“Оламни маҳлиё айлаган диёр!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди

Сақлаш
18:35 / 03.07.2022 1028 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан 2 июль куни пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида “Оламни маҳлиё айлаган диёр!” шиори остида тантанали байрам тадбири ўтказилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Олий Кенгашнинг 1992 йил 2 июлдаги X сессиясида 616-XII-сонли қонун билан тасдиқланган ва ушбу сана ҳар йили халқимиз томонидан кенг нишонлаб келинади.

 

 

Байрам тадбири аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо сўзга чиқиб, мустақиллигимизнинг тимсоли бўлган, эл-юртимизнинг ғурури-ифтихорига айланган гербимизда шонли тарихимиз, бой маънавий-маданий меросимиз, миллий урф-одат ҳамда анъаналаримиз, буюк мақсад, эзгу орзу-интилишларимиз мужассамлигини таъкидлади.

 

 

Давлатимиз гербининг сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари қийғос очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган. Тоғлар, дарёлар ва гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочмоқда. Тамғамизнинг юқори қисмида эркимиз тимсоли сифатида саккизбурчак, унинг ичида эса ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Марказда афсонавий Ҳумо қуши қанот ёзиб турибди. Гербнинг пастки қисмида давлатимиз байроғини ифода этувчи тасмага “O‘zbekiston” деб ёзиб қўйилган.

 

 

Ранглар жилосига ҳам алоҳида эътибор қаратилган: Ҳумо қуши ва дарёлар кумуш рангда; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви олтин рангда. Ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий яшил, чаноқлардаги пахта эса оқ. Тасма давлатимиз байроғининг рангларини акс эттирган. Саккизбурчак олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаворанг, ярим ой ва юлдузлар оқ рангда тасвирланган.

 

 

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Давлат рамзларига ҳурмат мамлакатимизда мактабгача таълим масканлари, мактабларданоқ ёш авлод онгига сингдирилади. Бу эса улғайиб келаётган ўғил-қизларда ўзи туғилиб ўсган юрт тақдири учун дахлдорлик, ватанпарварлик, фидойилик, Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

 

Давлат гербининг 30 йиллигини бутун мамлакатимиз бўйлаб 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ нишонламоқда. Хориждаги ватандошларимиз ҳам ушбу қутлуғ санани ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда тантана қилиб, дунёнинг турли бурчакларидан халқимизга байрам табрикларини йўлламоқда. Юртимиздаги барча ҳарбий қисмлар, ҳарбий билим юртлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот муассасаларида ватанпарварлик тадбирлари ўтказилаётир. Пойтахтимизнинг марказий кўчаларида давлат байроғи ўрнатилган ҳолда “Ватанпарварлик карвони” ташкил этилди. Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳам бўлиб ўтди.

 

 

Аҳоли ўртасида давлат рамзларига ҳурмат руҳини шакллантириш, ватанпарварликни улуғлашга бағишланган “Энг яхши шеър”, “Энг яхши ҳикоя” ва “Энг яхши мақола” танловлари эълон қилинди. “Давлат герби – ифтихор рамзи” мавзусида видероликлар танлови старт олди. Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан юртдошларимизга СМС табриклар йўлланмоқда. “Рангпарда акс этган Ватан туйғуси” мавзусида расмлар танлови ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди. Уларнинг энг сара ижодий ишлари “Оуіna.uz” порталига жойлаштирилди.

 

 

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз герби – Ватанимиз суверенитети рамзи, элимизнинг нафақат азалий умид ва истаклари, балки порлоқ келажаги тимсоли ҳамдир. Шу маънода 30 йиллик байрам тадбирларида фуқароларимиз қалбида ўз Ватанидан ғурурланиш, давлат рамзларига ҳурмат ва ифтихор туйғулари жўш ураётгани, халқимиз ягона мақсад – мамлакатимизни тараққий эттириш, қудратли давлат бунёд қилиш йўлида янада жипслашиб бораётгани яққол кўзга ташланди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//