Маданият
Жорий йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Германияда нашр этилган “Бобурнома” асарининг немис тилидаги таржимаси ҳамда “Қуёшга интилиб” шеърий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. “Бобурнома” таржимони германиялик олим ва таржимон Хелмут Даловдир.
Айтиш керакки, бугунги кунда “Бобурнома” дунёнинг ўттизга яқин тилига таржима қилинган. “Бобурнома” немис тилига биринчи марта Юлиус Клапрат томонидан 1810 йилда, Кайзер Амадеус томонидан 1828 йилда таржима қилинган бўлиб, улар инглиз тили орқали ўгирилган. Немис тилидаги кейинги анча маълум таржима 1990 йилда Вольфганг Штаммлер томонидан амалга оширилган бўлиб, таржимон “Бобурнома”ни француз тили орқали ўгирган.
Германиянинг Пфорцҳайм шаҳрида фаолият кўрсатаётган тарихчи олим ва таржимон Хелмут Далов эса “Бобурнома”ни ўзбек тилидан ўгирган бўлиб, у Ҳамид Сулаймон тайёрлаган 1970 йилги нашрдан фойдаланган. Китоб Берлин шаҳридаги “ProBusiness” матбаа компанияси томонидан чоп этилган бўлиб, унга немис тарихчиси Мануэлла Даҳо муҳаррирлик қилган. Нашрга Бобур даврига оид 15 та рангли миниатюра суратлари ҳамда ўша даврга оид стратегик аҳамиятга эга бўлган 3 та харита ҳам киритилган.
Китоб таржимоннинг муқаддимаси билан очилади. Унда Хелмут Далов немис китобхонларига Бобур ва бобурийларни таништирар экан, унинг ота томонидан темурийлар сулоласига мансублигини айтади.
Тақдимотда адабий жамоатчиликка таништирилган иккинчи китоб Хельмут Даловнинг “Қуёшга интилиб” деб номланган немис тилидаги тўпламидир. Ундан муаллифнинг Ўзбекистон, унинг табиати, маданияти, урф-одатлари ва одамларига бўлган эҳтироми ва ҳурмати акс этган шеърлари ўрин олган. Тақдимотда иштирок этган таржимонлар, ёзувчи ва шоирлар, шунингдек, бобуршунос олим ва тадқиқотчилар заҳматли меҳнати учун германиялик олимга миннатдорчилик сўзларини билдиришди. Тадбир сўнггида Хелмут Далов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо этиб қабул қилинди ва унга уюшманинг эсдалик совғалари топширилди.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ