Жамият
Ўзбекистон ва Ироқ ёшлар терма жамоалари ўртасидаги футбол учрашуви нафақат мухлисларнинг тошбўрони билан эсда қолди.
Sevimli телеканалининг Zamon янгиликлар дастури веб-сайти ўз ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиши ва уларни ички ишлар органлари вакиллари томонидан калтакланиши ҳақида хабар берди. Материал кейинчалик ўчириб ташланди, бироқ уни Facebook`да сақлаб қўйишга улгуришди.
Хабарда таъкидланишича, телеканал ходимлари турнирнинг барча ўйинларини ёритиш учун аккредитацияга эга бўлган ва ўз вазифасини бажарган. «Бироқ, кечаги ўйин ҳамкасбларимиз учун қимматга тушди», — дейилади хабарда.
21:00 лар атрофида интервью олиш мақсадида ходимлари «Пахтакор» стадионига бориб орган ходимларининг қаршилигига учраган.
Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатнома борлигига қарамасдан журналистларга ходимлар шундай жавоб қайтарган: «Пресса бўлсанг, бизга ***. Биз топшириқни бажарамиз».
Шундан сўнг ижодий гуруҳ киритмагани учун ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган, камерасини тортиб олган, тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган.
Кўз олдида тасвирчини жиноятчилардек олиб кетаётганини кўрган журналист орган ходимларидан қўйиб юборишни талаб қилган. Ходимлар эса унинг ҳам қўлларини қайириб, микрофон ва рухсатномасини тортиб олган, дейилади дастур сайтида.
«Фаолиятим давомида биринчи марта шундай ҳолатга дуч келдим. Чунки конфликтга борадиган одам эмасман. Буни мени яқиндан таниганлар яхши билишади. Очиғи, ўша маҳалда ўзимни жиноятчидек ҳис қилдим. Орган ходимларидан бири дабдурустдан микрофонимга ташланди ва уни кимгадир улоқтирда, қўлимни орқага қайирди. Иккинчиси эса камерамдан маҳкам ушлаб олди», — деб журналистнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда сайт.
«Бир микрафонимга қарайман, бир тасвирчимга. Шу пайт тасвирчимни ерда ётган ҳолатда зарбдан бақираётганига кўзим тушди. 6−7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди. Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим фақат урманглар деб бақира олдим, холос», — деди журналист.
«Бу жараён сониялар ичида содир бўлди-ки, нима бўлаётганини англаб -англамас эдим. Одамлар ОАВ ходимлари тепкиланаётганини тасвирга олаётганди. Кўпчилик олдида изза бўлганимиз, қолди. Қўлларимизни қайириб, Шайхонтохур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди», — дейилади ҳикояда.
«Тасвирчим оғриққа чидолмай, ИИБ коридорида ерда ўтириб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб юборишди. Операторимнинг соғлиги ёмонлашаётганини кўриб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Тиббиёт ходими ИИБда қолдириш ҳавфли эканини, зудлик билан шифохонага олиб кетиш лозимлигини айтди. Шундан сўнг шеригимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди», — деди журналист.
Тасвирчи ҳам воқеа қандай содир бўлганини сўзлаб берди: «Уриб қўлимдаги камерани тортиб олди. Ҳар томонимдан мушт туширди, лекин йиқилмадим. 6−7 киши бир вақтнинг ўзида тепкиларди. Шу пайт улардан бири икки марта кўкрак қисмимга электрошокер текказди. Мен йиқилдим. Қолганини аниқ эслолмайман. Танамдаги оғриқ зўридан нима кўзим олди дам қоронғулашиб, дам хиралашиб… хуллас… Кўзимни очганимда шифохонада эдим».
Мени шифохонага олиб борганда ҳамкасбларим 102 га хабар бериб, ҳолатни тушунтирган. Аммо мана бир суткаки, улардан дарак йўқ. Менику, жоним омон қолди. Бироқ ўрнимда бошқа «кучсизроқ» одам бўлган у зарбларга дош беролмай, ўлиб ҳам қолиши мумкин эди. Бир одамнинг тақдирига шу қадар бефарқ қараладими?", — деди тасвирчи.
Шундан сўнг, тасвирчи касалхонага олиб кетилган, журналист эса камера, штатив, микрафон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган ва «ўзинг ўша ердан оласан» дейишган. Футбол аллақачон тугаб ҳам бўлган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативни олган. Бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмаган.
«Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслини айтган. Давлат раҳбари ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарган, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик дея бонг урилаётган пайтда журналистлар калтакланиб, уларнинг иш қуроллари чирпарчин қилинса, ҳужжатлари димоғдор ИИО ходими оёллари остида хор бўлса… буни қандай изоҳлаш мумкин? Бугунги журналистиканинг асл ҳолати шундайми?», — дейилади хабарда.
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
1 Изоҳ
Rushana Alisherovna
12:01 / 01.01.1970
G'alati emasmi bularning hammasi, odamlarga nima bo'lyapti? O'zbekchiligimizga xosmi shu zo'ravonliklar? Qonun tomonidan ham olib qaraylik, mansabini suiiste'mol qilish emasmi? Chora ko'rilishi kerakmasmikan "vazifasini bajargan" vaxshiylarga?.. OAV xodimlari nega to'liq yoritishmaydi bo'lgan voqealarni, kimni manfaati uchun jim turishibdi?