Хонанданинг Ўзбекистон халқ шоирига қилган ҳурматсизлиги зиёлиларнинг кескин танқидига сабаб бўлмоқда

Сақлаш
02:15 / 11.06.2022 5491 4

Хонанда Санжай Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга товон пулини тангада тўламоқчи экани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат ўзбек зиёлилари томонидан кескин танқидга учради. Хусусан, “Дўстлик” ордени соҳиби Шодмонқул Саломнинг фикрича, хонанда бу йўл билан ижодкорни ва миллий валютамизни камситмоқда.

 

“Гўёки, ҳаммаси қонунийдек! Бироқ Санжай шоирни масхаралаш йўлини тутди. Имкони бўлса, даъвосидан воз кечишини истаяпти. Акс ҳолда, бундай қилмасди. Менга таъсир этган нарса эса, катта бир шоирнинг шеърини, машҳур қўшиқни ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олиб, тағин жарима пулини тангада тўлашни тўғри деб билаётган Санжайнинг халққа, жамият кишиларига, айниқса, эндигина ҳаётга кириб келаётган ёшлар онгига ёмон таъсир қилишини кўриб-билиб туриб жим юрганимиздир”, деб ёзади  у.

 

Муаллиф Усмон Азимнинг ўзбек адабиётида бугун пайдо бўлмаганини, у сабаб ўзбек халқи кўплаб маънавий бойликларга эга бўлганини таъкидлайди.

 

“Ахир, Усмон Азим деган ном адабиётда пайдо бўлганига роса ярим аср вақт бўлди. Унинг шеърияти миллат маънавий иқлимини янги йўлга буриб юборди. Бу шеърият қанчадан-қанча шоирлар авлодига асос бўлди. Унинг адабиётга берган шиддатли тўлқини кўплаб шоирларнинг майдонга чиқишида катта роль ўйнади.

 

Драматургия соҳасида Усмон Азим яратган пьесалар неча ўн йилларки, мана шу халқ фарзандлари учун маънавий маёқдек хизмат қилиб келаётир. Улуғ ватандошларимиз Ҳаким Термизий, Амир Темур, Чўлпон, Ойбек, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев образларининг қайта жонланиши маънавий бойлик бўлмай нима? Достони бор халқ сифатида бизнинг кўксимизни кўтариб турган Алпомиш образи айнан шу фидойи инсоннинг хизмати сабабли қайтадан ҳаётимизга кириб келди. Алпомишни, миллий ғурурни қайтариб берди бу шоир. Унинг прозаси эса алоҳида мавзу”.

 

Шодмонқул Салом тегишли ташкилотларни хонандага чора кўришга чақирган.

 

“Халқнинг суянадиган бир атоқли шоири, жаҳон шеъриятида ўз ўрнига эга сўз устасининг шеърини билганича куйга солиб, билганича талқин этиб, яна тағин масхаралашдек уятсиз ишни қилиб турган Санжайга чора кўрадиган ташкилотлар нега жим турганига ҳайронман.

 

Мамлакат раҳбари қарийб ҳар бир чиқишида МАЪНАВИЯТ дея бонг ураётган, миллат болаларини оммавий бетамизликдан асраб қолишга ундаётган бир пайтда бу юзсизликни қандай баҳолаш керак? Санжайнинг миллий валютага ҳурматсизлигини ҳам, маънавий асосларга қилган ҳурматсизлигини ҳам қиёслаб ўрганадиган, жавобгарликка тортадиган қонуний бандлар наҳотки бўлмаса...

 

Ким қандай қабул қилади, билмайман. Аммо миллат ўз улуғларини таниши керак. Акс ҳолда, олий мақсадлардан тобора узоқлашиб кетаверамиз. Устоз шоирни, адабиётнинг бугунги кундаги тирик бир хазинасини ҳар кўринган кимса талаб кетаверишига йўл очиб бериш, бизнинг маънавий инқирозимиздир”, деган у.

 

4 Изоҳлар

Sayyid akbarxon

12:01 / 01.01.1970

Jigar, Sanjay pulni Mibga beradi. Mib busa pulni elektron qilib usmon akaga utqazib beradi. Bu qonuniy javob

Barno Kamiljonovna Bekiyeva

12:01 / 01.01.1970

sening she'ring bir tiyin demoqchimi bu "artist"

Bahodir

12:01 / 01.01.1970

Bu yerda davlat soʻmini qadrsiz qilayotgani yoʻq. Sanjay birovning mulkiga daxl qilib, jarimaga kelganda nega ataylab oʻzida yoʻq tangalarni yigʻayapti? Maqsad ijodkorni ustidan kulish. Agar niyati toʻgʻri boʻlsa, qoʻlida nechadir mln soʻm tangasi bor boʻlsa, oʻshani va qolgan qismga pul berardi. Ammo u video olib xalqqa ovoza qilib ijodkorga nisbatan xusumatini ochiq namoyon qildi. Bizning odamlarimiz xalqiga 100 yillab xizmat qiladigan asl farzandlarini emas bugun aytgan qoʻshigʻini 1 oydan keyin hech kim eshitmaydigan artistlarni yonini oladi, oʻshalarni qoʻllab-quvvatlaydi.

Behruz

12:01 / 01.01.1970

Bu "aqilli" Kim o'zicha? Tanga ham davlatni puli, davlat pulini mensimaslim mumkin emas. Milliy valyutaga hurmatsizlikni Sanjay qilayotgani yo'q. Yokida sud tovon pulini dollarda yoki so'mda berasan deb shart qo'yganmi? Istagan shaklda to'lashi mumkin. Shunga ham kimdir chora ko'rishi shart emas...

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//