Маданият
“Кимки кўнгли бузилган бир мазлумнинг додига етса, бунинг савоби вайрон
қилинган Каъбани тузатган билан тенгдир. Бир томонда – “кўнгли бузуғ”
(синиқ) инсон, иккинчи томонда – “вайрон Каъба”. Мана, шоир қандай қадриятларни солиштиради?! Навоийнинг инсонни ҳамма нарсадан муқаддас
ва мушарраф тутганига, барча нарсани унинг хизматига қўйганига, яъни
тенгсиз гуманизмига бундан ортиқ яна қандай далил келтирмоқ мумкин?! Тазоднинг чиройли намунаси бўлган бу қўшмисра ушбу ғазалнинг
шоҳбайтидир. Аслида, ёрдан лутф-марҳамат илинжида айтилган эди, лекин ўз
ҳолича нақадар кенг миқёсли инсонпарварлик мадҳиясига айланган.” Мазкур парча педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошнинг “Юксак туйғуларнинг инжа тасвири” мақоласидан олинган. Ҳазрат Алишер Навоий ижодининг кўлами ҳақидаги мулоҳазаларнинг тўлиқ матни билан “Тил ва адабиёт таълими” журналининг 2026 йил 2-сонида танишинг.
“Айтишларича, ғазаллар шунчалик овоза бўлганки, газета адади тугаб кетганидан кейин ҳатто ксеронусха чиқариб сотганлар. Қозоғистондаги бир нашр ғазалларни “Моҳият”дан кўчириб босган. Одамлар эса кулишиб: “Шоирлари оғиз очмас зинҳор росту ҳақиқатдин / Алалхусус олғонлари ўрдун ўлди, унвон ўлди”; “Демаю қиротиё қани дея аҳли жаҳон ҳайрон мудом / Ҳама нарса бор бизда деб шайтонни-да чатодурсан” каби байтларни айтиб юрган. Шунда Шукрулло домла Баҳром оғага: “Ғазални тузуккина ёзар экансан, нима қиласан ҳеч ким тушунмайдиган, англамайдиган модурун шеърларни?!” дегани ҳангомаларга мавзу бўлган.” “Шоир ким?” рукнида “Оқиб кетгиси келади тошнинг” сарлавҳаси остида Улуғбек Жумаевнинг Баҳром Рўзимуҳаммад ҳаёти ва ижодига “экспедиция”сини ўқийсиз.
“Дунё ёзувларининг аксариятида ХV аср ўрталарида Европа ёзув тизими учун ишлаб чиқилган пунктуация амал қилса-да, ўтган давр мобайнида турли тилларда тиниш белгиларининг шакли, сони, функцияларини белгилашда сезиларли тафовутлар юзага келди. Айни пайтда аксарият ёзувлар, жумладан, ўзбек ёзувининг ҳам таркибий қисми бўлган графемалар – фонографема, просодемографема, логографема, морфографема, сигнализаторлар, орфографик, диакритик, типографик, палеографик белгилар ичидан фақат ўнтаси тиниш белгиси сифатида тан олинади.” Қарши давлат университети профессори, филология фанлари доктори Башорат Баҳриддинованинг рақамли инқилоб шароитида тиниш белгилар билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз борган “Ўзбек рақамли тилшунослиги ва пунктуация муаммолари” мақоласини мазкур сонда ўқийсиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Миллий бадиий дискурсларда “жиноят” ва “адолат” концептосфераларининг лингвомаданий хусусиятлари” (Солижон Азизов), “Машқнинг топшириқдан фарқи” (Ғофир Ҳамроев), “Комикслар эволюцияси: иммигрантлар, “Сариқ бола” ва матбуот урушлари” (Гулноза Нажмиддинова) мақолалари ҳамда “Ҳудудлардаги таълим муассасаларига ташриф” янгиликларини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, рус тили бўлимида “Мой труд! Найди к душе народной путь...” (Гулнора Мансурова, Симела Абдуллаева), “След времени и сила слова в поэзии Зульфии” (Тимур Алимов), “Лингвистический “баскетбол” в работе по усвоению способов подчинительной связи в словосочетании” (Ирина Чергинская), “Лингвокультурные аспекты использования градуонимов в испанских и узбекских народных пословицах” (Шоира Ташниёзова), “Иду вперед и песни я слагаю…” (к 155-летию со дня рождения Леси Украинки)” (Анатолий Лиходзиевский) каби мақолалар ўрин олган.
“Лицейда ўқиётганимизда Босим домла деган кекса муаллим бўларди, ётоқхонада яшайдиган ўқувчиларни емоқ-ичмоғидан сўраштириб юрарди. Уруш йиллари Самарқандда таҳсил олгани, бир ўқитувчиси оч-наҳор талабаларни уйига чорлаб, оиласининг кунлик насибасини улар билан бўлишганини кўзлари чақнаб сўзлар, ўша ярим коса маставанинг мазасини эслаб тамшаниб ҳам қўярди. Бу ерда гап, тушуниб турибсиз, қорин ғамида эмас. Қиссадан ҳисса, яхшилик силсиласи ўзига келиб кесилишини истамасди домла. Ҳозир эса энг камида бир шогирди унинг ишини давом эттиряпти...” “Муҳаррир минбари”дан олинган Фаррух Жабборбекнинг ушбу мулоҳазасини журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Тил ва адабиёт таълими”ни мутолаа қилинг, инсоният олдидаги ижтимоий бурчларингизда собит бўлинг, яхшилик силсиласининг давом этишига ҳисса қўшинг.
Маданият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
77946
Жамият
56846
Жамият
56077
Жамият
51124
Жамият
//
Изоҳ йўқ