Бу эътиборни менга эмас, адабиётга, сўзга бўлган эътибор деб қабул қиламан – Назар Эшонқул  

Сақлаш
03:31 / 15.06.2022 1392 0

Назар Эшонқул – замонамизнинг таниқли адиби, моҳир таржимони, фаол сценарийнависидир. Республикамиз бўйлаб турли университетларда ёзувчи билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда. 

 

Жумладан, бугун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ёзувчи таваллудининг 60 йиллигига бағишланган “Ҳозирги адабий жараён масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-назарий анжуман ташкил этилди.    

 

 

Анжуман Ўз ФА ўзбек тили, адабиёти ва фолклор институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Қўқон давлат педагогика университети, Қарши давлат педагогика университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

 

Унда етук олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, талабалар ва ОАВ ходимлари иштирок этди. Анжуман аввалида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Баҳодир Холиқов университет ректори Шуҳрат Сирожиддиновнинг табригини ўқиб эшиттирди:

 

– Сиз ўзбек адабиётига янги нафас, янги руҳ олиб кирдингиз. Мутолаа одамларни эзгуликка чорлайдиган восита деб таъкидладингиз. “Маймун етаклаган одам”, “Шамолни тутиб бўлмайди”, “Қора китоб”, “Момо қўшиқ”, “Ялпиз ҳиди” каби асарларингизда ана шу ҳақиқатларни ёрқин акс эттирдингиз. Сизнинг ҳаёт ҳодисалари инсоннинг ички кечинмаларини таҳлил қилишга асосланган асарларингиз ўзбек адабиётидаги чинакам янгилик сифатида эътибор қозонди. “Мендан менгача”, “Ижод фалсафаси” китобларингиз ҳаёт ва адабиёт тўғрисидаги тасаввурларни сарҳадсиз кенгликларга олиб чиқади. Сизнинг ёзганларингиз инсон тафаккурини қувватлантирадиган, кишиларнинг диди, савиясини юксалтирадиган бебаҳо асарлар сирасига киради. Ижодингизга юксак парвозлар тилаймиз.

 

Шундан сўнг Назар Эшонқулга университет номидан эсдалик совғаси топширилди.

 

 

Анжуман доирасида адибнинг янги асарлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. “Академнашр” нашриёти томонидан чоп этилган “Сайланма”нинг биринчи жилдида Назар Эшонқулнинг ўттиздан ошиқ ҳикоялари, иккинчи жилдида эса роман ва қиссалари ўрин олган. Шунингдек, “Китоб бандаси” тўпламида муаллиф ўзи севиб ўқиган асарларни китобхонларга тавсия қилар экан, уларни чуқур шарҳлаб ўтади. Мазкур янги китоблар ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров батафсил тўхталиб ўтди:

 

 

– Сайланмага кирган 32 та ҳикоя ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлиб улгурган. Романларга келсак, улар илгари нашр қилинмаган, адибнинг 20 йиллик ижодий меҳнати маҳсулидир. Барчамиз севиб ўқиган “Мендан менгача”, “Ижод фалсафаси” асарларининг давоми сифатида – “Китоб бандаси” деган тўплам ҳам яратилибди. Мана шу учта китоб билан Назар Эшонқул ўзининг 60 ёшига қадам қўйди. У 80-йилларда адабиётга “Маймун етаклаган одам” ҳикояси билан кириб келганди. Кейинроқ эса “Шамолни тутиб бўлмайди” ҳикоясини ўқиб, анча пайт талмовсираб юрганман. Мен жаҳон адиблари – Фолкнер, Хемингуэй, Кафка, Сартр, Камю ва бошқаларнинг асарларида шундай маҳорат, инсонпарварлик, янгиликка интилиш, исённи кўргандим. Бизнинг ўзбек адиблари ҳам улар каби ҳаётни шундай синчковлик билан кўра олаётганидан адабиётшунос сифатида қувонаман.

 

 

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг нутқини унинг ўринбосари Ғайрат Мажид йиғилганларга ўқиб эшиттирди ҳамда адибга тўн кийдирди.

 

 

Шундан сўнг адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул адиб ижодига доир “Эврилиш товуши” мавзусида нутқ сўзлади. Тадбирда Туркиядаги Истанбул университети профессорлари ҳам онлайн тарзда иштирок этиб, ёзувчи ижоди ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Назар Эшонқулнинг нафақат адиб, балки моҳир мутаржим эканини таъкидлашди.

 

Анжуманда шунингдек, профессорлар Нурбой Жаббор ва Абдулла Улуғов, филология фанлари докторлари С.Тўлаганова ва З. Қобилованинг ҳам ёзувчи ижоди бўйича маърузалари тингланди. Шундан сўнг Назар Эшонқулга сўз берилди:

 

 

– Бугунги тадбирни Иброҳим Ғофуров, Иброҳим Ҳаққуллар тарбиялаган авлоднинг 60 йиллиги деб қабул қилишингизни сўрардим. Агар улар бўлмаганида сизлар ўқиётган бу китоблар ҳам бўлмасди. Бизнинг маҳсулимиз эса сиз ёшларнинг келгуси ижодий фаолиятингизда акс этади. Бу эътиборни менга эмас, адабиётга, сўзга бўлган эътибор деб қабул қиламан. Минбардаги мақтовли сўзлар эмас, ёзган асарларимни ўқиш орқали ижодим ҳақида тасаввур ва хулосаларга эга бўласиз, деган умиддаман. Мазкур анжуманнинг бошида турган, уюштирганларга раҳмат айтаман.

 

Анжуман сўнггида ташкилотчилар сўзга чиқиб, адибга узоқ умр, сўнмас илҳом ва ижодий зафарлар тилашди.

 

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

oyina.uz 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//