари ўзбек насрининг дурдоналари қаторидан ўрин олган. У ёзувчилар орасида биринчилардан бўлиб ўзбек халқи тарихининг «босмачилик ҳаракати» деб атаб келинган даврини ўргана бошлаган. Ёзувчининг «Қил кўприк» романи ва «Қора камар» (1987) пьесасида шу мавзу ўз ифодасини топади. 

Тоғай Мурод Абдулла Қодирий номидаги Республика мукофоти совриндори бўлган, 1999 йил унга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони топширилган. “Ойдинда юрган одамлар” қиссаси учун Ойбек номидаги мукофотга сазовор бўлган. 1993 йил “Ёшлик” журналида “Отамдан қолган далалар” романи чоп этилган. Барча газета ва журналларда Тоғай Мурод асарларининг ўзига хос характери ҳақидаги ажойиб тақризлар, мақолалар чоп этилган. Тоғай Мурод Жек Лондоннинг ҳикояларини ва Е.Сетон-Томпсоннинг машҳур “Ёввойи йўрға” китобини ўзбек тилига таржима қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//