
Илм-фан
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Мафкуравий таҳдидларнинг маънавий жараёнлар ривожига таъсири ва уни олдини олиш механизмлари” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Мазкур илмий-амалий анжуман жамиятдаги маънавий муҳитни таҳлил қилиш, замонавий тарғибот технологиялари ва маънавият соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг ҳолати ҳамда самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, уларнинг ечимларини ишлаб чиқишга қаратилди.
Анжуманда жамият бирдамлигини таъминловчи омиллар, халқпарвар давлат барпо этишда ижтимоий фаол фуқароликнинг ўрнини мустаҳкамлаш, тараққиётга олиб борувчи устувор қадриятларни аҳоли онгига сингдириш ва маънавий муҳитни барқарорлаштириш каби долзарб масалалар юзасидан илмий муҳокамалар ўтказилди.
Конференцияда сўзга чиққан маърузачилар томонидан қўйилган муаммолар ва таклиф этилган ечимлар, ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тарғибот технологиялари бўйича тажриба алмашинувлар, назарий хулосалар билан амалиётни уйғунлаштиришга қаратилган ташаббуслар мамлакатимизда маънавий муҳитни янада яхшилаш ва маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Боту Алимов, Республика Маънавият ва маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари:
– Бугун мафкуралар хилма-хиллиги даврида нима таҳдид-у, нима таҳдид эмаслигини биз қандай қилиб аниқлаймиз? Бундан 50 йил аввал бирор ҳудудга мафкуравий таҳдидларни кириб келмаслиги учун чегара ёпиларди, газета кирмасди. Ҳозирги глобаллашув шароитида интернет орқали турли таҳдидлар кириб келмоқда. Демак, мафкуравий таҳдиднинг асосий майдони сифатида ахборот майдони деб айта оламиз.
Ачинарлиси, мафкуравий таҳдидлар ҳақида очиқ маълумотлар базасида илмий ишлар жуда кам. Маълумки, бу соҳадаги тадқиқотлар ёпиқ тарзда ўтказилган. Мафкуравий таҳдид деганда 20 йил олдин бошқа нарса тушунилган. Ҳозир эса умуман бошқа. Янгиланган конституциянинг 12-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларни хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”, деб белгилган.
Сўнгги 3 йилда сунъий интеллект жуда ривожланди. Турли соҳаларга жорий қилина бошланди. 5 йилдан сўнг сунъий интеллект шу қадар ривожланади-ки реал шахсни генерация қилади. Мана буни ўзи яна бир катта таҳдид.
Интернет, ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кучайиб кетди. Рақамларга эътибор берсак, 2019 йилда қайд этилган кибержиноятларнинг сони 860 га яқин, 2024 йил якунига кўра бу кўрсаткич 58 мингни ташкил этади, ўсиш 68 баробар.
Юқоридаги мисоллар бугун фақат назарий эмас, амалий тадқиқотларга ўтиш кераклигини яна бир бор намоён этади.
Абдухалил Маврулов, тарих фанлари доктори, профессор:
– New York Times газетаси бир экспремент ўтказган. Унда такомиллашишга мойил бўлган соҳалар ҳамда такомиллашишга мойил бўлмаган соҳалар таҳлил қилинган. Такомиллашишга мойил бўлмаган соҳалар орасида ижод аҳли, ўқитувчилар, тарбиячилар бор. Рақамли инқилобни ўзимиз яратяпмизми, технологияни ўзимиз ишлаб чиқяпмизми ундан ортда қолмаслигимиз керак. Аслида, ҳаммамиз тарбиячи. Лекин бизнинг соҳа орқада қолаётганини кўрсатмоқда.
Ривожланишимизга, тўхташимизга халақит қилаётган омилларни санаб ўтсам:
Биринчиси, тафаккурдаги хафсаласизлигимиз. “Мени ўйлайдиган одам бор” деган тушунчанинг устун бўлиши.
Иккинчиси, маънавий ҳаётдаги мудроқлигимиз.
Учинчиси, шахсий ҳаётни жамият ижтимоий ҳаёти билан уйғунлаштиришдаги нўноқлигимиз. Гётенинг бир фикри бор: “Мен одам эдим, одам демак – курашчи демак.” Бундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, курашчи нафс деган иллатдан узоқ бўлиши керак. Унинг асосланмаган фаолияти муваффақиятсизликка олиб келади.
Фарҳод Ҳожиев, “Ўзбекистон 24” телеканали бош муҳаррири:
– Маънавий-маърифий тарғиботни янада кучайтириш, оммавий ахборот воситаларида миллий контент улушини ошириш бўйича ўз таклифларимни билдириб ўтсам. Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”даги қонун мукаммал эмас. Зиёлилар, олимлар таклифлари асосида уни мукаммаллаштиришимиз керак.
Давлат ўз ахборот маконини ҳимоя қилиш ва бошқариш тизимини ишлаб чиқиш керак. Бу осон кечмайди. Баъзи мамлакатларда бу тизим мавжуд. ОАВ да ахборот маҳсулотларини узлуксиз мониторингини ва илмий таҳлилини йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, “Маънавий хавфсизлик” фанини жорий этиш, олий таълимда сифат масаласини тартибга соладиган тизим ишлаб чиқилиши керак. Биз мафкуравий таҳдиддан ҳимояланиш эмас, ҳужумга ўтадиган паллага келдик.
Жамият
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
Сиёсат
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ