Қашқадарёда 18 ёш йигит ҳарбий хизмат вақтида вафот этди

Сақлаш
20:53 / 03.06.2022 982 0

«Kun.uz» нашрида «Икки ой олдин армияга кузатилган йигит юрак хуружидан ўлгани айтилмоқда, марҳумнинг яқинлари бунга ишонмаяпти» сарлавҳали хабар эълон қилинди. Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

 

Қайд этилишча, Қарши шаҳридаги ҳарбий қисмда хизматни ўтаган муддатли ҳарбий хизматчининг вафот этганлиги ҳолати юзасидан бугунги кунда Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. “Мазкур ҳолат натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинади”, дейилади унда.

 

Kun.uz нашрида келтирилишича, “Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига “юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган”.

 

Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. “Ўлимининг сабаби сифатида юраги, ўпкасида касали борлиги, яна беш-олтита касаллар келтирилмоқда. Булар икки ой ичида пайдо бўладиган касалликлар эмас. Агар унда олдиндан шу касалликлар бўлганида туман мудофаа ишлари бўлимидагилар уни хизматга жўнатишмасди. Аввал ўзимизнинг туманда, кейин вилоятда тиббий кўрикдан ўтди. Ҳамма текширувлари яхши чиқди.

Аскар йигитнинг отаси Ринат Саулетовнинг айтишича, марҳум фарзандининг жасадида моматалоқ излари бор. Шунингдек, ота ўғлининг қовурға суяклари синганини ҳам айтмоқда. Бироқ ўлим ҳақидаги тиббий маълумотномада булар ҳақида маълумот йўқ.

 

Марҳум 28 май куни онаси билан қўнғироқлашган ва “икки кундан бери командирлари урмаётгани” ҳақида хурсанд бўлиб гапириб берган. Маълум бўлишича, Руслан командирлар калтаклаётгани ҳақида аввал ҳам онасига айтган, шунингдек, ҳарбий қасамёд қабул қилганда уни кўришга борган отасига ҳам гап орасида бу ҳақда айтган.

 

Бироқ ўзи ҳам ҳарбий хизмат машаққатларини бошдан кечирган ота ўғлига: “Айб ўзингдадир, бекордан бекор уришмаса керак”, деганидан сўнг бу мавзу ёпилганини эслайди. Ота-онанинг тахминича, фарзандларининг жасадидаги моматалоқ излари айнан калтаклашлардан қолган ва улар Русланнинг вафотига шу нарса сабаб бўлган деб ўйлашмоқда.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//