Илм-фан
Бугунги кунда биз 10 лик тизимга ўрганганмиз, яъни ҳамма нарса 10 сонига асосланган. Лекин вақт масаласида 60 лик тизимдан фойдаланамиз. Хўш нега?
Бунинг тарихи қадимги Месопотамия (ҳозирги Ироқ ҳудуди) халқларига бориб тақалади.
Милоддан аввалги 3000 йилларда яшаган шумерликлар ва кейинчалик бобилликлар математика ва астрономияда жуда илғор бўлишган. Улар учун 60 сони «сеҳрли» ҳисобланган.
Масалан, 60 нинг 10 сонидан устунлиги — унинг кўп сонларга қолдиқсиз бўлинишида. Яъни 60 рақами 1, 2, 3, 4, 5, 6, 10, 12, 15, 20 ва 30 га қолдиқсиз бўлинади. Биз ишлатадиган 10 лик тизим эса фақатгина 1, 2 ва 5 га бўлинади.
Қадимги Месопотамияда ишлаб чиқилган 60 сонига асосланган тизим савдогарлар ва олимлар учун жуда қулай бўлган. Мисол учун, ҳисоб-китобларни юритиш, соатнинг ярми, чораги ёки учдан бирини билдириш, ер майдонларини бўлиш ва солиқларни ҳисоблашда бу тизим осонлик туғдирган.
Астрономияда ҳам худди шундай. Бобилликлар осмон жисмларини кузатиш давомида бир йилни тахминан 360 кун деб ҳисоблашган, яъни доира шаклида. 360 сони эса 60 нинг 6 баробаридир. Улар осмонни ва вақтни бўлакларга ажратишда айнан шу мантиққа таянишган.
Хўш, секунд ва минут қаердан келиб чиқди?
Минут сўзи лотинча «парс minuta прима» сўзидан олинган бўлиб, «биринчи кичик қисм» деган маънони англатади.
Секунд ҳам лотинча сўз бўлиб, «парс minuta secunda» сўзидан олинган. Унинг маъноси «иккинчи кичик қисм» деганидир. Бу минутдан кейинги бўлиниш маъносини беради.
Яна бир қизиқ факт. Бобилликлар ҳам санашда биз каби бармоқларни ишлатган. Аммо бошқачароқ. Улар 60 гача саноқ жараёнида бармоқ бўғинларидан фойдаланишган. Бунда бир қўлнинг бош бармоғи ёрдамида қолган 4 та бармоқдаги 12 та бўғин саналган. Иккинчи қўлнинг 5 та бармоғи эса ҳар бир 12 таликни белгилаш учун хизмат қилган. Якунда 5 та 12 лик йиғиндиси 60 бўлган.
12 ва 24 сонининг вақт ўлчов тизимига кириб келиши ҳам қадимий аждодларга бориб тақалади.
Таъкидланишича, 12 сони табиатнинг ўзидан келиб чиққан. Жумладан, бир йилда тахминан 12 та тўлин ой (ой айланиши) содир бўлади. Бу вақтни бўлаклаш учун энг табиий асос бўлган. Бундан ташқари, бобилликлар ва мисрликларнинг саноқ тизими ҳам 12 рақамига мос келган.
24 сонининг қўзғалмас нуқтага келишида мисрликларнинг ҳиссаси катта. Улар кундузги вақтни 10 та тенг қисмга бўлишган, шунингдек, тонг отиши ва шом тушиши учун яна алоҳида 2 соат ажратишган (жами 12 соат). Бу кундузги вақт учун.
Тунги вақтни ўлчаш учун эса улар «деканлар» деб аталган 12 та юлдуз гуруҳидан фойдаланишган. Ҳар бир юлдуз гуруҳининг чиқиши бир соат деб белгиланган (жами 12 соат).
Унда 24 ва 60 сонлари қандай бирикиб кетди?
Таҳлилларга кўра, бу икки тизимни юнон астрономлари (масалан, Гиппарх ва Птолемей) бирлаштирган. Улар мисрликларнинг 24 соатлик кунини бобилликларнинг 60 лик математик тизими билан омухталаштирган. Натижада биз бугун ишлатадиган 1 соат = 60 минут ва 1 минут = 60 секунд стандарти пайдо бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, 12 — бу табиат (ойлар) ва бармоқ бўғинлари, 24 — мисрликларнинг кундуз ва тун бўлинмаси, 60 эса бобилликларнинг математик ҳисоб-китоб учун қулай рақамидир.
Ҳайратланарли томони шундаки, ҳозирги давр одамлари ўз аждодларига қараганда анча ақлли дея таъкидланса-да, аслида оддийгина вақтни ҳисоблашда ҳамон қадимги аждодларининг ўлчов тизимига эҳтиёж сезмоқда.
Бунинг сабаби шундаки, вақт ўлчови учун мазкур тизим шунчалик мукаммалки, минг йиллар давомида ҳам уни ўзгартиришга эҳтиёж қолмаган. Ҳозир ҳам эҳтиёж йўқ.
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
77813
Жамият
56753
Жамият
55981
Жамият
51043
Жамият
//
Изоҳ йўқ