Фарғонада Президент ташаббуси билан ўтказилган иншолар танлови ғолиблари аниқланди

Сақлаш
19:42 / 06.06.2022 977 0

Хабарингиз бор, 30 майдан буён Фарғона вилоятида таниқли ёзувчилар, шоирлар, киноижодкорлар ва санъаткорлар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. 

 

Мазкур тадбирлар доирасида Кинематография агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Фарғона вилояти умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида намойиш этилган кинофильмлар бўйича “Фильм қаҳрамонларидан ўрнак оламиз” мавзусида иншолар танлови ҳам ўтказилди.

 

 

Танлов 3 босқичда, 8-11 синфлар ўртасида ташкил этилиб, унда 2850 та умумтаълим мактабининг 176 мингдан зиёд ўқувчилари иштирок этди. Туман бўйича ғолиб бўлган 56 нафар ўқувчи вилоят босқичида қатнашди ва қуйида иштирокчилар ғолиб деб топилди:

 

1-ўрин  Муҳсинова Муслимахон;

2-ўрин  Абдуқаҳҳорова Моҳизар;

3-ўрин  Авазбекова Моҳирахон.

 

– Танловда иштирок этганимдан ва айниқса, ўзим яхши кўрган шоир Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм ҳақида иншо ёзганимдан жуда ҳам хурсандман. Якуний босқичда халқимиз суйган машҳур киноактёрлар қўлидан диплом ва совғаларни олганимиз ҳам қалбимизда унутилмас таассурот қолдирди. Мана шундай танловлар кўпроқ ўтказилсин, – дея ўз таассуротларини улашди биринчи ўрин соҳибаси Муслимахон Муҳсинова.

 

 

Фарғонада таниқли санъаткорлар ва бошқа ижод вакиллари иштирокидаги барча тадбирлар кўтаринки руҳда ўтмоқда. Фильм қаҳрамонларидан ўрнак оламиз мавзусидаги иншолар танлови Фарғонада ҳам аъло даражада ташкил этилди ва шаффофлик асосида бўлиб ўтди. Мен ўқувчилардаги миллий кино санъатига бўлган қизиқишни, муҳаббатни кўриб қувониб кетдим. Танловда фаол иштирок этган барча ўқувчилар ўйлайманки, келажакда танлаган соҳаларида етук мутахассислар бўлиб етишишади ва миллий фильмларимизни доим севиб томоша қилишади, деди Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова.

 

 

 

Фарғона вилоятининг барча умумтаълим мактабларини қамраб олган иншолар танлови энг асосийси, ўқувчилардаги дунёқарашни, кино санъатига бўлган муносабатни ва мустақил фикрлай олиш қобилиятини баҳолаб берди. Якунлаш босқичида менинг режиссёрлигимда суратга олинган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳақида “Тирик сайёра” ҳужжатли фильми ҳақида ўқувчилар иншолар ёзишди, бундан фахрланиб кетдим. Иншолар танлови анъанага айланиб қолди, келгусида бошқа вилоятларда ҳам мана шундай кўтаринки руҳда ўтказамиз, деган ниятдаман, дея сўзлади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдуҳалил Мигноров.

 

Танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, якуний босқичда иштирок этган барча ўқувчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//